Жамият | 12:47 / 05.06.2023
16508
7 дақиқада ўқилади

Қалбсиз қаҳрамоннинг қалб қийноқлари – «Дориан Грейнинг портрети» романига чизгилар

Нега ҳамма аҳмоқлар турфа-ю, нега барча ақллилар айни? «Уруш ва тинчлик»даги Болконский (Лев Толстой), «Азизим»даги шоир (Ги Де Мопассон), «Дориан Грейнинг портрети»даги Лорд Генри (Оскар Уайлд): бири рус, бири француз, бошқаси эса инглиз бўлса-да, аммо нега моҳияти айни, маслаги муштарак?! Ёинки инсоният ҳамон бир чизиқ узра ҳаракатланмоқдами?

Фото: asaxiy.uz

Ўзбек ўқирманларига таниш бўлган таниқли ёзувчи Оскар Уайлд қаламига мансуб «Дориан Грейнинг портрети» асарига чизгилар тортиб кўришга ҳаракат қиламиз. Асар ҳақида гапиришдан олдин ижодкор руҳиятига бир назар ташлаб олсак, зарар қилмайди.

Оскар Уайлд – Дублиннинг тизгинсиз шоири

Яхши ёзувчилар икки хил бўлади: туғма ва файласуф. Оскар Уайлд иккинчи турга мансуб ижодкор. 1854 йили Дублинда туғилган Оскар жўшқин истеъдод, қайноқ характер соҳиби эди. Ўз даврида ахлоқсизликда айбланиб, икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган. Мана шу даврдаги тушкунлик, руҳий изтироблар унинг «Рединг қамоқхонаси балладаси» (1898) асарида тасвирланган.

Ижодкорларга нисбат берилганда одатда уларнинг шахсияти ва ижоди ҳамиша ҳам мутаносиб келавермаслигига гувоҳ бўламиз. Мана шу номутаносибликни Оскар Уайлд ўз қаҳрамони рассом Безил Холлуард тилидан айтилган қуйидаги жумла билан изоҳлашга уринади:

«Санъаткорнинг туйғулари унинг асарларида акс этмайдигандек бўлади. Санъат биз ўйлагандан кўра мавҳумроқ нарса. Менинг миямга тез-тез бир фикр келиб туради – санъат ўзида санъаткорни ошкор этишдан кўра кўпроқ даражада уни яширади».

Бу иддаога кўра санъаткор ва санъат айро-айро тушунчалар. Бирининг ҳислари иккинчисида мутлақо аксланмаслиги мумкин. Бироқ бу ҳам олий ҳақиқат эмас, боиси Оскарнинг «мангу руҳи» лорд Генри тимсолида замонлар оша яшаб келмоқда.

Ёзувчи айнан шу қаҳрамонига ўз сезимларини юқтира олган. Ижодкорнинг нозик, шу билан бирга зиддиятли шахсиятини унинг нафис шеъриятида, ғаройиб эртакларида, ўйга толдирувчи драмаларида ҳамда ларзага келтирувчи романида учратиш мумкин. 

Хўш, асар нима ҳақида?

Буни муаллифнинг ўзи ҳам романнинг бир неча жойида очиқлайди ва сирли портрет аслида рамз эканлигини у инсоннинг қалби ёхуд виждони ўлароқ тасвирланишини айтади. Мен бунга шундай таъриф бердим: асар тамомила қалбини Иблисга сотган қалбсиз инсоннинг қалб қийноқлари ҳақида. 

Қалбсиз инсонда қандай қалб қийноқлари бўлиши мумкин? Нарцисс Дориан қандай азоб исканжасида қолди? Наҳот шунча ёвузликлардан сўнг ҳам унда бироз бўлса-да виждон қолган-у, мана шу заиф зарра уни махфий хонага бошлаб ўз суратига тикилишга мажбурлай олса? Бундай «олийжаноблик»ни кўрган ўқувчи беихтиёр Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони»ни ёдга олиши тайин. 

Очиғи, ёлғиз фарзанд ва якка меросхўр бўлган етим Дориан Грейнинг «ака-укалари» бисёр. Бир ўринда у Печоринга («Замонамиз қаҳрамони») бадиий акалик қилса, бошқа ўринда афсонавий Нарцисcнинг ҳақиқий укасидир. Яна бир қарасангиз Мерсо («Бегона») билан қондош бўлиб чиқади. 

