Жамият | 21:43 / 19.01.2022
8532
15 дақиқада ўқилади

Мустақил ва одил судлов қаршисидаги етти масала

Судья Нуриддин Муродов ўз мақоласида мустақил ва одил судлов қаршисида турган еттита масала ҳақида сўз юритади.

Нуриддин Муродов

Мустақил, одил судлов деганда ҳали ҳамон кўпчилигимизнинг хаёлимизга суд ишларига кимларнингдир аралашиш-аралашмаслиги ёки қайсидир бир идораларнинг суд ва судьялар фаолиятига таъсир кўрсатиши ё кўрсатмаслиги кабилар келиши шубҳасиз ва ҳам бор гап.

Негаки, биринчидан, Ўзбекистон Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги қонунига кўра, суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти фақат судлар томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас, судьялар мустақилдир, фақат қонунга бўйсунади. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади деб белгилаб қўйилган. Ҳа, тўғри-да, умумий ва қонуний асосларда ҳам аслида шундай.

Иккинчидан эса, ҳеч кимга сир эмаски, қатор йиллар давомида судлар фаолиятига аралашувлар, у ёки бу тарзда одил судловга таъсир этиш ҳолатлари мавжуд эди, яқин тарих бунга гувоҳ ва бу ўз навбатида ҳақиқатдир.

Бугун эса, одил судловга таъсир этиш, судлар фаолиятига аралашиш ҳолатларига чек қўйилди. Бу борада хавотирга ўрин йўқ.

Статистик маълумотларга кўра, 2017 йилда 263 та, 2018 йилда 867 та, 2019 йилда 859 та, 2020 йилда 781 та, 2021 йил 9 ойи давомида 743 та шахс оқлангани ёки 100 лаб юртдошларимизга маънавий зарар ундирилиб берилиб, иш жойига қайта тикланганлиги ё судлар томонидан жойларда ҳокимларнинг 2 минг 852 қарори ноқонуний деб топилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани, ё бўлмасам биргина ФИБ Учтепа туманлараро суди томонидан аҳолининг бузилган мулк ҳуқуқи учун ўтган йилнинг ўзида 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилгани судларнинг мустақил, холис одил судлов сари прогрессив қадамларини исбот этади.

Шу билан бирга, чуқурроқ таҳлил этсангиз ёки масалага қозон ичидан туриб ёндашадиган бўлсак, мустақил ва барқарор одил судловни таъминлашда, суд фаолиятига аралашув ва судьялар мустақиллигига бевосита таъсир этишдан бошқа яна бир қанча омиллар ҳам мавжуд, ушбу омилларни бартараф этиш учун эса қуйидаги тахминий 7 та масала ҳақида сўз юритишга зарурат бор экан-да деган фикрга келасиз...

1. Судьяга одил судловни таъминлаш учун нима керак?

Тўғри, албатта қонун, қонун бўлганда ҳам камида адолатли ёки ҳеч бўлмаганда мукаммалроқ қонунлар керак. Нега мукаммалроқ деб алоҳида қайд этмоқдаман, чунки дунёда идеал ё мукаммал, ё ўзгармайдиган қонуннинг ўзи мавжуд эмас. 

Шу маънода, роман-герман ҳуқуқ оиласи тизимида эканмиз, одамларга адолатни таъминлайдиган, ҳақиқатни рўёбга чиқарадиган ва албатта низони ҳал этадиган қарор (ҳукм) керак, бундай қарор чиқариш учун камида ўша низо ечими кўрсатилган ёки адолатли ҳукм мезонлари мукаммал кўрсатилган қонунлар даркор.

Билакс, асло жамиятдаги ижтимоий муносабатлардан, низо (казиус)лардан ортда қолаётган, ечими қонуности ҳужжатда мавжуд-у дейдиган яхлит қонунлар эмас, балки айнан жамиятдаги муносабатлардан ҳеч бўлмаса ярим қадам илгари юрадиган, “эй бу яна қандай янги ижтимоий муносабат бўлди, бу муносабат бизнинг нормаларда тартибга солинмаган-ку, тезда қонуности ҳужжатларидан ёки чуқур ўрганилмаган чет эл тажрибасидан олиб, ямоқ қилиб, қонунни тузатиш ҳақида қонун лойиҳа керак” қабилидаги қонунларни назарда тутмаяпман, албатта.

Масалан, одамлар ўз уйи, ўз хусусий мулкида қурилиш қилмоқчи бўлса, нега қишлоқ жойларида бошқача тартиб, шаҳарларда бошқа тартиб, аслида бу тартиблар тўғридан тўғри қонунга, кодексда мужассам бўлиши лозим. Аҳоли фақат ва фақат рухсатни қонундан олиш, камида 3-4 та қарор, низом ва бошқа қонуности ҳужжатлардан рухсат изламаслиги мақсадга мувофиқ эмасми ёки умум эътироф этилган халқаро стандартларда бошқа тартиблар назарда тутилганми...

Демак, номукаммал қонунчилик тизими ёки замон билан баб-баравар ҳаракатланмай оқсайдиган норма ижодкорлиги, қонуности ҳужжатларидаги устуворлик, идораларда қонуности ҳужжати билан ишлашга одил судловни амалга оширишга ё судьянинг мустақил ва одил қарор қабул қилишига таъсир этувчи омилга айланиб қолмаслиги шарт.

Негаки, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасида белгиланган, “қонуности ҳужжатларида қонун ҳужжатлари даражасида тартибга солиниши лозим бўлган масалалар бўйича нормалар белгиланишига йўл қўйилмади”, — деган қонун нормасига ҳар доим ҳам эътибор қаратилмаётир ёки ушбу норма тизимли равишда эътиборталаблигича қолиб кетмоқда.

2. Суд қарорларининг ижроси – суд қарорларининг ўз вақтида ижро этилмаётгани бевосита, одил судловга унинг қабул қилган ҳужжатларига нисбатан аҳоли ўртасида ҳурматни тушириб, пировардида одил судловга бўлган, судлар мустақиллигига бўлган ишончни сусайтиради, судлар мустақиллигини мустаҳкамлашга зимдан зарба беради.

 Амалдаги мисолларга эътибор берсак, биргина ФИБ Тошкент шаҳар судларида бир ҳафтада, у ёки бу сабаб, асос ва қонуности ҳужжатлардаги нормалар важ қилиб келтирилган ҳолда 1 000 дан ортиқ суд ижро ҳужжатлари судларга қайтарилмоқда.

 Айтиш мумкинки, суд ҳужжатларини сўзсиз, муҳокамасиз ижро этиш тизимини, яъни халқаро стандартлар асосида “суд ҳужжати тўғридан тўғри ижрога” деган тизимни яратишга зарурат сезилмоқда.

3. Аҳолининг айрим қатламида судларга ҳуқуқий маслаҳат берадиган ёки уларнинг даъвосини суд шакллантириб берадиган орган сифатида қаралмоқда.

Масалан: Судга ўз даъвоси билан борган шахсни судья қабул қилиши ва унга даъвони қандай шакллантириш, ёзма мурожаатларни тузиш, ҳужжатларни тайёрлаш ва яна ўша судьянинг ўзи унинг низосини кўриб чиқиши лозимлиги, гўё оддий ҳолат каби, шу тоифа аҳоли онгида суднинг мажбурияти сифатида қаралаётганидир.

Яъни ушбу омилни ҳуқуқий саводхонликнинг, савиянинг, ҳуқуқий маданиятнинг илдамлаб кета билмаётгани, ҳуқуқий ҳимоя ҳамда ҳуқуқий кўмак институтларининг замонга мос тараққий эта олмаётгани, ҳуқуқий хизмат кўрсатиш соҳасида оқсоқликлар кўзга ташланаётгани билан изоҳлаш мумкин.

Шу йўсин, аҳоли орасида суд маслаҳат бермаганидан, судья уни суд мажлисидан аввал шахсий қабулда қабул қилмаганидан, уларга лозим даражада эътибор қаратмаганидан норозилик сифатида, муносабат билдириш, турли инстанцияларга шикоят қилиш орқали судьяларга, одил судловга таъсир этиш ҳолатлари ортиб бормоқда.

Натижа эса, хоҳлайсизми-йўқми, биз йиллар давомида ўрганиб қолганимиз ва ўша қобиқдан чиқиб кета олмаётганимиз — нохолис бўлса ҳам берилган 3 шикоят, 1 холис шикоят деган хулосага келинишига омил бўлмоқда.

Ваҳоланки, бундай хулоса ва бош оғриқ ҳамиша ортиқчадир. Ҳеч бир суд эса бундай бошоғриқни хоҳламайди. Оқибат эса ушбу ҳолатлар кутганингиздек, судлар мустақиллиги ва одил судлов холислигининг емирилиб бориши сари етаклаб боради.

4. Судлар ахборотини эшитиш амалиёти. Албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, суд ҳам давлат ҳокимиятининг бир тармоғи экани асосида Олий вакиллик органига ҳисобдор бўлиши лозим. Чунки суд тизими бутун бошли яхлит бир тизим бўлиб, давлатнинг суд ҳокимиятини ташкил этади.

Лекин жойларда судларнинг халқ депутатлари тегишли кенгашларида ахборот тақдим этиб бориши, албатта судлар мустақиллигига ва холислигига таъсир этмай қолмайди. Афсуски, жойларда ушбу амалиёт ахборот эмас, балки ҳисобот тусига кириб улгурди.

Айтайлик, қайси бир суд ўзи тақдим этаётган ахборотни тегишли кенгаш сессияларида тасдиқланмаслигини хоҳлайди...

Ёки ахбороти эшитилаётган судга ҳоким даъво киритиши мумкинлигини истисно этишнинг имкони мавжуд эмас, албатта жойлардаги ҳокимликлар шу ҳудудлардаги судларга мурожаат этишади. Ё ўша суд тегишли ХДК раҳбари бўлган ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоятни кўриб чиқади...

Айтинг-чи, бундай ҳолатда манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкинми?.. Яшанг. Бу аксиома.

5. Судлар фаолиятига дахлдор мурожаатларнинг назоратга олиниши амалиёти ҳам одил судловга билвосита таъсир этувчи вазмингина омилдир.

Ушбу амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, назоратга олинган бундай мурожаатлар юзасидан берилаётган жавоблар процессуал қонунчилик доирасидадир. Демак, назоратга олувчига процессуал қонунчилик тушунтирилиб, маълумот тариқасида жавоб йўлланади.

Яъни назорат амалиётининг нафдорлиги жуда паст. Аксинча, оқибат эса бундай мурожаатлар юзасидан маълумотномалар тайёрлашга суд томонидан ортиқча вақт сарфланади холос.

Шунинг учун ҳам «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1-моддасида, Ушбу Қонуннинг амал қилиши кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонунчилик ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланган мурожаатларга нисбатан татбиқ этилмайди деб белгилаб қўйилган.

Демакки, холис одил судлов учун қонуннинг ушбу нормаси қатъий ва сўзсиз ижро этилиши лозим бўлади.

6. Судьялар иш юки. Масалан, судьяларнинг ўртача юкламасида бир ойда 20 иш куни бўлса, ҳар кун камида 8-10 тадан суд мажлиси ўтказиши, қарор қабул қилиши ва ҳар бир ушбу низолар юзасидан юритилаётган фуқаролик иши юзасидан камида 5 та ҳужжат чиқариши, бир ойда камида 30 дан ортиқ бошқа тоифа аризаларни кўриб чиқиши, асослилигига қараб, қарорлардан кам бўлмаган суд буйруғи қабул қилиши ёки суд буйруғи бериш сўралган аризаларни қайтариш ҳақида ажримлар қабул қилиши, бундан ташқари камида вақтни ҳар кун бир соат электрон тизимга суд ҳужжатларини юритишга, яна бир соатни мурожаатчиларга тушунтириш беришга ва “суд ҳужжатларини ёзишга номаълум вақт” сарфлаши керак бўлади.

Ушбу маълумот судларнинг аҳоли ҳудудларидаги жойлашувига қараб ўзгаради албатта, ушбу таҳлилдан кўп ёки кам ҳам бўлиши мумкин.

Мен айтмоқчи эмасман масалан у давлатда шунча аҳолига бунча судья тўғри келади деб, айтмоқчи бўлганим, низоларни судгача ҳал этиш тизимини такомиллаштириш, шу асосда судга келаётган низоларни камайтириш, суд электрон тизимида, ҳар бир юки мавжуд бўлган судда доимий фаолият юритадиган АТ мутахассислари штатларини жорий этиш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, судьялар юкламаси ўз-ўзидан суд мажлислари, суд ҳужжатлари сифатига таъсир этади, бундан аҳоли рози бўлмайди, демак, мустақил одил судлов биз хоҳлагандек, мукаммал йўлга қўйилавермайди.

