Жамият | 11:16 / 15.12.2022
25549
3 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура Нукус воқеалари бўйича суд нега Бухорода ўтаётганига изоҳ берди

Мустақил комиссияга тақдим этилган маълумотда суд ишини кўриб чиқаётган судя қандай танланганига ҳам ойдинлик киритилган.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Нукус воқеалари бўйича суд жараёни Нукусда эмас, Бухорода ўтаётгани Қорақалпоғистондаги тергов ҳибсхонасидаги таъмирлаш ишлари билан боғлиқ. Бу ҳақда Бош прокуратура Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганиш бўйича мустақил комиссиянинг очиқ мурожаатига қайтарган жавобида маълум қилинган.

«Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 2-сонли Тергов ҳибсхонасида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли бу ерда сақланаётган маҳбуслар яқин вилоятларда жойлашган Тергов ҳибсхоналарига тақсимот асосида кўчирилган. Шу муносабат билан Қорақалпоғистон ҳодисалари бўйича айбланган шахслар Бухоро вилоятидаги 4-сонли Тергов ҳибсхонасида сақланаётганлиги сабабли суд мажлиси Бухоро вилоят суди биносида ўтказилмоқда», дейилади Бош прокуратуранинг расмий маълумотида.

Бош прокуратура суд жараёни учун судя қандай тайинлангани бўйича ҳам изоҳ берган.

«Судларга келиб тушган жиноят ишлари Олий суднинг E-Sud ахборот тизими томонидан иш юкламасидан келиб чиқиб, судялар ўртасида тақсимланади. Мазкур жиноят иши ҳам дастур томонидан инсон омилини истисно этган ҳолда Е.Абибуллаевга тақсимланган», дея таъкидланган Бош прокуратура ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, июл ойида Қонунчилик палатаси ва Сенат Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш учун Мустақил комиссия тузилган, унга омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилишини хабар қилинганди

28 ноябр куни Нукус воқеалари бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бошланганди. Бош прокуратура яна 39 кишига дахлдор иккинчи жиноят иши бўйича тергов якунланаётганини, Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликларни уюштиришда жами 171 киши айбланётганини маълум қилган.

Бош прокуратурага кўра, намойишлар вақтида ҳамда айбдорларни қўлга олиш жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари хизмат ваколатидан четга чиқиб, заруриятсиз куч ва воситаларни ишлатгани, фуқароларга қурол ёки бошқа махсус воситалар қўллагани тасдиғини топган тақдирда, улар жавобгарликка тортилади.

Бундан ташқари, оммавий тартибсизликлар чоғида 2 нафар фуқаронинг вафоти ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида прокуратура идоралари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган. Тергов якунига кўра, айбдор деб топилган шахсларга нисбатан қонуний қарорлар қабул қилиниши таъминланади.

Нукус воқеалари пайтида вафот этган 19 нафар шахснинг рўйхати ва вафот этиш сабаблари (қийноқдан, ўқ отар қуролдан ва махсус воситалардан вафот этгани) очиқланади.

Мавзуга оид