Ўзбекистон | 09:17 / 14.05.2021
4623
2 дақиқада ўқилади

Туризм соҳасида байрам муносабати билан чегирмалар эълон қилинди

Фото: KUN.UZ

Президентнинг «2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармони ҳамда «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори билан 13 май куни Рамазон ҳайити байрами муносабати билан мамлакатда 13-14-15 май кунлари қўшимча дам олиш кунлари этиб белгилангани муносабати билан туризм соҳаси вакиллари томонидан турли чегирмалар эълон қилинди.

Туризм ва спорт вазирлиги хабарига кўра, 13-14-15 майда аҳолининг дам олиш кунларини мароқли ташкил этиш, ички туризм йўналишида саёҳатларга жалб этиш мақсадида, туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ташаббуси билан республикадаги 237та меҳмонхона ва меҳмон уйи хизматлари учун 3-40 фоизгача ҳамда 141та умумий овқатланиш жойидаги хизматларга 5-43 фоизгача ихтиёрий чегирмалар жорий этилди.

Туризм масканларига кириш чипталари учун (зиёратгоҳ, маданий мерос объектлари, музей ва бошқа) 46та маданий мерос объектига (44тасида 30 фоизгача чегирма, 2 тасига кириш бепул), 33та музейга кириш учун (19тасида 30 фоизгача чегирма, 12тасига кириш бепул) имтиёзлар белгиланган.

“Шу ўринда фуқароларимизга саёҳат давомида хавфсизлик ва саломатлигини асраш ҳамда санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда, аҳоли гавжум ва жамоат жойларида, умумий овқатланиш объектларида (ресторан, кафе, ошхона, чойхона), шунингдек, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари ва туризм масканлари (музейлар, зиёратгоҳлар ва савдо мажмуалари)да ижтимоий масофани сақлаш зарурлигини эслатиб ўтамиз”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид