Йўлми бу, шудгорми бу? Жиззахнинг ғариб йўлларида
Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани ҳокими Trailblazer сотиб олганида айни шу каби йўлларда қийналмай юришни ўйлаган бўлса, ажаб эмас.
Жиззах вилоятининг Зарбдор ва Шароф Рашидов туманларини боғловчи, маҳаллий аҳоли Пахтакор кўчаси деб атайдиган йўлнинг қарийб 5 км ҳудуди ўйдим-чуқур, паст-баландликлардан иборат. Бу йўлдан бехавотир ўтиш учун йўлтанламасда бўлишингиз керак.
“Бир кунда 5-10 марталаб шу йўлдан ўтишимга тўғри келади. Ҳокимларимиз қарамайди йўлларнинг аҳволига. Айниқса тунда бу ердан юриб бўлмайди. Машинанинг таги тегиб қолиши ҳеч гап эмас. Ваҳоланки, бу асосий йўллардан бири.
Тузатамиз дейилган эди, лекин ҳалигача бирор натижа бўлмади. Эътибор қаратишса, яхши бўларди”, – дейди ҳайдовчилардан бири.
Дарҳақиқат, йўлдаги чуқурликни ўлчаш учун чизғич йўқлигидан қаричлаб ўлчадик: асфальт кўчада бир қарич чуқурликдаги нотекисликлар ҳар қадамда учрайди.
“Йўлнинг ҳолати ачинарли аҳволда. Кунда 4-5 марталаб ўтишга тўғри келади. Лекин шудгор бу йўлдан кўра яхши. 10 йилдан бери шунақа аҳволда. Қанча авариялар содир бўляпти бу йўлнинг ёмонлигидан. Баллонлар таъмирталаб аҳволга келади, автомобилларнинг таги тегиб қолади”, – дея таъкидлади бошқа ҳайдовчи.
Вилоятдаги, тумандаги йўл таъмирига масъул мутасаддилар бу йўлдан юришмайди шекилли. Йўлнинг носозлиги сабаб автоҳалокатлар содир бўлишини, кимдир яқинидан айрилишини кутиб ўтирмасдан ҳозирдан эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили – пандемия даврида Жиззах вилоятининг Зарбдор ва Мирзачўл туманлари ҳокимликлари 370 млн сўмдан Trailblazer автомобилларини харид қилганди.
Гулмира Тошниёзова, Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
12:31 / 10.11.2024
2024 йилда Жиззах вилоятида болалар иштирокида 59 та ЙТҲ содир бўлди
09:56 / 24.09.2024
Жиззахда ҳайдовчи Дамасга катта ёшдаги 14 кишини миндириб ҳаракатланди
09:43 / 10.09.2024
Жиззахда содир бўлган ЙТҲда икки киши ҳалок бўлди
14:28 / 08.09.2024