Ўзбекистон | 13:38 / 07.02.2022
2217
1 дақиқада ўқилади

Нукусда автомактаб ўргатувчиси фуқарога ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бермоқчи бўлди

Фото: Прокуратура департаменти

Қорақалпоғистон Республикасида фуқарога ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилган уста ушланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Департамент ҳамда ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари томонидан ИИВ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда “Автомотоҳаваскорлар” УК Нукус филиали ўргатувчи устаси О.Б., фуқаро Д.нинг ишончига кириб, унга филиалда ўқимаган бўлса-да, ўқигани ҳақида маълумотнома бергани аниқланган.

Ўргатувчи уста фуқарони имтиҳонлардан ўтказиб қўйиш орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига 2,3 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади расмий хабарда.

Олдинроқ Қорақалпоғистонда ИИВ ходимига пора таклиф қилган шахс қўлга олинганди.

Мавзуга оид