Жаҳон | 14:11 / 14.06.2023
15514
10 дақиқада ўқилади

Меҳмет Шимшек иқтисодий сиёсатни ўзгартиришга Эрдўғанни қандай кўндирди?

Туркия президенти сайловдан кейин молия вазири лавозимига Меҳмет Шимшекни тайинлаб, ўзининг иқтисодий сиёсати хато эканини тан ола бошлагандек кўриняпти. ОАВга кўра, иқтисодиёт масаласида Эрдўғандан буткул бошқача қарашларга эга Шимшекнинг ҳукуматга келишида Байроқдорлар оиласи вакиллари муҳим ўрин тутган.

Меҳмет Шимшек ва Ражаб Тоййиб Эрдўған, 3 июн 2023 йил / Фото: Reuters

Май ойи охирида Туркия президенти лавозимига қайта сайланишга муваффақ бўлган Ражаб Тоййиб Эрдўған сайловдан кейин ҳукуматда муҳим ўзгаришларни амалга оширди. Энг катта янгиликлардан бири – ғазначилик ва молия вазири лавозимига Меҳмет Шимшекнинг тайинланиши бўлди.

2009-2015 йилларда ҳам бу лавозимда ишлаб, Туркиянинг 2008 йилги глобал молиявий инқироздан тикланишида катта рол ўйнаган Меҳмет Шимшекнинг фискал орган раҳбарлигига қайтиши иқтисодчиларда гиперинфляцияга сабаб бўлаётган Эрдўғаннинг паст фоизлар сиёсатига барҳам берилиши умидларини уйғотди.

Иқтисодиёт фанига қарама-қарши ўлароқ асосий ставкани маъмурий пасайтириб келган Эрдўған бу сиёсатидан воз кечишга қандай рози бўлди? Middle East Eye нашри ўз манбаларига таянган ҳолда бу саволга жавоб излади.

Нашрнинг ёзишича, Шимшек ва президент ўртасида сайловдан олдин бир неча бор учрашувлар бўлиб ўтган. Бу учрашувларга иқтисодчи қуруқ қўл билан келмаган – у давлат раҳбарини Туркия иқтисодиёти қай аҳволда эканини кўрсатувчи барча маълумотлар билан таништирган.

Май ойидаги учрашувлардан бири 2,5 соат давом этган. Бу мулоқотдан хабардор уч манбанинг сўзларига кўра, учрашувда Шимшекнинг тақдимоти Эрдўғанни ноқулай аҳволга солган. Президент унга вазиятни сўз билан тасвирлаб беришининг ўзи етарли эканини айтган.

“Сиз ҳамма маълумотларни кўришингиз ва нима бўлаётганини ўзингиз тушуниб олишингиз керак”, – деган жавоб билан тақдимотини давом эттирган Меҳмет Шимшек.

56 ёшли Меҳмет Шимшек 2009-2018 йилларда Туркия ҳукуматининг иқтисодий блокини бошқарган. Иқтисодиётнинг 2008 йилги жаҳон молиявий инқирозидан чиқишида ва солиқ ислоҳоти ўтказилишида унинг ҳиссаси катта бўлган. / Фото: Reuters

Эрдўған уни молия вазири бўлишга кўндирмоқчи бўларкан, Шимшек бунга осонликча рози бўлмаган. У президентдан Туркиянинг иқтисодий тузилмасини кенг кўламда қайта кўриб чиқишни талаб қилган. Бу эса Эрдўғаннинг ғайриоддий пул-кредит сиёсатига тўғридан тўғри зид эди.

Фоизларни сунъий пасайтириш, қарзларнинг ўсиши, маошларни ошириш, солиқлардан кечиб юбориш ва бепул газ кабиларни ўз ичига олган иқтисодий сиёсат – инфляция жуда юқорилаб кетганига қарамай – сайловда яна ғалаба қозониш учун Эрдўғанга қисман қўл келди. Лекин бунинг тўлови анчагина қимматга тушди: ҳукумат сайловдан олдин лира курсини барқарорлаштириш учун Марказий банк захираларини ёқиб тугатди.

