Алишер Қодиров Жиноят кодексига “Келажакка хиёнат” бобини киритишни таклиф қилди
“Ушбу бобда болалар боғчаси, мактаб ва олийгоҳларда вазифасига хиёнат қилаётганлар, болаларимизнинг ҳаққи ва вақтини ўғирлаётганларга нисбатан чоралар белгиланишини таклиф қиламан”, – дея ёзди президентликка номзод.
Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги болалар боғчасида 30 нафар боланинг заҳарланиши айни пайтда жамоатчилик диққат марказида бўлиб турибди.
Воқеа юзасидан фикр билдирган “Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодировнинг фикрича, ўнлаб болаларнинг заҳарланиши – таълим соҳасида “келажакка хиёнатчилар” ҳам аралашиб юргани натижасидир.
“Таълим-тарбия – келажак шаклланадиган соҳа. Бу ерда келажакни шакллантирадиган фидойилар ишлайди ва улар қаҳрамонлардир.
Шу билан бирга, соҳада келажакка хиёнатчилар ҳам аралашиб юрибди. Боланинг соғлом, тарбияли ва билимли бўлишини ташкил қилишдек масъулият юкланган инсон болаларнинг озуқасини ўғирласа, сифатлисини “виждонсизларча” ўзи еб, болаларга қолдиқларини ёки эскироқларини едириб юборса. Билим ўрнига болалар тафаккурига “хатолар пакети” ёки “бўшлиқ”ни жойласа. Пулини олиб, қулаб тушадиган кўприкни лойиҳалайдиган муҳандисга “аъло”ни босиб берса... Бу тоифа инсон бу қадар масъулиятли жойда нима қилиб юрибди, деган савол туғилишидек табиий нима бор?
Мен Жиноят кодексига “Келажакка хиёнат” бобини киритишни ва ушбу бобда болалар боғчаси, мактаб ва олийгоҳларда вазифасига хиёнат қилаётганлар, болаларимизнинг ҳаққи ва вақтини ўғирлаётганларга нисбатан чоралар белгиланишини таклиф қиламан.
Такрор айтаман, бу соҳада қаҳрамонлар ишлаши керак. Ва уларнинг маошлари ҳам, меҳнат шароитлари ҳам энг юқори даражада бўлиши шарт”, – деб ёзади Қодиров ўз Telegram-каналида.
Эслатиб ўтамиз, Алишер Қодиров “Миллий тикланиш” партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида илгари сурилмоқда.
Мавзуга оид
20:58 / 04.11.2024
Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш чоралари кучайтирилади
15:34 / 20.10.2024
Россиялик депутат Ўзбекистон фуқароларига виза режимини жорий этишга чақирди. Жамоатчилик бунга жавоб қайтарди
16:23 / 29.08.2024
“Болалар 7-синфдан кейин қобилиятидан келиб чиқиб ўқитилиши керак” – Алишер Қодиров
10:59 / 12.07.2024