7. Судья кадрлар, илм, тажриба, судьялар захирасини шакллантиришда кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими, судьяларнинг илмий, ҳуқуқий, сиёсий илмларни эгаллашига, уларнинг низолар доирасида ҳаётий масалаларни кўриб чиқиш, ҳал этиш амалиётини мукаммал шакллантиришга етарли имконият яратиб беришнинг халқаро стандартларга жавоб берадиган тизимини шакллантириш долзарблигича қолмоқда.

Судьялар томонидан стратегик қарор қабул қилиш амалиёти, ҳаётий тажриба, малакали илм, соҳавий чуқурлашган билим ва тизимли амалиётни лозим даражада йўлга қўйиш ўрнига кадрларнинг биографиясини ўрганишга сарфланаётган катта эътибор мақсадга мувофиқ эмас. Чунки кадр шахсига қараб эмас, у берадиган натижага қараб танланадиган тизим илғор давлатларда аллақачон йўлга қўйилган.

Англаб турганингиздек, судьялар захирасини шакллантириш, қайта тайёрлаш тизими, албатта магистр даражасини беришга ихтисослашиши шарт эмас, лекин суд амалиётидаги муаммоларни мониторинг қиладиган, мукаммал таҳлил этадиган, илмий ва асосли ечимларни таклиф қиладиган ва тайёрланаётган судьяликка номзодларда муносиб кўникмаларни шакллантирадиган илмий ва албатта амалий суд соҳасининг мияси каби илм масканига айланмоғи давр талаби.

Айтиш лозимки, ўша ҳамма билган гап, “малакали кадрлар кўп нарсани ҳал этади”.

Шунингдек, судлар фаолиятида урғу асосан эскидан қолган процессуал қонунчилик томон оғиб бормоқда, моддий ҳуқуқ нормаларини қўллаш амалиёти эса, эски касаллик каби оқсоқланиб қолгандек кўринади. Бу эса, албатта одил судловга ишонч ортишига тўсқинлик қилаётган омил сифатида намоён бўлиб бормоқда.

Судьяларнинг тарғибот тадбирлари ва ҳоказолар... Судьялар одоб-ахлоқ кодексида белгилаб қўйилгани каби, судьянинг одил судловни таъминлаш, суд ишларини ҳал этишда вақтни тўғри ва самарали тақсимлаш ҳамда судьяларнинг бу борадаги изланиш, ўз устида ишлаш, ўқиб-ўрганиш каби фаолиятига таъсир кўрсатмаслиги лозим.

Айтайлик, кучли судьялар ҳам баъзида мақола ёза олмаслиги ёки ОАВда бошқа бир чиқиш қила олмаслиги, тарғиботларда фаол иштирок эта олмаслиги мумкин... Чунки, у бу борада журналист ёки филолог, ё профессионал соҳа ходими эмас.

Шунингдек, судлар ва судьяларнинг фаолияти бўйича ҳақиқий ҳолат ОАВ, Интернет ижтимоий тармоқларда, блогерларнинг шахсий муносабатлари ўртасидаги тафовутлар, бу борада жамоатчилик билан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, журналистлар ва блогерлар муносабатига нисбатан қатъий позицияда туриб, лозим даражада ўз вақтида муносабат билдириш, қолип муносабатлар, одил судлов, умуман суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга нохолис ёндашувларнинг келиб чиқишига омил бўлмоқда.

Демак, амалда очиқ, одил ва холис судлов ҳақида жамоатчиликнинг ахборот талабида номутаносиблик ёки бунинг оқибатида ижтимоий тармоқларда судлар фаолиятига оид шахсий ва нохолис позициялар билдирилиш ҳолатлари келиб чиқмоқда.

Юқорида айтиб ўтилган омиллар ва уларнинг ечимига қаратилган масалалар шахсий фикрлар бўлиб, ўйлайманки, фақат ва фақат тўла мустақил одил судловни оғишмай таъминлаб бориш учунгина хизмат қилади.

Яна бир гап, ҳеч кимнинг фикри мукаммал бўлмайди, албатта жамиятда қарашлар фикр-мулоҳазалар ўзгариб бораверади. Асосийси, билдирилаётган таклиф ва фикр-мулоҳазалардан бошқача бир муносабатларни шакллантирмаслик, ҳар биримизнинг қайсидир бир соҳани ривожлантириш орқали юрт тараққиётига беғараз ва холис хизматимиздан бошқа деб қаралмаслиги мақсадга мувофиқ.

Нуриддин Муродов,
ФИБ Учтепа туманлараро суди раис ўринбосари

Мавзуга оид