Жамият | 16:35 / 16.01.2023
15549
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлари марказларининг барча ресурслари фуқароларга ёрдам режимига ўтказилди

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Давлат хизматлари марказларининг барча ресурслари фуқароларга ёрдам режимига ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда кузатилаётган аномал совуқ ва унинг оқибатларини енгиллатиш учун республикадаги барча давлат хизматлари марказларида фуқароларнинг оғирини имкон қадар енгиллатиш мақсадида қатор қулайликлар жорий этилди.

Биринчидан, фуқаролар бирор иш билан ДХМ яқинида ташқарида туриб қолса – ҳатто ДХМда иши бўлмаса ҳам – ичкарига кириб исиниб олишлари мумкин: уларга бир пиёла иссиқ чой, шинам кутиш заллари ҳозир.

Иккинчидан, барча ДХМга ташриф буюраётган (Тошкент шаҳри мустасно) пенсионер, ногирон, ёш болали фуқароларни хизмат автомашинаси «Дамас»ларда зарур ҳолларда автобуслар бекати, шаҳар ёки туман маркази, уйига қадар етказиб қўйиш тўғрисида раҳбарият томонидан топшириқ берилди.

Учинчидан, барча ДХМ энергиятежамкор режимда ишламоқда: кундуз куни чироқлар ёқилмайди, фақат компютер ва фуқароларга маълумот берувчи таблолар ишлайди.

Шунингдек, давлат хизматларини кўчага чиқмай, уйдан туриб олиш имкониятлари ҳам яна бир бор эслатилади.

my.gov.uz, license.gov.uz ҳамда new.birdarcha.uz порталлари орқали уйдан чиқмаган ҳолда электрон давлат хизматларидан фойдаланиш мумкин

Масалан, my.gov.uz орқали:
– санаторийларда даволаниш  йўлланмасини олиш;
– масофадан туриб болани боғчага навбатга қўйиш ва навбатни текшириш;
– никоҳдан ўтишга онлайн ариза топшириш мумкин.

«Лицензия» ахборот тизими орқали лицензиялаш ва рухсат бериш ҳужжатлари учун ариза бериш, кабинет орқали ташкилотга тегишли маълумотларни олиш, лицензиялар реестридан маълумотлар излаш имкониятлари мавжуд.

Бизнесни new.birdarcha.uz орқали уйдан чиқмаган ҳолда осон ва тез бошлаш имкони яратилган.

Мавзуга оид