Жамият | 09:56 / 19.03.2022
12901
4 дақиқада ўқилади

Экспертлик сўрови: Ўзбекистон жамоатчилиги бутун дунёда тинчлик бўлишини истайди

Натижалар таҳлили шуни кўрсатдики, ҳарбий ҳаракатлар ўзбекистонликларда қайғу ва қўрқувни уйғотади. Ўзбекистоннинг фаол жамоатчилиги нафақат ўз юртида, балки бутун дунёда тинчлик бўлишини ёқлайди. 

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон жамоатчилигининг тинчлик қадриятига бўлган муносабати даражасини аниқлаш мақсадида экспертлик сўровини ўтказди. 

«Ўзбекистонда давлат ва жамиятдаги тинчлик ва барқарорлик энг катта, бебаҳо бойлик саналади. Бугун дунёда юз бераётган воқеалар ортидан фуқароларимиз тинчликнинг аҳамиятини яна чуқурроқ тушуниб, англаб бормоқда. Мутахассислар буни давлатимиз сиёсати, жумладан, инсонпарварлик ва умуминсоний қадриятларга асосланган ташқи сиёсатининг ижобий натижаси, дея баҳоламоқда», дея қайд этилган ҳаракат матбуот хизмати хабарида.

Сўровда 720 киши — ҳудудларда ташкил этилган мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳлари аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари, бизнес, академик ҳамжамият ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Уларнинг 397 нафарини (55,2 фоизи) эркаклар, 323 нафарини (44,8 фоизи) аёллар ташкил этди. Иштирокчилар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан бирдек қамраб олинди.

Натижалар таҳлили шуни кўрсатдики, ҳарбий ҳаракатлар ўзбекистонликларда қайғу ва қўрқувни уйғотади. Жумладан, «Бошқа мамлакатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлар сизда қандай ҳис-туйғу уйғотади?» саволига 359 киши ёки сўралганларнинг 49,9 фоизи «қайғу» деб жавоб берган.

Жавоблар орасида иккинчи ўринда «қўрқув» (110 киши ёки 15,3 фоиз), учинчи ўринда «нафрат» (105 киши ёки 14,6 фоиз) белгиланган. Бунда «нафрат» деган жавобни аёлларга қараганда кўпроқ эркаклар танлаган (27 фоиз аёллар, 73 фоиз эркаклар). Ҳарбий ҳаракатлар аёлларда ҳам, эркакларда ҳам тенг миқдорда қўрқув ва қайғу ҳис-туйғуларини уйғотиши маълум бўлди. Респондентларнинг 10 фоизга яқини бу қайси мамлакатда содир бўлаётганига боғлиқлигини, 9,2 фоизи эса ваҳимага тушишини билдирган. Бирорта респондент «хурсандчилик» жавобини танламаган.

Ўзбекистоннинг фаол жамоатчилиги нафақат ўз юртида, балки бутун дунёда тинчлик бўлишини ёқлайди. Сўровнинг аксарият иштирокчилари, яъни 672 нафари ёки 93,3 фоизи «Мен бутун дунёда тинчлик бўлишини истайман» жавобига тўлиқ қўшилган. Қатнашчиларнинг 27 нафари (3,8 фоиз) Ўзбекистонда, 21 нафари (2,9 фоиз) Марказий Осиёда тинчлик бўлишини истайди. 

Фуқаролар мамлакатимизнинг ташқи сиёсат концепциясига асосан, блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаб қолиш муҳимлигини қайд этмоқда. Ўзбекистоннинг ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик сиёсатига 621 нафар респондент (86,3 фоизи) қўшилади ва тўлиқ қўллаб-қувватлайди, 74 нафари (10,3 фоизи) бунга нейтрал муносабатда, 25 нафари (3,4 фоизи) эса ҳарбий блокларга қўшилиш керак, деб ҳисоблайди. Экспертлар Ўзбекистоннинг «ўткир масалалардан қочмасдан, оқилона муроса йўлини излаш» тамойилига асосланган минтақавий сиёсатини, тинчлик ва тараққиёт, барқарор ривожланиш ва яхши қўшничилик йўлида БМТ тузилмалари билан яқин ҳамкорлигини қўллаб-қувватлайди.

Глобал/минтақавий муаммоларни фақат халқаро ташкилотлар, шу жумладан БМТ иштирокида дипломатия йўли билан ҳал қилиш мақсадга мувофиқ. Сўровнинг 440 нафар қатнашчиси (61,1 фоизи) шундай ҳисоблайди. Респондентларнинг бешдан бир қисмининг фикрича, глобал ва минтақавий муаммоларни фақат дунё етакчилари билан ҳамкорликда ҳал қилиш керак. 18,6 фоиз респондентга кўра, бу масалага фақат икки томон – можаро қилаётган давлатлар иштирокида ечим топиш мумкин. Бир нафар сўров иштирокчиси «ҳарбий кучларни ишлатган ҳолда» деган жавобни берган.

«Глобал дунё жиддий трансформацияни бошдан кечирмоқда. Биз бутунлай янги тарихий воқеликларда яшаяпмиз. Иқтисодиёт, одатий турмуш тарзи ўзгармоқда, технологиялар фаол ривожланмоқда. Одамлар янгиликларга ва ўзгаришларга мослашмоқда. Бироқ ўзбекистонликлар учун жамиятдаги, минтақадаги, бутун дунёдаги тинчлик ва тотувлик асосий қадрият бўлиб қолади», дейилади «Юксалиш» матбуот хизмати хабарида. 

Мавзуга оид