Ўзбекистон | 08:42 / 29.06.2021
1804
2 дақиқада ўқилади

Навоийда йилнинг ўтган муддатида 32 киши автоҳалокатдан вафот этган

2021 йилнинг ўтган даврида вилоят ҳудудида 97та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Оқибатда 78 киши жароҳатланган, 32 киши эса вафот этган. Бу ҳақда Kun.uz'га Навоий вилояти ИИБ ЙХҲБ ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу автоҳалокатларнинг 21 тасига тезликни ошириш, 6 тасига машинани маст ҳолатда бошқариш, 3 тасига бошқарув пайтида ухлаб қолиш, 5 тасига қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш, 12 тасига пиёдага йўл бермаслик, 3 тасига светофор ишораларига амал қилмаслик сабаб бўлган. 7 та автоҳалокат эса бевосита пиёдаларнинг айби билан юзага келганлиги аниқланган. 

«Афсуски, тезликни ошириш, пиёдаларга йўл бермаслик, велосипедчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари кўп учраяпти. Шу сабабли, ҳудудларда тушунтириш ишлари олиб борилиб, велосипедчиларга 750 дона нур қайтарувчи нимчалар, 5 120 дона буклет ва 3 150 дона эслатма тарқатилди», — дейди Навоий вилояти ИИБ ЙХҲБ ахборот хизмати раҳбари Фарруҳ Якубов.

2021 йил 27 июнь куни Навоийда ухлаб қолган ҳайдовчи содир этган ЙТҲда унинг ўзи ва отаси вафот этганди.

Мавзуга оид