Днипрога ракета ҳужуми қурбонлари сони 40 нафарга етди
Камида 40 киши ҳалок бўлди, 75 киши яраланди, Россия ракетаси туфайли вайрон бўлган уйнинг яна 30 нафар фуқароси тақдири номаълум, дейди Украина расмийлари.
Днипродаги кўп қаватли турар жой биносига Россия ракетасининг урилгани оқибатида ҳалок бўлганлар сони 40 кишига етди. Бу ҳақда 16 январь, душанба куни Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълум қилди. Душанба куни соат 13:00 ҳолатига кўра, 40 киши ҳалок бўлди, улардан 3 нафари болалар, 75 киши, жумладан, 14 нафар болалар яраланди.
Турар жой биноси вайроналарини тозалаш ишлари давом этмоқда. Қутқарувчилар бино вайроналари остидан 39 кишини тирик олиб чиқишга муваффақ бўлди, деб хабар берди идора Telegram'да. Уйнинг яна 30 га яқин фуқаросининг тақдири ҳозирча номаълум. Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотларига кўра, бинода 72 та хонадон вайрон бўлган, 236 таси шикастланган.
Россиянинг Днипрога ракета ҳужуми 14 январ куни амалга оширилди. Шу куни Украина ҳудуди бўйлаб турли ўнлаб ракеталар учирилди. Украина хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, Днипрога зарба бериш учун рус қўшинлари Совет Иттифоқида авиаташувчи денгиз гуруҳларини йўқ қилиш учун мўлжалланган Х-22 ракетасидан фойдаланган. "СБУ" маълумотларига кўра, Россия армиясида бундай ракеталарни фақат 52-оғир бомбардимончи авиация полки учиришга қодир. Махсус хизмат Днипрога ракета ҳужумида иштирок этган россиялик ҳарбийларнинг шахсини аниқлади.
Терговнинг дастлабки маълумотларига кўра, унда бир неча ўнлаб россияликлар, жумладан 52-оғир бомбардимончи авиация полки (33310-ҳарбий қисм) командири, полковник Тимошин Олег Евгеньевич, ушбу полкнинг авиация отряди командири, майор Иваненко Алексей Сергеевич, авиация гуруҳи авиация эскадрильяси штаб бошлиғи Дмитрий Голенков, 52-авиация полкининг штурманлари Денис Григорьев ва Динар Назиров, шунингдек, полкнинг авиация қуроллари бўйича муҳандиси Евгений Поцелуев бор.
Европа Иттифоқига раислик қилувчи Швеция Россиянинг Днипрога ракета ҳужумини ҳарбий жиноят деб атади. «Ушбу даҳшатли ҳужум натижасида бегуноҳ тинч аҳоли, жумладан, болалар ҳалок бўлди ва яраланди. Шунинг учун мен аниқ айтаман: тинч аҳолига қасддан ҳужум қилиш ҳарбий жиноят ҳисобланади. Уруш жиноятлари учун масъуллар жавобгарликка тортилади», - деди Швеция бош вазири Ульф-Яльмар Кристерссон Стокҳолмда Европа Иттифоқи кенгаши президенти Шарл Мишел билан қўшма матбуот анжуманида. Унинг таъкидлашича, ЕИ ва Швеция Украинани зарур бўлган вақтгача кенг кўламда қўллаб-қувватлашда давом этади ва Украинанинг ғалабаси «Европа учун экзистенциал масала» ҳисобланади.
Европарламент раиси Роберта Метсола россияликларнинг Днипродаги турар жой биносига ракета ҳужумини қотиллик деб атади. «Россиянинг Украинага пала-партиш ҳужумлари давом этмоқда: турар жой бинолари уларнинг нишонига айланганини, аёллар ва болалар қандай ўлдирилганини кўрдик. Днипродан кадрлар уларни кўрган, буни бошидан ўтказган барчанинг хотирасида абадий қолади», деди у.
Мавзуга оид
12:00 / 30.10.2024
АҚШ Давлат департаменти Данияга "ҳаво-ҳаво" ракеталарини сотишни маъқуллади
09:20 / 08.10.2024
Одессада РФ ракетаси фуқаролик кемасига бориб урилди
09:10 / 24.09.2024
G7 БМТда Киевга узоқ масофали ракеталарга рухсат бериш масаласини муҳокама қилади
13:25 / 23.09.2024