Ўзбекистон | 20:47 / 26.06.2023
16550
2 дақиқада ўқилади

“Ҳуқуқларни чеклаётган” нормаларни бекор қилиш юзасидан Олий Мажлисга мурожаат йўлланди

Бир гуруҳ жамоатчилик фаоллари бу ҳақдаги таклифлар битилган мурожаатни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва бошқа ваколатли идораларга тақдим этган.

Фото: Kun.uz

Мурожаатда асосий эътибор “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 10-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги 180-сон “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори фуқароларнинг Конституция билан мустаҳкамлаб қўйилган фикрлаш, сўз, ахборот ва эътиқод эркинликларини чеклаётганига эътибор қаратилган.

Мазкур ҳужжатларга асосан, Ўзбекистон ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади. Бундан мақсад “жамиятда конфессиялараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш” экани кўрсатилган.

Жамоавий мурожаат Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, Конституциявий судга, Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманга ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига юборилди. Юқоридаги барча ташкилотлар онлайн мурожаатни расман кўриб чиқиш учун қабул қилган.

Мурожаат муаллифларига кўра, айни вақтда минглаб фуқаролар бу таклифни қўллаб-қувватлаб, уни онлайн имзолаган.

Мавзуга оид