Саида Мирзиёева Ўзбекистонга жалб қилинган хорижлик тил ўқитувчилари билан учрашди
Бу йил Ўзбекистонга илк марта хориждан инглиз, немис, француз ва бошқа тилларни ўргатувчи 500 дан зиёд малакали ўқитувчи жалб этилди. 14 ноябр куни Тошкентда улардан бир гуруҳи билан мулоқот бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева, мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Учрашувда хорижлик педагоглар билан биргаликда ўзаро ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Бу ҳақда Саида Мирзиёева маълум қилди.
“Илмли, ўзига ишонган, муносиб авлодни тарбиялашни мақсад қилган эканмиз, бизга иккита нарса: она тилимизга муҳаббат ва хорижий тилларни пухта ўрганиш керак.
Чет тилини билиш – дунё сарҳадлари, глобал ахборот эшикларини очиш, янги билимларни эгаллаш калитидир”, – дея ёзди Мирзиёева ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Унинг сўзларига кўра, хорижлик тил ўргатувчи педагоглар билан ҳамкорлик натижасида “болаларимиз энг яхши устозлардан сабоқ олиш, ўқитувчиларимиз зарур маҳорат дарсларида ўз билимини ошириш имконига эга бўлади”, Ўзбекистонда эса “ҳеч қандай чегара билмайдиган билимли авлод етишиб чиқади”.
“Ёшлар таълимига сармоя – янада яхшироқ келажак учун сармоядир!” – дея таъкидлади Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси.
Бу лойиҳа доирасида таклиф этилган 500 дан ортиқ ўқитувчилар мактабларда дарс беради, шунингдек, маҳаллий ўқитувчилар билан тажриба алмашади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага кўра, бугунги учрашувда хориждан таклиф этилган ўқитувчилар ҳамда хорижий ҳамкорлар билан лойиҳани амалга ошириш жараёнлари ва келгусидаги режалар муҳокама қилинган.
“Ҳамкорларимиз – АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Хитой Халқ Республикаси элчихонаси вакиллари, шунингдек, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, USAID, Британия кенгаши, Франсия алянси, Гёте институти мутахассислари билан биргаликда маҳаллий ва хорижий педагогларимизнинг фикрларига қулоқ тутдик. Ҳамкорларимиз томонидан Ўзбекистонда чет тилларини ўқитишни янада ривожлантириш бўйича таклифлар берилди.
Учрашув якунида чет тилларини ўқитишни такомиллаштириш ва ҳамкорлик қилишга қаратилган қўшма “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди”, – дея маълум қилди вазир.
Мавзуга оид
23:45 / 08.11.2024
“Агар журналист ҳақ бўлса, биз уни тан олишимиз керак” – президент
18:37 / 30.10.2024
Саида Мирзиёева Fashion Trust Arabia тақдирлаш маросимида иштирок этди
20:53 / 28.10.2024
Саида Мирзиёева БМТнинг Ўзбекистондаги доимий резидент-координатори билан учрашди
19:31 / 21.10.2024