Жамият | 13:37 / 06.09.2023
28849
6 дақиқада ўқилади

“Сериаллар сабаб бугун нон топяпмиз” – “Чуқур” маҳалласида яшовчи Гунеш Элма

Туркияда сериаллар суратга олингандан сўнг ўша ҳудудларда сайёҳлар оқими ошиб кетади. Бунга “Чуқур”, “Хиноли қор”, “Ҳукмдор Усмон” ва “Муҳташам юз йил” сериаллари тасвирга олинган манзилларни мисол қилиш мумкин. Фильмларнинг машҳурлашиши ўша ерлик аҳоли даромадининг яхшиланишига ҳам сабаб бўлади. Kun.uz мухбири Истанбулда сериал ортидан тирикчилик қилаётган Гунеш хола билан суҳбат қилиб, кинофильмларнинг мамлакат иқтисодиётига таъсири ҳақида репортаж тайёрлади.

Санъатдан саноатга...

Туркия кино ва сериаллари дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатларида намойиш этилади ва талабгирлигига кўра дунёда етакчи ўринларда туради. Ўтган 2022 йилда биргина телесериаллар экспорти турк киносаноатига 600 миллион доллар даромад келтирган. Фойда шу билангина чекланиб қолмайди, албатта.

Фильмларга талаб шу даражада юқори экан, улардан нега аҳоли турмуш даражасини яхшилаш йўлида фойдаланилмаслиги керак? Бу қандай амалга оширилади? Ҳаммаси жуда оддий: иқтисодий оғирроқ бир ҳудуд танланади, ўша манзил билан боғлиқ сериал суратга олинади ва жой номи танитилади.

“Чуқур” сериали суратга олинган Балат райони

Сериал машҳурликка эришгач, у тасвирга туширилган ҳудудлар киноихлосмандларда қизиқиш уйғотиб, ўша манзилларда сайёҳлар оқими пайдо бўла бошлайди. Қарабсизки, маҳаллий аҳоли учун тайёр тирикчилик. Гапни кўп чўзмасдан, машҳур “Чуқур” сериали суратга олинган Истанбулдаги Балат райони аҳолисининг фикрларини эшитсак.

Гунеш Элма

Сериал бошланди ва биз бу ишларни қилдик. Оллоҳ Ямачдан рози бўлсин. Шунинг ёрдами билан нон топяпмиз. Сериал менинг уйимда ҳам тасвирга олинди. Ямачнинг ўзи суратга тушди. Набираларим онаси вафот этган, етим бўлиб улғайяпти. Уларни ким боқади? Шу учун мана савдо, тирикчилик қиляпмиз”, дейди эсдалик буюмлари сотувини йўлга қўйиб олган Гунеш Элма.

2017-2021 йилларда тасвирга олинган 131 серияли “Чуқур” сериалининг дунё бўйлаб оммалашуви ортидан бугун Балат районида сайёҳларга хизмат кўрсатиш турлари кўпайган. Кимдир Гунеш холадек фильмга алоқадор унсурларни эслатувчи эсдалик маҳсулотлар сотаётган бўлса, яна кимдир деворларга сайёҳлар исмини ёзиш, ҳудудда киноқаҳрамонлар яшаган уйларга экскурсия қилдириш, кафе ва ошхоналарни юргизиш, махсус майдончаларда суратга тушириш билан шуғулланиб, тирикчилик қилишмоқда.

“Хиноли қор” номи билан танилган Жумалиқизиқ қишлоғи

Ҳудди шундай кўпчилик қизиқиб борадиган манзиллардан яна бири Бурсанинг Жумалиқизиқ қишлоғи. Бу файзли манзилларга сайёҳларнинг қизиқиши фақатгина қишлоқнинг 700 йиллардан бери мавжудлиги ва уйларининг бузилмаганида эмас, балки 2002-2005 йилларда суратга олинган уч мавсумли “Хиноли қор” сериали билан ҳам боғлиқ.

Али ва Назар муносабатлари ҳақида ҳикоя қилувчи романтик драма машҳурлиги ортидан 20 йилдирки Жумалиқизиқдан сайёҳлар қадами аримай, аҳоли тирикчилигига ижобий таъсир қилиб келяпти. Сериал сабаб танитилган ва Улуғтоғ бағрида жойлашган қишлоқ бугун Туркиянинг туризм йўналишларидан бирига айланган. 

Арзон саёҳат учун текин маслаҳат

Туркия юртдошларимизнинг дам олиш учун энг кўп борадиган давлатларидан бирига айланиб улгурган. Чунки у мамлакатда денгиз ҳам, тоғ ҳам, тарих ҳам, бозор ҳам, шунингдек, биз маълумотларини келтираётган севимли фильмларнинг манзиллари ҳам жамланган. У ерга бориш ва жойлашиш учун эса арзон, қулай йўлларни ўрганиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди.

Aviasales.uz сайти ёки иловасида эса ўзингизга тўғри келадиган самолёт чипталарини олдиндан, авиакассаларга бориб овора бўлиб ўтирмасдан, арзонгина ҳарид қилишингиз мумкин. Бирйўла шу иловадан чўнтакбоп меҳмонхоналарни ҳам банд қилиб, бунинг эвазига 5 фоизли қайтариладиган пул – кешбэкка эга бўлиш имкониятингиз борлигини ҳам эслатиб қўймоқчимиз.

Бир-бирига “қўшни” Жалолиддин Мангуберди ва ҳукмдор Усмонлар

Турк ва ўзбек киноижодкорлари ҳамкорлигида яратилган “Мендирман Жалолиддин” сериали суратга олинган майдон Истанбулнинг Узкудар районида жойлашган. Кўпчилик севиб томоша қилаётган “Ҳукмдор Усмон” сериали ҳам ушбу ҳудудда тасвирга олинади. Хоразмшоҳлар саройи макетларидан бугун “Ҳукмдор Усмон”да Салжуқийлар саройи сифатида фойдаланилмоқда. Энди эса мана шу икки манзил ҳам сайёҳлар учун очилиб, даромаднинг янги манбаига айлантирилди.

Фото: Меҳмед Бўздоғ

Ҳар куни кинопавильонга ташриф буюраётган минглаб сайёҳлар учун фильмдан саҳна кўринишлари жонли равишда намойиш этилади, устахоналарда маҳсулотлар ясалади, севимли киноқаҳрамонлар билан суратларга тушилади. Қарабсизки, бунинг ортидан мўмайгина фойда ҳам бор.

Кинонинг кучи!

“Муҳташам юз йил” сериали сабаб Усмоний султонларининг сарой ҳарамини кўриш учун келадиган меҳмонларнинг “Тўпқопи” саройидаги қишин-ёзин аримайдиган турнақатор навбатларини гапирмаса ҳам бўлади. Буларнинг барчаси – кинонинг кучи! Бу кучдан мамлакатнинг туризм салоҳиятини ошириш йўлида фойдаланиш анчагина ўз самарасини беради. Биргина 1999 йилда суратга олинган “Тоҳир ва Зуҳра” фильмини томоша қилгач, Самарқанд, Бухоро ва Хивага бориш иштиёқимиз қанчалик ошганини бир эслаб кўринг-а?...

Фото: uzbekfilm.uz

Сардорбек Усмоний
Туркия, Истанбул

Мавзуга оид