Жаҳон | 22:11 / 16.07.2021
19267
8 дақиқада ўқилади

Коронадайжест: Россия ва Литва – ортиқча ўлимлар сони бўйича етакчи

Катта тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, коронавирус кўп ҳолларда ҳатто ёшларда ҳам буйрак, ўпка ва юрак фаолиятида асоратлар келтириб чиқаради; британлар оммавий равишда ковидга қарши иловаларни ўчиришмоқда; Россия ва Литва пандемиянинг биринчи йилида ортиқча ўлимлар сони бўйича дунёда етакчи бўлди.

Фото: TASS/GETTY IMAGES

Сайёра бўйича коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони пандемия бошидан буён 190 млн кишига етган. Бу даврда 4 миллиондан ортиқ киши вирус қурбони бўлган. Бутун дунё бўйича эмланганлар сони 3,7 млрд кишини ташкил этмоқда, вакциналарнинг барча дозаларини қабул қилиб, тўлиқ эмланганлар сони эса - бир миллиард атрофида.

Ковид ёшларнинг буйрагига зарба беради

Коронавирус нафақат кекса ёшлилар, катта эҳтимол билан барча ёш тоифасидагиларнинг соғлигига жиддий таъсир кўрсатади: олимларнинг ҳисоблашича, Британияда ковидга чалиниб, шифохоналарга ётқизилган 50 ёшгача бўлган беморларнинг 40 фоизида буйрак ва бошқа органлар фаолиятида муаммолар юзага келган.

Британиянинг еттита университети ва соғлиқни сақлаш давлат департаменти мутахассислари мамлакатдаги уч юздан ортиқ шифохоналарида даволанган 73 минг беморнинг касаллик тарихларини ўрганиб чиқишган ва 19 ёшдан 49 ёшгача бўлган ҳар 10 беморнинг 4 нафарида буйрак, ўпка, юрак ва бошқа ички органларда асоратлар кузатилганини аниқлашган.

«Хулоса шуки, ковид - фақат кексалар ва кучсиз одамлар касаллиги эмас. Бу маълумотлар тасдиқлайдики, ҳатто ёшлар ҳам, коронавирусга чалиниб шифохонага тушишса, бу асоратлардан қийналишади, уларнинг кўп қисми кейин ҳам доимий кузатувда ва даволанишда бўлишади», деган тадқиқотга раҳбарлик қилган профессор Калум Семпл.

Ўтган йилги биринчи тўлқин вақтида касалликка чалинган барча ёш тоифадаги беморларнинг тарихларини ўрганган тадқиқотчи олимлар кутилганидек бундай асоратлар хавфи 50 ёшга яқинлашган беморларда жуда юқорилигини айтишган, аммо бошқа ёш тоифаларидаги беморларда ҳам риск кам эмас: 40-49 ёшлиларда 44 фоиз, 30-39 ёшлиларда 37 фоиз.

Коронавирус энг кўп буйракка шикаст етказади, бу борада кейинги ўринларда ўпка ва юрак жойлашган.

Россия ва Литва - ортиқча ўлимлар бўйича етакчи

Россия ва Литва пандемиянинг биринчи йилида ортиқча ўлимлар сони бўйича етакчи ўринларда қайд этилди - италиялик олимлар бир неча ўн мамлакатдаги маълумотларни таҳлил қилишган. Россияда расман коронавирус туфайли қайд этилган ўлимлар сони билан барча «ортиқча» ўлимлар сони ўртасидаги фарқ - 300 мингдан ортиқни ташкил этган.

  • Ортиқча ўлимлар сони — бирорта ҳудудда маълум бир давр ичида ўлим даражасининг ўртача бир неча йиллик кўрсаткичдан оғиши. Одатда эпидемия ёки табиий офатлар сабабли.

Натижалари жума куни эълон қилинган тадқиқот давомида Болонья университети олимлари жамоаси 67 давлатнинг 2020 йил бўйича маълумотларини ҳисоблашган.

Олимлар сўнгги «тинч» йиллардаги маълумотларга асосланган ҳолда 2020 йилда кутилган ўлим кўрсаткичларини ҳисоблашган ва уни пандемиянинг биринчи йилида рўй берган ҳақиқий ўлим кўрсаткичлари ва коронавирус қурбонлари сони билан таққослашган.

Солиштирма ортиқча ўлим кўрсаткичлари бўйича Россия учинчи ўринда - 100 минг аҳолига 244 ўлим. Италияликларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йил охирига келиб Россияда жами «ортиқча» ўлимлар 357 мингни ташкил этган ва Россия ҳукумати шундан 56 минг ўлимни расман ковид билан боғлаган. Фарқ эса - 300 мингдан ортиқ.

Биринчи ўриндаги Перуда итальянлар ҳар 100 минг кишига 256,6та ортиқча ўлим ҳисоблашган, Европада бу борада Болгария биринчи ўринда - ҳар 100 минг кишига 249та ортиқча ўлим тўғри келади; Шимолий Македонияда бу борадаги кўрсаткичлар Россияники билан деярли бир хил, кейинроқ Эквадор жойлашган, олтинчи ўринни эса Литва эгаллаган: ҳар 100 минг кишига 217та ортиқча ўлим, шундан фақат учдан бир қисмидан камроғи ковид туфайли ўлимлар сифатида рўйхатга олинган.

