Ўзбекистон | 22:56 / 02.04.2023
30390
3 дақиқада ўқилади

Хоразмдаги болалар уйининг жабрланган қизлари хавфсизлиги таъминланди – Саида Мирзиёева 

Хоразм вилоятида мансабдор шахслар томонидан жинсий зўравонликка учраган, Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган, вояга етмаган қизлар ҳимояга олинди.

Фото: Саида Мирзиёева / Telegram

Президент администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири Саида Мирзиёева Хоразм вилоятида мансабдор шахслар томонидан жинсий зўравонликка учраган, Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган, вояга етмаган қизлар ҳимояга олингани ҳақида хабар берди.

«Бугун биз Хоразмдаги болалар уйининг уч нафар жабрланган қизларига хавфсизлик таъминланишига эришдик», деб ёзди у.

Шунингдек, Саида Мирзиёева қонунларни қатъийлаштириш ва зўравонликка мутлақ тоқатсизлик нормаларини яратиш вақти келганини таъкидлади.

«Уларнинг хавфсизлиги, руҳий ва жисмоний тикланиши ҳозирда устувор масала. Шу билан бир вақтда бу каби вазиятларда ҳаракат қилиш ва, энг асосийси, уларнинг олдини олиш тизимини яратиш устида ишлашимиз керак. Қонунларни қатъийлаштириш ва зўравонликка мутлақ тоқатсизлик нормаларини яратиш вақти келди. Барча даражаларда.

Бу вазиятда менга умид бағишлайдиган бирдан-бир жиҳат борки, у ҳам бўлса ошкоралик ва фуқаролик жамиятининг овози. Эҳтимол, бусиз атрофда бўлаётган воқелардан ожизларча бехабар бўлиб қолардик».

Саида Мирзиёева сўзларига кўра, ҳозирги вақтда бундай зўравонликка қарши курашиш учун реал ресурслар пайдо бўлган.

«Зўравонлик доим бўлган, лекин айнан ҳозир очиқлик туфайли ушбу ҳодиса ҳақида баланд овоз билан гапиряпмиз ва бунга қарши курашиш учун реал ресурсларимиз пайдо бўлди.

Ўзбекистон сўз ва медиа эркинлиги борасида зиммасига олган мажбуриятлари, бу жараён барча учун жуда оғриқли кечаётган бўлса-да, ўз мевасини бермоқда. Тизим бир кунда барпо этилиб қолмайди, бу узоқ йўл ва манфаатлар курашидир. Ва бугун муаммоларни эркин кўтараётган овоз ҳар қачонгидан ҳам баланд янграмоқда».

Саида Мирзиёева бу ҳолат юзасидан фуқаролик позициясини билдирган барча ОАВ ва фаолларга миннатдорлик билдирди. 

«Амалда ишлайдиган одил судлов тизимини яратиш йўлида бирлашсак, куч бўламиз!», деб якунлади у.

Аввалроқ, Хоразмда вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ва туман ФВБ раҳбари Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келгани, 15-17 ёшлардаги ҳимоясиз қизларни бу ишга Меҳрибонлик уйи мудираси мажбурлагани, мудира 5 йилга озодликдан маҳрум қилингани, икки мансабдорнинг озодлиги бир ярим йилга чекланган ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид