Спорт | 21:18 / 13.08.2021
26300
9 дақиқада ўқилади

АПЛ қайтмоқда. «Сити» яна чемпионми?

Бугун футбол бўйича Англия чемпионати ҳам старт олмоқда.

Англия Премьер-лигасининг биринчи тури 13 август куни старт олади. Очилиш ўйинида Чемпионшипдан чиққан дебютант «Брентфорд» ўз майдонида «Арсенал»ни қабул қилади. Англияда янги футбол мавсуми 7 август куни Суперкубок баҳси билан очилиб бўлган, унда «Лестер» «Манчестер Сити»ни 1:0 ҳисобида енгганди.

АПЛ регламенти ва формати
Лиганинг 20 жамоаси ўзаро битта уйда ва битта сафарда ўйин ўтказади — ҳар бир жамоа мавсум давомида жами 38 ўйинда майдонга тушади. Чемпион 38 тур якунида жамғарилган очколар сонига қараб аниқланади. Агар икки ёки ундан ортиқ жамоа бир хил сонда очко жамғарса, ўринлар қуйидаги кўрсаткичларни инобатга олган ҳолда тақсимланади:

— умумий тўплар нисбати;
— урилган голларнинг умумий сони;
— ўзаро ўйинларда тўпланган очколар;
— ўзаро ўйинлардаги голлар фарқи.

Юқоридаги барча кўрсаткичлар бўйича тенг келинса, жамоалар ўртасида нейтрал майдонда қўшимча плей-офф ўйини ўтказилади (фақат чемпионликка ёки еврокубок ўринлари учун даъвогарлар).

Мавсум якунларига кўра тўрт жамоа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи учун йўлланмага эга бўлади. Бешинчи ўрин соҳиби ва Англия Кубоги ғолиби УЕФА Европа Лигаси гуруҳ босқичида ўйнайди. Англия лигаси кубоги ғолиби УЕФА Конференциялар лигаси плей-офф иштирокчисига айланади. Агар Англия Кубоги ва Лига Кубоги финалларида АПЛда 1-5-ўринларни эгаллаган жамоалар ғолиб чиққан бўлишса, еврокубоклар учун йўлланмаларни чемпионатнинг олтинчи ва еттинчи жамоалари қўлга киритади.

Энг кам очко жамғарган уч жамоа чемпионшипга тушиб кетади. Кейинги мавсумда уларнинг ўрнини қуйи дивизионнинг биринчи ва иккинчи жамоалари ҳамда 3-6-ўринлар эгалари ўртасидаги мини-турнир ғолиби эгаллайди.

Англия Премьер-лигаси, 2021-2022 йилги мавсум
Жамоалар
2020/21 йилги мавсум якунида АПЛни «Фулҳэм», «Вест Бромвич» ва «Шеффилд Юнайтед» тарк этди. Уларнинг лигадаги ўрнини Чемпионшипда биринчи ва иккинчи ўринларни олган «Норвич» ҳамда «Уотфорд», шунингдек, плей-офф ўйинлари ғолиби бўлиш орқали ўз тарихида илк бор АПЛга йўлланма олган «Брентфорд» эгаллади.

  • «Кристал Пэлас»
  • «Тоттенҳэм»
  • «Лидс»
  • «Арсенал»
  • «Уотфорд»
  • «Вест Ҳэм»
  • «Бёрнли»
  • «Манчестер Юнайтед»
  • «Ньюкасл»
  • «Брентфорд»
  • «Челси»
  • «Манчестер Сити»
  • «Лестер»
  • «Астон Вилла»
  • «Вулверҳэмптон»
  • «Ливерпуль»
  • «Саутҳемптон»
  • «Брайтон»
  • «Эвертон»
  • «Норвич»

Тўпурарлар
АПЛда тўпурарлар пойгасида асосий фаворит — «Тоттенҳэм» форварди Ҳарри Кейн, у ўтган мавсумда 23 гол уриб, бу борада энг яхши кўрсаткични қайд этганди. «Ливерпуль» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ ундан битта кам гол урган (22). 2020/21 йилги мавсум тўпурарлари рўйхатида учинчи ўринни «Манчестер Юнайтед» аъзоси Бруну Фернандеш эгаллаган. Лекин португалиялик яримҳимоячи 18 голдан 9тасини пенальтидан урган.

Трансферлар

Англияда мавсумлар оралиғидаги энг шов-шувли трансфер яримҳимоячи Жек Грилишнинг «Астон Вилла»дан «Манчестер Сити»га ўтиши бўлди. Инглиз нашрлари маълумотига кўра, трансфер қиймати 100 миллион фунтдан ортиқроқни ташкил қилган.

Шунингдек, Манчестернинг яна бир клуби трансферлар бозорида шов-шув кўтарди. «МЮ» Дортмунднинг «Боруссия» клубидан 21 ёшли вингер Жейдон Санчони ниҳоят сотиб олди. Transfermarkt.com портали маълумотига кўра, англияликлар бу футболчи учун 85 миллион евро тўлашган. «Қизил иблислар» мудофааси учун Мадриднинг «Реал» клубидан франциялик ҳимоячи Рафаэль Варан чақирилган.

