Ўзбекистон | 22:35 / 15.11.2022
12777
5 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистонда диний эркинликка доир қонунчилик халқаро стандартларга мослаштирилишига умид билдирди

Собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов ўтган ҳафта АҚШда бўлиб, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари билан учрашиб қайтди. Ташриф АҚШ комиссиясининг Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича «махсус кузатув остидаги давлатлар» рўйхатига қайтаришга доир чақириғидан кейин амалга оширилди.

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

5-6 ноябрь кунлари Ўзбекистон адлия вазири (эндиликда собиқ) Русланбек Давлетов ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШга ташриф буюрди.

Делегация аъзолари Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси (USCIRF) раҳбарияти, Institut Global Engagement (IGE) ва Хелсинки Комиссияси экспертлари билан музокаралар ўтказган.

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси доимий аъзолари билан учрашувда Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш соҳасида қилинаётган ишлар муҳокама қилинган.

«Хусусан, диний эркинликни таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар ва диний ташкилотларга оид қонунчиликни либераллаштириш Америка томони билан атрофлича муҳокама қилинди. Ўзбекистонда диний эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари алоҳида таъкидланди.

Комиссия аъзолари Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш соҳасидаги вазиятни яхшилаш бўйича салмоқли саъй-ҳаракатлар амалга оширилганини эътироф этди. Улар бу борадаги ислоҳотларни давом эттириш, қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларга умид билдирди», – дейилади вазирлик хабарида.

Учрашув якуни бўйича Ўзбекистон ва АҚШ диний эркинликларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун доимий ишчи мулоқотни давом эттиришга келишиб олган.

Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича АҚШ комиссияси (Хелсинки комиссияси) вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги шерикликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Бундан ташқари, Русланбек Давлетов АҚШ президентининг махсус ёрдамчиси Эрик Грин ва давлат котиби ёрдамчиси Доналд Лу билан учрашиб, Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва диний эътиқод эркинлигини таъминлаш каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашган.

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

6 ноябрь куни Русланбек Давлетов АҚШнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчиси Жонатан Хеник билан ҳам учрашган. Бу ҳақда твит қолдирган Вашингтондаги Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов учрашув тафсилотларига тўхталмаган.

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Маълумот учун, Халқаро диний эркинлик масалалари бўйича АҚШ комиссияси 2022 йил сентябрь ойида Ўзбекистон бўйича янгиланган ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда 2021 йилда Ўзбекистонда диний эркинлик билан боғлиқ вазият ёмонлаша бошлагани сабабли комиссия АҚШ ҳукуматига мамлакатни диний эркинлик бўйича «махсус кузатув остидаги» давлатлар рўйхатига қўшишни тавсия қилган.

«Ўзбекистон ҳукумати маълум маънода диний эркинликни ислоҳ қилиш бўйича ўзининг илғор дастуридан узоқлашди», – дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда янги таҳрирда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунда бир қанча янгиликлар бўлса-да, уни қабул қилишда БМТ ва ЕХҲТ каби халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ҳамда халқаро ҳуқуқ нормалари эътиборга олинмагани қайд этилган.

Халқаро ташкилотнинг ўрганишларига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида 2200 га яқин динга алоқадорлиги тахмин қилинган сиёсий маҳбуслар қолмоқда. Уларнинг кўпчилиги аввалги режим даврида ҳукм қилинган. Ҳисоботда, шунингдек, пойтахт Тошкент ва айрим ҳудудларда эркакларни ИИВ муассасаларига олиб бориб, мажбуран соқолини олдириш амалиёти давом этаётганига эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, ҳисоботда Дин ишлари бўйича қўмита рухсати билангина чет элда диний таълим олиш ва ҳар қандай материаллардан қўмита рухсатисиз фойдаланиш ҳамда тарқатишнинг тақиқланиши каби ҳолатлар қайд этилган.

Жорий йил июнь ойида АҚШ Давлат департаменти дунёда диний эркинлик ҳолати бўйича 2021 йил ҳисоботини тақдим қилган эди. Унда ҳам Ўзбекистон диний эркинликлар ҳолати бўйича салбий хулосалар берилган.

Сўнгги вақтларда, ижтимоий тармоқ фаоллари ИИВ Терроризмга қарши кураш бошқармаси томонидан хусусий ўқув марказлари фаолиятига аралашувлар кўпайгани, «диндор» дея тахмин қилинган блогерлар профилактик суҳбатларга чақирилаётгани ҳақида хабар қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ давлат департаменти 2018 йил декабрда Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича вазият «алоҳида хавотирга молик» мамлакатлар рўйхатидан («қора рўйхат») чиқарганди. 2020 йил декабрда эса Ўзбекистон «махсус кузатув остидаги давлатлар» рўйхатини («кулранг рўйхат») ҳам тарк этди.

2021 йил декабрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТ терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн мамлакатда экстремизм ва терроризмга қарши қонунларни тубдан ислоҳ қилиш кераклигини тавсия қилган эди.

Мавзуга оид