Зеленскийнинг чегара ҳудудга ташрифи ва Харкивдаги вайронгарчиликлар. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 763-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
Белгородда дрон шаҳар марказидаги ИИВ биносига урилди, бир аёл жароҳатланган.
Харкивдаги аҳоли яшаш квартали ўққа тутилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, яна 19 киши яраланган.
Байден яна бир бор Путинни «қассоб» деб атади ва Украина учун ёрдам ажратишга чақирди.
Москва муниципалитетининг собиқ депутати Люсю Штейн армия тўғрисидаги «фейк» учун сиртдан олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Давлат думаси депутатлари Тергов қўмитасидан «АҚШ НАТО давлатлари ҳамда Украина махсус хизматлари билан биргаликда Россияда амалга ошираётган терроризм актлари»ни текширишни талаб қилди.
Samsung Pay «Мир» карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатди.
РФ мудофаа вазирлиги Белгород области узра 18 та реактив снаряд уриб туширилганини маълум қилди.
Харкив ўққа тутилиши
Россия қўшини 27 март куни Харкив бўйлаб зарбалар берди. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг ёзишича, ракеталар орқали ўққа тутиш ва дронлар ҳужумидан кейин Харкивга авиабомбалар ташланган — «шунчаки оддий кўчалар, уйлар, мактаб, оддий фуқаролик инфратузилмаларига». Харкив области раҳбари Олег Синегубов Харкив шаҳрига илк бор «йирик калибрли бошқарилувчи ўқ-дори» билан зарба берилганини айтган. «Афтидан, россияликлар ўзининг такомиллаштирилган бомбасини аҳоли яшайдиган биноларда синаб кўришга қарор қилди. Болалар майдончаларида, мактабларда, шифохоналарда», — дея қайд этган Синегубов.
Володимир Зеленскийнинг Суми областига ташрифи
Украина президенти 27 март куни Суми областига келди. У ҳоспиталлардан биридаги ҳарбийларни зиёрат қилган, талабалар билан учрашган, шунингдек регион хавфсизлиги ва мудофааси масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган.
Авдийивка атрофидаги украин аскарлари
Россия қўшини Донецк областида олдинга юришга ҳаракат қилмоқда. Украина қуролли кучлари Бош штабининг 27 март тонгидаги маълумотига кўра, ўтган кун давомида Авдийивка йўналишида украин ҳарбийлари Бердичи, Семеновка ва Невелске аҳоли яшаш манзилларида рақибнинг тўққиз ҳужумини бартараф этган. Украин ҳарбийларига кўра, Россия қўшини кун давомида артиллерия ва миномётлардан фронтнинг мазкур участкасида жойлашган 10 та аҳоли яшаш манзилларини ўққа тутган.
Авдийивка йўналишидаги Очеретинода вайронгарчилик
Очеретино — Украинанинг Донецк области Ясиноватая районида, Донецкдан шимоли-ғарбда, Авдийивкадан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашган посёлка. Посёлка мунтазам равишда Россия қўшини томонидан ўққа тутилмоқда ва кучли даражада вайрон бўлган. Кенг кўламли урушга қадар Очеретинода 4,3 минг атрофида одам яшарди. Феврал ойида посёлкага келган журналистлар бу ерда 570 киши қолганини маълум қилишган.
Белгород ўққа тутилиши оқибатлари
Белгород шаҳри ва Белгород райони 24 март куни яна бир бор Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутилганди. Регион раҳбари Вячеслав Гладковнинг маълумотига кўра, тўрт киши яраланган, шундан уч нафари шифохонага ётқизилган. Белгород март ойи бошидан буён деярли ҳар куни зарбага учрамоқда.