2021 йилдан бери Эрдўған ўз иқтисодий дастурини амалда қўллаш учун Қатар, БАА, Россия ва Озарбойжон каби минтақавий ҳамкорлари билан серияли своп ёки депозит келишувларини тузди. Лекин, яқинда қайсилиги номаълум бир давлатдан 5 млрд доллар депозит олинганига қарамай, 2 июн ҳолатига Туркия Марказий банкининг захиралари (бу захиралар маҳаллий банклардан олинган қарзларни ҳам ўз ичига олади) тарихий минимум кўрсаткич – минус 5 млрд долларга тенг бўлиб турибди. Экспертлар хавотирларига кўра, агар Анқара шу йўлда давом этса, тўлов баланси инқирози билан юзлашади.

Ўзгаришларга қаршилик

Эрдўған ва унинг ҳукуматдаги тарафдорлари ойлар давомида ўзлари юритаётган иқтисодий сиёсатни оқлаб, 2022 йилда ЯИМ 5 фоизга ўсгани, ишсизлик 12 фоиздан 10 фоизга тушгани ва савдо дефицити қисқаргани айни шу сиёсат натижаси эканини айтиб келди.

Бироқ, май ойи ҳолатига инфляция ҳамон 40 фоизга яқин бўлиб турибди, ташқи савдо балансидаги манфий салдо эса 2023 йилнинг 5 ойида 57,8 млрд долларга етди – бу бир йил олдингидан 30 фоизга кўп демакдир. Туркия экспортёрлари ташқи бозорда рақобатбардошлигини йўқотган, улар ишлаб чиқаришни ишчи кучи анча арзонроқ бўлган Миср ё шу каби бошқа мамлакатларга кўчириш ниятида эканини айта бошлашган.

Меҳмет Шимшек май ойида Ражаб Тоййиб Эрдўған билан ўтган учрашувларда унинг хориждан молиялаштиришга асосланган монетар сиёсатининг охири йўқлигини қайта-қайта таъкидлаган. “Сиз бу тегирмонни сув ташиб юргиза олмайсиз”, – деган Шимшек. У бундай ибора орқали иқтисодиётни четдан олинадиган арзимас ёрдамлар билан юргазиб бўлмаслигини тушунтирган.

Шундай бўлса-да, Эрдўған ҳам ўз позициясида туришга ҳаракат қилган – у юқори фоизларни Ислом динига зид деб ҳисоблайди. Ўз навбатида, Шимшек президентни дунёвий қонуниятларни инкор қилиб бўлмаслигига ишонтиришга уринган.

Шимшекнинг матбуот котиби Middle East Eye нашрининг бу ҳақдаги сўровларига жавоб бермаган. Туркия президентининг администрацияси эса президентнинг шахсий учрашувлари ҳақидаги саволларга жавоб бермай келади.

Меҳмет Шимшекнинг президент билан музокараларидан хабардор манбанинг айтишича, жуда кўп расмийлар – собиқ ва амалдаги вазирлар, парламент аъзолари ва бошқалар унга қўнғироқ қилиб, молия вазири бўлишга кўндиришга уринган. Улар Шимшекдан Туркия иқтисодиётини қутқариб қолишни сўраган.

Манбага кўра, Шимшек охир-оқибат таклифни қабул қилган. Чунки фақат угина Эрдўғанга шунчалик кўп марта йўқ дея олган эди.

Дронлар ишлаб чиқарувчи Baykar компанияси бош ижрочи директори Ҳалук Байроқдор Украина президенти Володимир Зеленский билан / Фото: Ҳалук Байроқдорнинг Twitter саҳифаси

Шу билан бирга, жорий монетар сиёсат кўзланган мақсадларга олиб бормайди деб Эрдўғанни ишонтиришга уринган фақат Шимшек эмасди.

Нашрнинг иккинчи манбасига кўра, Эрдўғаннинг куёви Селчук Байроқдор ва унинг акаси Ҳалук Байроқдор (дронлар ишлаб чиқарувчи Baykar компанияси эгалари) ҳам президентга фоиз ставкаларини пасайтиришдан воз кечиш ва Шимшекни ишга олишни маслаҳат бериб келган.

Ҳалук Байроқдор Twitter'да Шимшекни тайинлов билан табриклади, шунингдек, унинг Марказий банк раислигига Ҳафиза Гая Эрканни танлаганини қўллаб-қувватлади.

АҚШнинг Принстон университети битирувчиси Ҳафиза Гая Эркан Туркия Марказий банкининг биринчи аёл раҳбари бўлишдан олдин АҚШдаги нуфузли молиявий муассасаларда раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

“Baykar компанияси ишлаб чиқариш тўхтаб қолмаслиги учун экспорт-импорт билан мунтазам шуғулланишини инобатга олсак, Ҳалук Байроқдорнинг Эрдўған билан иқтисодиёт масаласида экспортчи сифатида гаплашгани ҳайратланарли ҳолат эмас”, – деган Middle East Eye'нинг учинчи манбаси. У Ҳалук Байроқдорнинг мудофаа саноатидаги 960 та компанияни бирлаштирган “Saha Istanbul” ассоциацияси раҳбари эканини ҳам қўшимча қилган.

Жамоадаги рақиблар

MEE суҳбатлашган манбага кўра, Шимшек июн ойи бошида Эрдўғанга 18 ойлик режасини тақдим этган. Бу режа 18 ой давомида асосий ставкани 8,5 фоиздан босқичма-босқич 25 фоизгача кўтариб боришни кўзда тутади.

Нашрнинг яна бир манбаси айтишича, Эрдўған Шимшекка иқтисодиётни ўнглаш учун керак бўладиган ҳамма нарсани беришга рози бўлган. “Шимшек охирги йилларда ҳукуматдан четлатилган одамларни қайтармоқчи эканини ҳам айтди. Эрдўған бу муаммо эмаслигини билдирди”, – дея таъкидлаган манба.

Айни пайтда, халқаро инвесторлар ва маҳаллий иқтисодчиларда бир хавотир бор: фоиз ставкаларининг оширилиши иқтисодий ўсиш секинлашишига ва иш ўринларининг қисқаришига олиб келса, Эрдўған келаси йилдаги муниципал сайловлар олдидан Шимшекни ишдан бўшатиши мумкин. Чунки президент муниципал сайловларда Истанбул, Анқара ва Анталяни мухолифатдан қайтариб олишни мақсад қилган.

Боз устига, иқтисодчилар Эрдўғаннинг Марказий банк раиси Саҳап Кавчиўғли бўйича қарорини анча хавотир билан қарши олди: президент уни Банклар регуляцияси ва кузатуви агентлиги раҳбарлигига ўтказди. Яъни МБ бошқарувида баҳсли фаолият юритган Кавчиўғли эндиликда Туркияда кредит оқимлари устидан назорат қилувчи асосий органга раҳбарлик қилади.

Манбага кўра, Шимшек бу агентлик раҳбарлиги учун уч номзодни таклиф қилган, Эрдўған эса Кавчиўғлини танлаган, лекин у Шимшекнинг талабларига риоя қилган ҳолда ишлашини айтган.

Эрдўған муҳим лавозимларга ўзаро мухолиф шахсларни тайинлаш орқали уларнинг ўзаро бир-бирини тийиб туришига эришишни хуш кўради.

“Эрдўған назоратни сақлаб қолишга интилаётганини Шимшек кўриб турибди ва бу ҳолат узоқроқ истиқболда унга ортиқча бошоғриқ яратиши мумкин”, – дея қўшимча қилган нашр суҳбатдоши.

Саҳап Кавчиўғли Туркия Марказий банкига раҳбарлик қилган 2021-2023 йилларда инфляция 24 йиллик максимумга кўтарилганига қарамай, базавий ставка 19 фоиздан 8,5 фоизга тушди. / Фото: Anadolu Agency 

Меҳмет Шимшекка яқин одамларнинг сўзларига кўра, молия вазири лавозимни эгаллаши биланоқ ўзининг атрофидагиларга иқтисодий вазият у ўйлаганидан ҳам ёмонроқ бўлиб чиққанини айтган.

Вазирга яқин шахслардан бирининг фикрича, Шимшек Эрдўғанни паст фоизлар сиёсатидан воз кечишга ва Марказий банк раҳбарлигига у таклиф қилган номзодни тасдиқлашга кўндириб, нақ “океанни кесиб ўтган” бир вазиятда, ҳеч ким майда-чуйда нарсаларга қараб ўтирмаслиги керак.

“Кавчиўғли эртасига Шимшекнинг ҳузурига келиб, уни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Ҳар ҳолда, Кавчиўғлининг банк соҳасидаги 30 йиллик тажрибаси бор ахир”, – деган манба.

Мавзуга оид