Юнусободда дарахтлар остини бетонлаб кетганлар 3 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин
Юнусободда дарахтлар таги бетонлаб кетилган ҳолат юзасидан жиноят иши очилди.
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тадбиркор томонидан аукционда сотиб олинган ҳудуддаги дарахтларнинг таги 3 февраль куни бетонлаб ташланган эди. Бош прокуратура ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
“Юнусобод тумани ҳудудидаги дарахтлар ости бетонланишига йўл қўйилганлиги ҳолати юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, натижасига кўра, ЖКнинг 198-моддаси 3-қисми [Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш] билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда, ушбу жиноят иши юзасидан Юнусобод туман ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижаси ҳақида қўшимча маълум қилиниши таъминланади”, дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан эълон қилинган расмий муносабатда.
Қайд этилишича, жиноят иши доирасида ушбу ҳудуддаги дарахтларни кесиб кетиш фактига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.
Гумонланувчиларга нисбатан илгари сурилган айблов тасдиғини топган тақдирда, уларга 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Жиноят кодексида белгиланишича, етказилган моддий зарарнинг ўрни уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Воқеа тарихи
Бетонлаб кетилишидан олдин ушбу ҳудуддаги дарахтларга икки марта “суиқасд” қилинганди. Хўш, можаро нимадан бошланган эди?
Маҳаллий аҳоли ва тадбиркор ўртасидаги келишмовчилик 2020 йилда бошланган. Юнусобод тумани Отчопар-1 маҳалла аҳолиси 30дан ортиқ арча экиб, парваришлаб келаётган салкам 2 сотих ер туман ҳокимлиги томонидан аукционга чиқарилади ва тадбиркор томонидан қонуний тартибда сотиб олинади. Ушбу ҳудуд 2020 йилда Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан тадбиркорга бириктириб берилади.
Тадбиркор бу ерда қурилиш бошлаш учун дарахтларни қўпориб ташламоқчи бўлганида аҳоли қаршилигига дуч келади. Дарахтлар кесилишидан хавотирланган маҳалла аҳли навбат ташкил қилиб, бу ерда қоровуллик қила бошлайди.
Тошкент шаҳар Экология бошқармасига кўра, бу ердаги дарахтлар ҳисобга олинган ва тадбиркорга бир неча бор огоҳлантириш берилган
“Тадбиркор дарахтларни кўчириб ўтқазиш бўйича рухсатнома сўраяпти. Биз рад жавобини беряпмиз. Ҳар куни келиб, дарахтларнинг ҳисоб-китобини қиляпмиз», - деди Юнусобод тумани экология инспектори Миржамол Миркомилов.
Низоли ҳудудни сотиб олган тадбиркор Жалолиддин Газибоев Kun.uz мухбири билан суҳбатда 115 кв метр бўлган мазкур ҳудудни 2020 йилда аукцион орқали 976 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига сотиб олгани, аукционга қўйилган жойда дарахтлар экилгани тўғрисида маълумот берилмагани, фақат ким аукционда ютса, ернинг остидан ўтган коммуникация тармоғини кўчириш талаби қўйилганини айтганди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили Kun.uz’га янги тартибга асосан, ернинг аукционга қўйилишини ҳоким ҳал қилмаслиги, ер Давактив ва Кадастр агентликлари томонидан аукционга қўйилиши, аукцион ғолибига бериладиган сертификат қарор кучига эга эканини таъкидлаганди.
Суриштирувлар давомида ерни аукционга чиқарган E-Ijro auksion савдо майдончасига кўра, бу жой – бўш турган ер участкаларини тадбиркорлик қилиш учун бериш ҳақидаги ҳукумат қарорида белгиланган тартибда сотувга қўйилгани, Кадастр палатаси филиаллари томонидан ўтказилган хатлов натижасида “Шаҳристон” метро бекати ёнидаги дарахтзор бўш ер участкаси деб топилгани, шундан сўнг уни савдога чиқаришга ўндан ортиқ ваколатли орган розилик бергани, ушбу ташкилотлар орасида Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳам борлиги маълум бўлганди.
Шундан сўнг 2021 йил 14 декабрь куни номаълум шахслар мазкур ҳудуддаги 18 туп дарахтнинг 10 тупини ярмигача кесиб, “чалажон” ҳолда ташлаб кетган, бунинг натижасида ўсимлик дунёсига 83.160.000 сўмлик зарар етказилгани аниқланган эди. Экологлар ботаника боғи мутахассисларини жалб қилган ҳолда зарарланган дарахтларни сақлаб қолиш учун уларнинг танасидаги жароҳатларни даволаб, ёпишди ва уларни рақамлашди.
2022 йил 9 январдан 10 январга ўтар кечаси дарахтларга иккинчи бор “суиқасд” уюштирилди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати ниқобдаги номаълум шахслар 4 туп элдор қарағайини кесиб қочганини маълум қилди.
3 февраль куни эса номаълум шахслар томонидан мазкур ер участкасидаги элдор қарағайи дарахтларининг таги бетонлаб кетилди. Экологлар аралашуви билан дарахт тагига тўкилган қоришмалар Юнусобод туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан тозалаб олинди. Воқеа жойига Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов ҳам борди. Экология қўмитаси, Экопатруль ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида мазкур ҳудудда 24 соат назорат ўрнатилиши белгиланди.
Дарахтларни кесишга уринишлар уларни кесишга доир мораторий жорий этилган даврда содир этилмоқда. Президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мораторий муддатсиз даврга узайтирилган эди.
Мавзуга оид
08:08 / 08.11.2024
Юнусободда бир кунда иккита ЙТҲ содир бўлди
13:40 / 20.08.2024
Тошкентда қалбаки АҚШ долларини сотаётган шахслар қўлга олинди
13:02 / 23.07.2024
Юнусобод туманида янги қурилаётган бинода ёнғин содир бўлди
21:47 / 03.07.2024