Британияда ўтган йили 82,5 минг ортиқча ўлим кузатилган (100 минг кишига 121,6), шулардан фақат 11 минг киши коронавирус ўлимлари қайдига киритилмаган; Украинада 40 мингдан ортиқроқ ортиқча ўлим ҳисобланган (100 минг кишига 90,6), шундан тахминан ярми ковид статистикасига киритилган.

Кўплаб давлатларда ҳақиқий ортиқча ўлимлар сони коронавирусдан вафот этганлар сонидан катта фарқ қилмоқда (айримларида аксинча), бу янгилик ҳам эмас, лекин италиялик олимларнинг иши шуниси билан қадрлики, маълумотлар бирлаштирилди.

«Бу таққослаш [...] турли давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизимларининг инқирозли вазиятларда одамларни тест қилиш ва коронавирус бўйича ташхислаш қобилияти турлича эканини кўрсатиб берди», дея хулосалайди Болонья университети жамоаси.

Италиялик олимлар тадқиқотидаги 67 давлат қаторида Осиёнинг Ҳиндистон, Хитой, Индонезия, Покистон, Бангладеш каби аҳолиси кўп давлатлари кирмаган, бундан ташқари, ушбу тадқиқот Африканинг бирор давлатини қамраб олмаган.

Антиковид иловалар британларнинг ғазабини қўзитмоқда
Британиядаги Test&Trace («тест қилиш ва кузатиш») иловаси сўнгги ҳафта давомида, Англияда локдаун тўлиқ бекор қилиниши арафасида ярим миллиондан ортиқ одамга уйда ўтириш ҳақида кўрсатма юборди ва британияликларнинг жонига тегди, айниқса ёшлар бу иловани смартфонларидан ўчиришга киришишди.

Сўнгги ҳафтада фойдаланувчи коронавирус ташувчиси яқинидан ўтган-ўтмагани ҳақида маълумот берувчи Test&Trace иловаси рекорд даражада - 520 минг кишига ўзини иҳоталаш бўйича тавсия юборган, бу эса аввалги ҳафтадагидан 1,5 баравар кўпроқ.

Адам Смит таҳлил институтининг маълумотига кўра, агар бундай хабар олганларнинг барчаси кўрсатмани бажаришса, кейинги ҳафтада уйда ўтиришга мажбур бўладиган британияликлар сони 2,6 миллионга етади. Аммо аслида қанча британияликлар бу иловага қараб иш тутаётганини персонал маълумотлари махфий сақланиши туфайли аниқлаш имконсиз.

Билдиришномалар оммавий юборилиши аллақачон қўшимча муаммоларни келтириб чиқарган: йўловчи транспортлари рейслари бекор қилиниши, бир қанча заводлар вақтинча ёпилиши, персонал етишмаслиги туфайли Ҳитроу аэропортида навбатлар ҳосил бўлиши ва ҳатто Netflix сериали съёмкаси тўхтатилиши.

Guardian газетаси Savanta ComRes компаниясига Test&Trace мавзуси бўйича буюртма берган ва унда 18 ёшдан 34 ёшгача бўлган фойдаланувчиларнинг учдан бир қисми бу иловани ўчириб ташлагани маълум бўлган, яна бир қисми эса яқин кунларда шундай қилиш истагида эканини билдирган.

«Кўпчилик иловани у жуда сезгир экани учун ўчирмоқда. Улар кўплар эмлангани ва даволаниш бўйича янги методлар пайдо бўлганини англаган ҳолда шундай қарор қилишмоқда. Одамларнинг учдан бир қисми учун иҳоталаниш - молиявий қийинчиликларни англатади. Улар даромадларни йўқотишдек реал хавф билан эҳтимоли жуда паст бўлган касалланиш ўртасида танлов қилишига тўғри келмоқда», деган Sun нашрига Адам Смит институти директори Мэтью Килкойн.

19 июль кунидан Англияда коронавирус чекловлари тўлиқ бекор қилинди (Бирлашган қиролликнинг бошқа ҳудудларида - пандемия билан кураш графиги бўйича), аммо ҳукумат Test&Trace фаолиятини тўхтатиш ниятида эмас.

BBC маълумотларига кўра, душанба кунидан илова фақат янгиланади ва унда янги формулировка пайдо бўлади, унда Test&Trace’нинг ўзни иҳоталаш ҳақидаги хабари - буйруқ эмас, балки тавсия бўлади. Мутахассислар юборилаётган хабарлар оқими ортиб кетганини айни вақтда Британияда касалланганлар сони ортиб бораётгани билан изоҳлашган.

Олим-эпидемиологлар Test&Trace фойдали илова эканини таъкидлашмоқда: нуфузли Nature журналида ўтган кузда бу илова 600 минг кишини зарарланишдан сақлагани ва 8 минг кишининг ҳаётини асраб қолгани ҳақида материал эълон қилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид