“Пиёдалар ўтиш жойлари тўғри ташкил қилинмаган” — эксперт йўллардаги ўлимлар ҳақида
Ўзбекистонда инсонлар учун пиёдалар ўтиш жойидан ўтиш белгиланмаган жойлардан ўтишдан кўра хавфлироқ, чунки пиёдалар ўтиш жойлари яхши ташкил қилинмаган, дейди йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги эксперт Носиржон Зокиров.
Расмий статистикага кўра, 2023 йилнинг дастлабки 7 ойида содир бўлган ЙТҲлар натижасида 1115 киши вафот этган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Афсуски, ҳалок бўлганлар орасида пиёдалар сони ҳам салмоқли – 400 кишидан ортади.
Kun.uz жамиятимиз учун долзарб бўлиб турган ушбу масала юзасидан масъуллар билан суҳбат уюштирди.
Носиржон Зокиров, эксперт:
— Ўзбекистонда пиёдалар учун пиёдалар ўтиш жойларидан ўтиш белгиланмаган жойлардан ўтишга қараганда хавфлироқ. Чунки пиёдалар ўтиш жойлари яхши ташкил қилинмаган.
Яқинда ўзимиз ҳам кўрдик: Тошкентнинг ўзида бир неча ҳолатда пиёдаларни машина уриб кетди ва улар ўлим билан тугади. Масалан, Зулфияхоним кўчасида 2022 йил декабр ойида ЙТҲ содир бўлди. Боласи билан йўлдан ўтаётган аёлни ҳайдовчи машинада уриб кетди. Аёл комага тушди, боласи омон қолди. Шу ЙТҲ бўйича чиқиш қилдим. Кейин Тошкент шаҳар ЙҲХБ менга алоқага чиқиб, менга ўша ердаги пиёдалар ўтиш жойини билдирувчи белгини тўғрилаб қўйилганини кўрсатишди. Белги жуда паст жойлашган эди, ҳайдовчида ўша белгини кўришнинг умуман иложи бўлмаган. Мен уни оқлаётганим йўқ, у ерда бир қанча белгилар уни орасида тўсилиб ҳам қолган. Чап томонда хавфсизлик оролчаси йўқ. Шундай хавфли жойда, албатта йўлни ўртасида хавфсизлик оролчаси қилиш керак, ҳайдовчи ўнгдаги белгини кўрмаса, чапдагисини кўриши керак.
Бу борада бир таклиф бор, масъуллар эшитишади, лекин қилишмайди,. ЙТҲ бўлган вақтда масъуллар белгилар ўрнатилган, деб чиқади. Тўғри, 5.16.1 белгилари ўрнатилган ва улар бевосита пиёдалар ўтиш жойи олдига ўрнатилган. Лекин ҳайдовчилар учун “1.20 – Пиёдалар ўтиш жойи” огоҳлантирувчи белгиси камдан кам ҳолатда қўйилади. У белгини кўрганидан кейин ҳайдовчи тезликни пасайтириб, ҳушёрликни оширади ва яқин орада пиёдалар ўтиш жойи борлигидан огоҳ бўлади.
Бу белги нафақат ўнг томонга, агар ажратувчи бўлак бўлса чап томонга ҳам ўрнатилиши керак бўлган белги. Лекин Тошкентда йўлнинг чап томонига ўрнатилгани 10 та ҳам чиқмайди. Шуни гапирсангиз, [масъуллар]: “Йўқ, давлат стандарти бўйича пиёдалар ўтиш жойига яқинлашув кўриниш 150 метрдан кам бўлса, бу белги ўрнатилмайди” дейди. Аслида, бу белгини ортиқча қўйиб қўйса ёки ноўрин қўйса ҳам ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат йўқ. ҳайдовчига олдин икки томонлама белгиларни қўямиз, кўриб тезликни пасайтиради. Шароит яратиш шунақа бўлади. Ҳозир пиёдалар ўтиш жойини бирдан кўриб қолади ёки дарахтни орқасида бўладими у белги…
Ҳозир бунақа белгини юз минглаб тайёрлаш керак ва қўйиш керак. Вилоятларда анча-мунча аҳвол яхши, лекин Тошкентда яхши эмас. Тезликни 60 қилганимиз билан ҳалиям ҳайдовчини хаёлида юқори тезликда юриш, у бирданига машинасини тўхтата олмайди. Шундай тажриба роликлари бор. Агар 60 км/соат тезликда келаётиб хавфни кўрган ҳайдовчи тормозни босса, урилаётгандаги тезлиги 5 км/соат бўлади. Шундай ҳолатда 65 км/соат тезликда бўлса, урилаётгандаги тезлик 27 км/соат бўлади. Бундай тезлик, албатта, пиёданинг ўлимига олиб келади. Шунинг учун айтмоқчиман, тезликни пасайтириш билан бирга ҳайдовчига шароит яратиш учун шундай белгилар муҳим.
— Пиёдалар ўтиш жойлари. Кўпчилик айтадики, яқин ўртада ўтиш жойи бўлмагани учун мумкин бўлмаган жойдан ўтишга мажбур бўлдим, дейишади. Бизда пиёдалар ўтиш жойлари етарлими ўзи?
Эрали Бозоров, ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари, полковник:
— Республикамизда пиёдалар ўтиш жойлари етарли эмас, тан олиш керак. Борлари ҳам талабга жавоб бермайди. Умуммиллий дастуримизда бу масала ҳам белгиланган. Ўзимиз хоҳлардикки, барча пиёдалар ўтиш жойлари тартибга солинган, яъни светофорлар билан бошқарилиши керак. Светофор бўлмаган ҳолатда ҳам барча йўл белгилари ўрнатилган, йўл чизиқлари чизилган бўлиши лозим. Умуммиллий дастурда 2026 йилгача қилинадиган ишлар белгиланган бу бўйича, агар амал оширсак, анча яхшиланар, пиёдалар билан боғлиқ ЙТҲлар камайган бўларди.
Носиржон Зокиров:
— Йўл қоидасига амал қилган ҳайдовчи – маданиятли ҳайдовчи. Қоидаларни ўқишлари, масъулиятли бўлишлари керак. Профилактика ишлари бўлиши керак, тарғибот қилиш керак. Чораларни қилиш керак, иқтисодий томон деймиз, лекин бир инсоннинг ҳаёти бебаҳо.
Автомобиллар кўпайиб бораётган бир пайтда умумий ЙТҲлар сонини камайтириб бўлмайди. Биз асосан оғир оқибати ЙТҲларни камайтиришга уринишимиз керак.
- Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтаж устаси: Муҳиддин Нидо