Ўзбекистон | 11:29 / 25.11.2022
16348
3 дақиқада ўқилади

Маҳаллийлаштириш ва имтиёзлар. Ўзбекистон электромобилларга ўтиш тенденциясини қандай тезлаштирмоқчи?

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электромобилларни утилизация йиғимидан, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, жиҳозлари, хомашё материалларини божхона божидан озод этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ йўлга қўйилгунча инвесторларга муайян миқдордаги электромобилларни имтиёзли шартлар асосида олиб киришга рухсат берилиши мумкин.

Фото: AP

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган навбатдаги йиғилишда электромобиллар тармоғини ривожлантиришга оид бир қанча таклифлар муҳокама қилинди.

Мутасаддилар тармоқда ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш зарурлиги ҳақида фикр билдирди. Жумладан, республикада ишлаб чиқарилган электромобилларни утилизация йиғимидан, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, жиҳозлари, хомашё материалларини божхона божидан озод этиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ йўлга қўйилгунча инвесторларга муайян миқдордаги электромобилларни имтиёзли шартлар асосида олиб киришга рухсат бериш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электромобилларини сотиб олиш учун олинадиган кредит фоизларининг маълум бир қисми давлат томонидан қоплаб берилиши кўзда тутилмоқда. 2023–2025 йилларда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналарнинг электромобиллар харид қилиши ҳам қўллаб-қувватланади. Электромобилларда йўловчи ташиш хизмати кўрсатувчи шахсларга лицензия учун давлат божи тўлашда енгиллик берилади. 

Ўзбекистонда электромобил ишлаб чиқариш учун керакли хомашёлардан бири бўлган мис кластерлари ташкил этилаётгани қайд этилди. Бундан фойдаланиб, ушбу кластерларда электромобиллар ва қувватлаш станциялари учун бутловчи қисмлар тайёрланади.

Кадрлар тайёрлаш доирасида Турин политехника университети ҳузурида Электромобиллар ва уларнинг инфратузилмаси бўйича илмий-тадқиқот лабораторияси ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларни ривожланган давлатларга малака оширишга юбориш режалаштирилмоқда.

Йиғилишда мутасаддилар ушбу чора-тадбирлар натижасида республикада йилига 15–25 мингта электромобил ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкинлигини қайд этишди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига электромобиллар ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш бўйича халқаро стандартларни жорий этиш вазифаси қўйилди.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонга электромобил импорт қилишда ҚҚС, утилизация ва божхона йиғими ундирилади.

Бунда:

  • ҚҚС автомобилнинг божхона қийматидан 15 фоиз;
  • утилизация йиғими – агар электромобилнинг ишлаб чиқарилган муддати 3 йилдан ошмаган бўлса, БҲМнинг 30 баробари (9 млн сўм); 3 йилдан ошган бўлса, БҲМнинг 90 баробари (27 млн сўм) миқдорида;
  • божхона расмийлаштируви бўйича йиғим электромобилнинг қийматига қараб БҲМнинг 1 баробаридан 3,5 баробаригача (300 минг – 1 млн 50 минг сўм оралиғида) миқдорда бўлади.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзавтосаноат» Хитойнинг BYD компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этмоқчи. Ўзбекистон ва Хитой бу борада 1 млрд долларлик битимлар тузишга келишиб олган.

Мавзуга оид