«Юнайтед»дан ташқари, «Тоттенҳэм», «Арсенал» ва «Ливерпуль» клублари ўз мудофаа чизиқларини мустаҳкамлашган. «Шпорлар» «Аталанта»дан 23 ёшли ҳимоячи Кристиан Ромерони 50 миллион еврога сотиб олишди, «канонирлар» Бен Уайт учун «Брайтон»га қарийб 60 миллион евро тўлашди. Ливерпулликлар эса 22 ёшли француз Ибраима Конатени «Лейпциг»дан сотиб олишди.

Тажрибали форвард Дэнни Ингс ҳам клубини ўзгартирди, ўтган мавсумда «Саутҳемптон» учун АПЛда 12 гол урган 29 ёшли ҳужумчи «Астон Вилла» билан уч йиллик шартнома имзолади.

АПЛ 2021-2022: ўйинлар тақвими
Чемпионатнинг илк тури 13-15 август кунлари бўлиб ўтади. Янги мавсумни «Брентфорд» ва «Арсенал» бошлаб беради. Якшанба куни 1-турнинг марказий учрашуви, янги бош мураббий Нуну Эшпириту Санту бошқарувидаги «Тоттенҳэм» ва амалдаги чемпион «Манчестер Сити» ўртасида бўлиб ўтади.

Биринчи тур ўйинлари тақвими:
13 август
«Брентфорд» — «Арсенал» (00:00)

14 август
«Манчестер Юнайтед» — «Лидс» (16:30)
«Бёрнли» — «Брайтон» (19:00)
«Лестер» — «Вулверҳэмптон» (19:00)
«Уотфорд» — «Астон Вилла» (19:00)
«Челси» — «Кристал Пэлас» (19:00)
«Эвертон» — «Саутҳемптон» (19:00)
«Норвич» — «Ливерпуль» (21:30)

15 август
«Ньюкасл» — «Вест Ҳэм» (18:00)
«Тоттенҳэм» — «Манчестер Сити» (20:30)

Англия чемпионатининг ўтган мавсумида ким чемпион бўлганди?
2020/21 йилги мавсумда ғолиблик 38 ўйинда 86 очко жамғарган «Манчестер Сити»га насиб этганди. Пеп Гвардиола шогирдлари энг яқин таъқибчиси «Манчестер Юнайтед»ни 12 очкога ортда қолдирган, учинчи ўринни «Ливерпуль» эгаллаганди (69 очко).

1995/96 йилги мавсумдан буён илк бор Лондоннинг «Арсенал» клуби еврокубокларга чиқа олмаган, Артета шогирдлари 61 очко билан АПЛда саккизинчи бўлишганди.

Статистика ва рекордлар
АПЛнинг энг совриндор жамоаси «Манчестер Юнайтед» ҳисобланади, бу жамоа 1993 йилдан 2013 йилга қадар 13 бор чемпионликка эришган. Барча мавсумларда «МЮ» 1114 ўйинда 687 марта ғалаба қозонган. Шунингдек, «қизил иблислар» уй ўйинларида энг йирик ҳисобдаги ғалабаларни нишонлашган — 9:0 (1995 йил мартида «Ипсвич Таун»га қарши ва 2021 йил февралида «Саутҳемптон»га қарши).

Лондоннинг «Арсенал» клуби бир мавсум давомида умуман ютқазмаган ягона жамоа ҳисобланади. 2003/04 йилги мавсумда Арсен Венгер жамоаси 26 ғалаба ва 12 бор дуранг қайд этиб, 90 очко жамғарган ҳолда чемпионликни нишонлаганди.

Бир мавсумда тўпланган очколар сони бўйича рекорд натижа «Манчестер Сити»га тегишли — 2017/18 йилги мавсумда 100 очко. АПЛда бу борадаги антирекордни 2007/08 йилги мавсумда атиги 11 очко жамғарган «Дерби Каунти» қайд этган, бу жамоа 38 ўйиндан фақат биттасида ғалабага эришганди.

Премьер-лигада энг кўп ўйин ўтказган футболчи Гарет Бэрри ҳисобланади, у 1998 йилдан 2018 йилгача 653 марта майдонга тушган. Энг кўп мавсум ўтказиш бўйича рекорд эса «Манчестер Юнайтед» афсонаси Райан Гиггзга тегишли — 22 мавсум.

АПЛда гол уриш бўйича рекордчи — Алан Ширер (441 ўйинда 260 гол). Ҳозирда ҳам премьер-лигада фаолиятини давом эттираётган футболчилар орасида унга энг яқин футболчи «Тоттенҳэм» форварди Ҳарри Кейндир (245 ўйинда 166 гол). Голли узатмалар сони кўплиги бўйича рекорд Райан Гиггзда — 162. АПЛда энг кўп ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаган дарвозабон Петр Чех (202).

«Ливерпуль» форварди Муҳаммад Салоҳ 38 ўйинлик мавсумда энг кўп гол урган футболчи — 32 гол (2017/18). 42 ўйиндан иборат мавсумларда Энди Коул («Ньюкасл», 1993/94) ва Алан Ширер («Блэкберн», 1994/95) 34тадан гол уришган.

Мавзуга оид