Иқтисодиёт | 10:36 / 22.02.2022
20706
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Эрон бизнес-форуми якунлари бўйича 200 миллион долларлик шартномалар имзоланди

Жорий йилнинг 21 февраль куни Теҳрон шаҳрида Ўзбекистон-Эрон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон делегациясига бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов, Эрон томонига эса иқтисодий масалалар бўйича вице-президент Муҳсин Ризоий Мирҳаёт бошчилик қилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Тадбирда икки мамлакат иқтисодиётлари ўзаро манфаатли тарзда бир-бирини тўлдириб тургани ва бу билан тўқимачилик, кимё, фармацевтика, электротехника, биотиббиёт, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилаётганлиги таъкидланди

Ҳозирги кунга келиб паррандачилик, балиқчилик, озиқ-овқат саноати ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди. Сўнгги 5 йил ичида эса, Ўзбекистонда Эрон капитали иштирокидаги корхоналар сони 4 баравар кўпайди.

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

Тадбир дастури доирасида инвестицияларни жалб қилишнинг энг истиқболли йўналишлари ҳамда устувор тармоқларда Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти ва тайёр лойиҳа таклифлари тўғрисида тақдимотлар ўтказилди.

Тадбир якунида икки мамлакат делегациялари раҳбарлари ўзаро манфаатли аниқ келишувларга эришиш мақсадида форум иштирокчиларини яқин ва самарали ҳамкорликка чақирди. 

Форум якунлари бўйича Эрон ва Ўзбекистон ишбилармонлари ўртасида қиймати қарийб 200 миллион долларлик қатор инвестициявий битимлар ва савдо шартномалари имзоланди.

Мавзуга оид