Асар ишқ билан битилган, аммо ундаги ишқ бош қаҳрамоннинг ўз вужудига қаратилгани боис қолган барча туйғуларини ўлдириб борди. Бу қотилликдан доимгидай энг кўп ва оғир зарбани маъшуқалар олди. Гўзал юнон трагедияларини ёдга солувчи бадбахт маъсума, гўзалликда Илоҳа билан беллаша оладиган бокира Сибила ҳам Дорианга ошиқ-у мубтало бўлгач, қисмат тавқи лаънатига учради, худди қисматдоши Маргарита сингари («Фауст»). Ишқ қопқони бу ожизаларни ажал домига бошлаб борди. Бироқ уларда аёллик нафосати қанчалик кучли бўлмасин, эркакларнинг аёллик тилсимига бўлган фикрларини чок-чокидан сўтишга ожиз эдилар. Ана шу заифлик барча аёлларнинг аёллик қадарига ҳукм ўқиди.  

Буни романнинг турли ўринларида учрайдиган қуйидаги мулоҳазалардан ҳам билишингиз мумкин:

«Ўғилгинам, билиб қўйингки, аёллар ҳеч қачон бебаҳо бўлмайди. Улар безак учун хизмат қиладиган жинс. Уларнинг дунёга айтадиган гапи йўқ. Лекин шундай бўлса ҳам гапиришади, гапирганда ҳам жуда латофат билан гапиришади. Аёл киши руҳ устидан тантана қилаётган моддиюнликнинг тажассуми, эркак эса фикрнинг ахлоқ устидан тантанасини тажассум этади» (73-74-саҳифалар). «Оддий аёллар ҳамиша дарров юпана қоладилар… Бошқа аёллар қўққисдан ўзларининг қонуний эрларида турли-туман фазилатларни кашф қила бошлайдилар-да, шу билан овунишади-қолишади». (154-саҳифа).

«Ошкора шафқатсизлик аёлларга ҳар нарсадан кўпроқ хуш ёқади: уларда ибтидоий инстинкт ҳайрон қоладиган даражада кучли бўлади. Биз уларга озодлик бердик, улар бўлса, ўзларига хўжа изловчи канизаклар сифатида қолиб келмоқдалар» (155-саҳифа).

Асарда турфа мавзулар юзасидан файласуфона мулоҳазаларга дуч келасиз, шуниси қизиқки, аввалбошида жуда жўн туюлган фикр замирида ғоят салмоқли хулоса ётибди, сизни жунбишга келтиргани эса, салмоқдор моҳиятни жўнгина ифодалаш мумкинлиги бўлади. Ва беихтиёр ўша машҳур «Буюклик оддийликдадир» иборасини эслайсиз. «Кексалик фожиаси одамнинг кексайишида эмас, балки унинг қалбан ёш қолишидадир», дейди муаллиф. Ва асарда мана шу фожиа қай тарзда кечиши замирига инсон трагедияси қурилган.

Асар ўзбек китобхонига нега зарур?

Юқорида асарни қалбсиз инсоннинг қалб қийноқларига таққослаган бўлсак-да, бироқ бу роман ўзбек жамиятининг умумлашма тимсолидир. Дориан қадимги юнон афсоналаридаги Нарциссга қанчалар ўхшаса, бизнинг бугунги жамиятимизга ҳам шунчалар яқин. Бугун фақат ўзини севувчи, ўз нафсидан бошқасига қулоқ тутмайдиган, ўз мақсади учун ён-атрофдан истаганча қурбонлик изловчиларнинг адабий тимсолидир Дориан. Эътибор беринг, бугунги ўзбек жамияти ўз эгосининг энг юқори чўққисига кўтарилган. Жамиятдаги иллатлар: порахўрлик, иккиюзламачилик, алдов, ўзгаларга нисбатан нафрат, зуғум ҳар қачонгидан ортган. Бироқ бизнинг фожиамиз Дорианникидан оғирроқ: бизда аҳволимизга бир қур назар ташловчи на ойна бор, на портрет.

Сўнгсўз

Бугун атайин сюжет томон одимламадик, чунки асар спойлери ғоят жўн иш бўлиб туюлмоқда. Сюжет асл хазинанинг ҳимоя қобиғи, китобхонга эса асл маъдан қизиқроқ бўлади, деб умид қиламан. Сўнгсўзни эса асардан иқтибос келтириш билан битамиз.

«Гуноҳларимизни Ўзинг кечир» эмас, балки «Йўл қўйган ҳақсизликларимиз, жамики қонунга хилоф ишларимиз учун бизни жазога мустаҳиқ қил!»адолатпарвар Парвардигорга инсоннинг таваллоси ана шундай бўлмоғи керак».

Дилбар Ҳайдарова, китобхон

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга оид