Иқтисодиёт | 17:16 / 03.08.2021
20498
5 дақиқада ўқилади

“Ривожланмаслигимизга менталитетимиз сабаб деган гаплар бир тийинга қиммат” — Беҳзод Ҳошимов

“Одамлардан нима учун камбағалмиз деб сўрасангиз, коррупция қонимизда бор, менталитетимиз шунақа дейишади. Булар – бир тийинга қиммат гаплар. Коррупцияга мойиллигимиз, одамлардаги қандайдир “айблар” ёки денгиздан узоқлигимиз кабилар эмас, сиёсий институтларимизнинг сифати пастлиги – асосий сабаб”, – дейди иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.

Тараққиёт асослари, хусусийлаштириш жараёнидаги нозик нуқталар ва давлат қарзи. АҚШнинг Висконсин университети бизнес-мактаби докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uz'га берган интервьюсида шу каби мавзуларда ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Ҳошимов Дарон Aжемўғли ва Жеймс Робинсоннинг “Нега баъзи мамлакатлар бой, баъзилари эса камбағал?” китобининг ўзбек тилига таржима қилинишида иштирок этган. У суҳбат аввалида яқинда нашрдан чиқиши кутилаётган китоб ҳақида тўхталиб ўтди.

“Нега айрим давлатлар бой, айримлари эса камбағал? Кимдир географиясини, айримлар иқлимини, яна кимдир денгизга чиқа олмаганини сабаб қилиб кўрсатади. Китобда муаллифлар иқлим, маданият, шунга ўхшаган нарсалар тараққиётни яхши тушунтирмайди, деб ҳисоблайди. Шимолий ва Жанубий Корея 70 йил олдин битта мамлакат бўлган. Ҳозир улар қанчалик фарқли? Бу – икки мамлакат қурган институтларга бориб тақалади.

Китоб бошланишида Aризона штати ва Мексикадаги бир хил номга эга Ногалес шаҳарлари ҳақида гап боради. Иккаласида ҳам бир хил одамлар яшаган; фақат уларнинг бири AҚШда, бошқаси Мексикада жойлашган. Иккита давлат ҳудудида жойлашган икки шаҳарнинг институтлари ҳар хил бўлгани учун ўша ердаги одамларнинг ҳаёти ҳам бир-биридан анча фарқ қилади. Бу фарқ – тилида, иқлими ва маданиятида эмас, балки институтларда.

Институт деганда инклюзив (демократик) ёки экстрактив шаклланган институтлар назарда тутилади.

Бир мамлакат, яъни Буюк Британия кўп мамлакатларни мустамлака қилган, лекин бу мустамлака мамлакатларнинг келажаги ҳар хил бўлиб кетган. Нима сабабдан шундай бўлган? Келгинди мустамлакачилар мамлакатга қараб институтларни ҳар хил қуришган. Ҳиндистонда экстрактив институтлар қуришган, чунки мустамлакачиларнинг Ҳиндистондаги мақсади мамлакат бойликларини олиб тезроқ чиқиб кетиш бўлган. AҚШ, Янги Зеландия ва бошқа мамлакатларда қурилган институтлар эса инклюзив бўлган. Масалан, Aвстралия Британиядаги ҳибсга олинган инсонлар яшайдиган мамлакат ҳисобланган. AҚШдаги колониялар ҳам Британиянинг энг илғор одамлари борадиган макон бўлмаган. Шунга қарамай, улар ривожланиб кетган.

Муаллифлар ўйлашган: нима учун мустамлакачилар Шри-Ланкада бошқача, Виржинияда бошқача институт қуришяпти? Бу саволга жавобан, тадқиқотчилар мустамлакачиларнинг ўлим даражасига қарашган. Ҳиндистон ёки Шри-Ланкадаги мустамлакачилар касаллик ва об-ҳаводан кўпроқ ўлишган ва бу ерда кўп яшамасликка қарор қилишган. Мустамлакачилар Ҳиндистонга келишса, бу ер билан келажагини боғламасликка ҳаракат қилган ва натижада улар қурган институтлар мустаҳкам бўлиши шарт бўлмаган. AҚШда ўлим даражаси камроқ бўлгани учун улар қурмоқчи бўлган институтлар муқимроқ бўлган.

Бу фақат AҚШ ва Ҳиндистонда кузатилмаган. Билсангиз, Шимолий Aмерикада ҳам кўплаб ороллар бор ва уларни ҳам мустамлакачилар босиб олишган. Нима учун оролларда институтлар ёмон? Чунки у ерда ҳам ўлим даражаси юқори бўлган. Мустамлакачилар келган жойларда ўлим даражасининг юқори бўлиши институтлар сифати паст бўлишига сабаб бўлган.

Демак, ўлим даражаси институтларни, институтлар эса мамлакат тараққиётининг кейинги 400 йиллигини белгилаб берган”, – дейди у.

Беҳзод Ҳошимов асарнинг хулосасидан келиб чиқиб Ўзбекистон учун ҳам шундай хулоса қилиш лозимлигини таъкидлайди.

“Мен китобдан Ўзбекистон учун шундай хулосалар олишимиз керак деб ҳисоблайман. Бу борада одамларда энг ёмон ва ниҳоятда миллатчилик аломатлари бўлган фикрлар бор. Ўзбеклар коррупцияга мойил, менталитет шунақа деган фикрлар бор.

Нима учун камбағалмиз деб кўчага чиқиб сўрасангиз, одамлар коррупция қонимизда бор дейишади. Булар – бир тийинга қиммат гаплар. Бизда тараққиёт йўқлигининг асосий сабаби қонимизда коррупция борлиги эмас ёки одамларнинг айби, ғайритабиий генетика ёки денгиздан узоқлигимиз эмас.

Камбағаллигимизга сабаб – сиёсий институтларимизнинг сифати пастлиги”, – дейди иқтисодчи.

Мавзуга оид