Алишер Қодиров «Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланди
Бугун, 26 август куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг навбатдаги VII қурултойи бўлиб ўтди.
Қурултойда 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловида партиядан Ўзбекистон президентлигига кўрсатилган номзодни тасдиқлаш, партиянинг устави ва назорат-тафтиш комиссияси таркибига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда Марказий кенгаш аъзолари сони ва янги таркибини тасдиқлаш масалалари муҳокама қилинди.
“Миллий тикланиш” демократик партиясининг уставида партиянинг Ўзбекистон президентлигига бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиши белгиланган. Шунга асосан, 6 август куни бўлиб ўтган партия марказий кенгашининг VII пленумида партиянинг Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилинди.
Сайлов кодексига мувофиқ, партиянинг Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этишига ижозат олиш учун Марказий сайлов комиссиясига белгиланган ҳужжатлар тақдим этилди. Марказий сайлов комиссияси томонидан партияга сайловда иштирок этишга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилиниб, рўйхатга олинганлик гувоҳномаси ҳамда белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари топширилди. Ўз муддатларида президентликка бўлажак номзодни қўллаб-қувватловчи имзолар тўпланди.
Делегатлар партиянинг VII пленумида қурултойда кўриб чиқиш учун тавсия этилган «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси, партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракция раҳбари Алишер Қодировни партиядан Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида тасдиқлади.
Қурултойда президентликка номзод Алишер Қодиров делегатларни сайловолди дастури билан таништирар экан, сайловда номзоднинг бош шиори “Миллий қадриятларга таянган тараққиёт!” эканини маълум қилди.
Таъкидланганидек, сайловолди дастурнинг умумий қоидалари миллий қадриятлар, маданий бойликларни асраб-авайлаш, давлат тилининг мавқейини кўтариш, тарихий анъаналаримизни изчил тарғиб қилиш асосида Ўзбекистон халқининг миллий давлатчилик тараққиётини таъминлаш ва жамиятда миллий ўзликнинг юксалишига эришишдан иборатдир. Шу билан бирга, номзод сиёсий соҳада миллий анъана ва қадриятларимизни эъзозлайдиган, миллатпарвар ва фидойи, ҳалол ва ўз бурчига садоқатли шахсларни тарбиялаш тарафдори эканлигини маълум қилди.
Суд-ҳуқуқ соҳасида миллий урф-одат ва анъаналарни, жамиятда шаклланган қадриятларни топтаганлик учун жавобгарликни кучайтириш, иқтисодий соҳада иқтисодиётни миллий қадриятларга таянган ҳолда модернизация қилиш лозимлиги қайд этилди.
Ижтимоий соҳада кўмакка муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашнинг миллий қадриятларга таянган тизимини жорий этиш, маънавий-маърифий соҳада Ислом динининг соф маърифат ва маданият тарқатувчилик кучи ҳамда унинг ёш авлод тарбиясидаги ролини эътиборга олиб, “Ислом дини – маърифат дини” миллий концепциясини яратиш, ташқи сиёсатда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Маълумот учун, Сайлов кодексига асосан “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзодни рўйхатга олишни сўраб Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатлар тақдим этилади.
Мавзуга оид
15:34 / 20.10.2024
Россиялик депутат Ўзбекистон фуқароларига виза режимини жорий этишга чақирди. Жамоатчилик бунга жавоб қайтарди
18:04 / 05.09.2024
“Миллий тикланиш” партияси ўзининг сайловолди дастурини эълон қилди
16:23 / 29.08.2024
“Болалар 7-синфдан кейин қобилиятидан келиб чиқиб ўқитилиши керак” – Алишер Қодиров
10:59 / 12.07.2024