Энергетика мутахассиси электр энергияси ишлаб чиқаришдаги харажатларни очиқлашга чақирди
Германияда фаолият юритадиган ўзбекистонлик энергетика мутахассиси Равшан Хўжанов электр энергияси аҳолига арзон нархда етказиб берилаётганини кўрсатиш учун нарх занжирини очиқлаш кераклигини айтди. Аввалроқ энергетика вазири хонадонларга 295 сўмдан етказиб берилаётган электр энергияси таннархи 800 сўмдан кўпроқлигини маълум қилганди.
Энергетика соҳаси мутахассиси Равшан Хўжанов Kun.uz'га берган интервюсида Ўзбекистон энергетика тизимида шаффофликни ошириш орқали аҳолининг соҳадаги ҳолатни объектив баҳолашига имкон бериш зарурлиги ҳақида фикр билдирди.
“Аҳолига бу нарсани тўғри етказиб бериш учун, етказиб берилаётган электр энергиясининг “A”дан “Z”гача бўлган занжирдаги барча харажатлари кўрсатиб берилиши керак. Аҳоли: “Электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳақиқатан ҳам шундай экан, орада “Ҳудудий электр тармоқлари” шунчага сотиб оларкан, у ўзининг хизмати учун бунча фоиз қўяркан ва менга шунча бўлиб етиб келаркан”, деса, яъни рақамларни шаффоф тарзда кўрса, халқимиз бунга яхши кўз билан қарашади.
Мавҳум нарсага нисбатан эса “балки, электр энергиясининг нархи 100 сўм бўлиши мумкин”, дейиш мумкин-да. Шу нарсаларни босқичма-босқич очиб бериш керак.
Адашмасам, охирги марта электр энергиясининг нархи 2019 йилда ошган. Баъзи сабаблар, пандемия сабаб нархлар кўтарилмади. Агар 2023 йилгача ҳар йили одатий тарзда оширилиб келганида тахминан 600 сўм бўларди. Электр энергия нархи арзон бўлганидан кейин тежашга бўлган рағбат, хатти-ҳаракат бўлмайди”, – дейди Хўжанов.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аҳолига 295 сўмдан етказиб берилаётган 1 kWh электр энергиясининг таннархи 800 сўмдан ошиққа тушаётганини айтганди.
“Импорт қилинадиган технологик ускуналар ёки бошқа маҳсулотларнинг нархи ошиб бормоқда. Лекин тарифлар ўзгармагани натижасида 1 kWh электр энергиянинг таннархи 800 сўмдан юқорироқ. Аммо, ток аҳолига 295 сўмдан, юридик шахсларга 450 сўмдан берилмоқда. Етмаган қисми эса давлат бюджети ҳисобидан субсидияланиб келмоқда”, деганди вазир.
Мавзуга оид
10:46 / 09.07.2024
Андижон, Фарғона ва Сурхондарёда электр тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди
16:48 / 06.07.2024
577 сўмдан 998 сўмгача — ИЭСларда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг таннархи қанча?
14:04 / 03.07.2024
Сув таъминоти корхонаси Юнусободдаги тошқинга свет ўчгани сабаб бўлганини билдирди. Энергетика вазирлиги буни рад этди
20:30 / 02.07.2024