Спорт | 20:33 / 30.04.2023
25036
2 дақиқада ўқилади

Ян Непомняшчий шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун баҳсда Лижэнга ютқазди

Хитойлик гроссмейстер Динг Лижэн россиялик шахматчи Ян Непомняшчийни мағлуб этиб, шахмат бўйича жаҳоннинг 17-чемпионига айланди.

Россиялик шахматчи Ян Непомняшчий шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвони учун баҳсда хитойлик рақиби Динг Лижэнга ютқазди.

Непомняшчий ва Лижэн ўртасидаги баҳс 9 апрелдан буён давом этаётганди. Унинг асосий қисми 14 партиядан иборат бўлди ва 7:7 ҳисобида якунланди, шундан кейин 30 апрел куни тай-брейк ўйналди.

Тезкор шахмат бўйича тўрт партия ўйналган тай-брейкда дастлабки уч баҳсда дуранг қайд этилди, тўртинчисида эса оқ доналарда ўйнаган Непомняшчий 68 юришдан кейин таслим бўлди.

Динг Лижэн тарихдаги 17-жаҳон чемпиони — ва Хитойдан бўлган илк чемпион бўлди.

2022 йилда даъвогарлар турнирида ғолиб чиққан Непомняшчий амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсенга қарши ўйнаши кўзда тутилганди. Аммо 2013  йилдан буён унвонни ўзида сақлаб келган норвегиялик шахматчи бу унвонни ҳимоя қилишдан воз кечиб, буни «иштиёқ йўқлиги» билан изоҳлади. Шундан кейин Непомняшчийга даъвогарлар турнирида иккинчи бўлган Динг рақиблик қиладиган бўлди.

Мавзуга оид