Жаҳон | 15:04 / 13.12.2022
8021
4 дақиқада ўқилади

Европарламент фракциялари етакчилари ЕП раис ўринбосарини лавозимидан олиб ташламоқчи

Коррупцияда гумон қилинаётган Европарламент вице-президенти Ева Кайлини ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарор 13 декабрь куни бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда қабул қилинади, деб хабар бермоқда dpa.

Фото: IMAGO

Европарламент фракциялари етакчилари коррупция ва бошқа жиноятларда гумон қилинаётган Европарламент вице-президенти Ева Кайлини лавозимидан четлаштириш зарурлиги тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилди. Улар раислар конференцияси деб аталадиган анжуман доирасида шундай таклифга келишиб олди, деб хабар қилмоқда dpa агентлиги 13 декабрь, сешанба куни Европарламентдаги манбаларга таяниб. 

Якуний қарор Европарламент депутатлари томонидан ялпи мажлисда қабул қилиниши керак. Овоз бериш худди шу куни ўтказилиши лозим, деб ёзади агентлик. Қарор қабул қилиш учун уни парламент аъзоларининг камида учдан икки қисми қўллаб-қувватлаши шарт.

Ўз навбатида, Кайли адвокатлардан бири орқали унга қўйилган айбловларни рад этди. «Унинг позицияси шундаки, у айбсиз. Унинг Қатардан келаётган пул оқимига ҳеч қандай алоқаси йўқ, мутлақо ҳеч қандай», - деди адвокат Михалис Димитракопулос Грециянинг Open телеканали эфирида. У ҳеч қандай тафсилотни ошкор эта олмаслигини, шунингдек, Кайлидан пул топилгани ёки топилмагани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.

Бир кун аввал Европарламент президенти Роберта Метсола депутатларга мурожаат қилиб, Европа демократияси ҳамда эркин, очиқ ва демократик жамиятга ҳужум тўғрисида эълон қилган эди. У коррупция можаросини кенг қамровли текширишга чақирди. Ўтган ҳафта охирида Метсола собиқ грециялик телебошловчиси Кайлини ЕП вице-президенти лавозимидан четлатди, бундан ташқари, у Грециянинг ПАСОК партияси ва ЕПнинг социал-демократик фракциясидан чиқариб юборилди. 

Европарламентнинг 14 нафар вице-президентларидан бири Ева Кайли бир вақтнинг ўзида Қатардаги меҳнат бозоридаги вазиятни кузатиш бўйича вакиллардан бири бўлган, у ерда ҳуқуқ фаоллари Осиё ва Африкадан келган меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг кўплаб бузилиши ҳолатларини қайд этишган. 2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланишидан бироз олдин Кайли Қатар меҳнат вазири билан учрашди ва 22 ноябрь куни ЕПда сўзга чиқиб, Қатардаги меҳнат бозори ислоҳотига ижобий баҳо бериб, уни «араб дунёсини илҳомлантирди» деб атади. Декабрь ойи бошида Кайли жаҳон чемпионати мезбони Қатар томонидан эҳтимолий коррупция бўйича тергов доирасида олтита гумонланувчилардан бирига айланди. 

Бир неча кун олдин улар қўлга олинди, тинтув пайтида компьютерлар, мобил телефонлар ва 600 минг евро мусодара қилинди. 11 декабрь куни Бельгия ҳукумати тўрт нафар гумонланувчига айблов эълон қилди ва уларни ҳибсга олишга ордер берди. «Улар жиноий ташкилотда иштирок этиш, пул ювиш ва коррупцияда айбланмоқда», — дейилади прокуратура хабарида. Бельгия матбуотига кўра, Кайлидан ташқари, унинг парламент маслаҳатчиси Франческо Жоржи, социалистик фракциядан Европарламентнинг италиялик собиқ аъзоси Пьер-Антонио Панцери ва яна бир номи ошкор этилмаган Брюссел лоббичиси ҳибсга олинган. Яна икки қўлга олинган шахс – Кайлининг отаси ва Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси бош котиби Лука Висентини озод қилинди.  

Мавзуга оид