Жаҳон | 20:31 / 06.05.2024
10936
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг қашшоқ мамлакатлари рейтинги эълон қилинди

Ўзбекистон рейтингнинг ўрта қисмидан жой олди. Африка қитъасида аҳвол оғир, шунингдек, сиёсий беқарорлик ва можароларга дуч келаётган мамлакатларда ҳам вазият мураккаб. 

Фото: Getty Images

Дунёнинг энг қашшоқ мамлакатлари фуқаролар уруши, этник ва диний низолардан азият чекмоқда. COVID-19, ўсиб бораётган инфляция ва Украинадаги уруш уларнинг аҳволини янада оғирлаштирди. Бу ҳақда Global Finance журнали маълумот берди. 

Қайд қилинишича, бутун инсониятга муносиб турмуш даражасини таъминлаш учун дунёда етарли бойлик ва ресурслар мавжуд. Шунга қарамай, Жанубий Судан, Бурунди ва Марказий Африка Республикаси каби мамлакатлардаги одамлар умидсиз қашшоқликда яшашда давом этмоқда. Дунёнинг энг қашшоқ давлатлари қаторига йиллар давомида сиёсий беқарорлик ва можароларга дуч келаётган Афғонистон, Сурия ва Эритрея ҳам киритилган. Юқори ўнталикдан Конго Демократик Республикаси, Мозамбик, Нигер, Малави, Либерия, Мадагаскар ва Яман ҳам жой олган. 

Ўзбекистон рейтингда 67-ўринда қайд этилган (рейтингдаги ўрин қанчалик юқори бўлса, мамлакат шунчалик қашшоқ ҳисобланади). Таққослаш учун: Тожикистон 43-ўринда, Қирғизистон 48-ўринда (ҳар иккаласининг аҳволи Ўзбекистондан ёмонроқ), Туркманистон 101-ўринда, Қозоғистон 128-ўринда (бу иккаласининг аҳволи Ўзбекистондан яхшироқ). 

Нашр дунёдаги энг қашшоқ мамлакатларни қандай аниқлаган? Аҳоли жон бошига ЯИМ кўпинча стандарт ўлчов ҳисобланса-да, сотиб олиш қобилияти паритети (СҚП) ёрдамида яшаш қиймати ва инфляция даражасидаги фарқларни қоплаш ҳар қандай мамлакатда шахснинг сотиб олиш қобилиятини яхшироқ баҳолаши мумкин. 

Таъкидланишича, узоқ муддатли қашшоқликнинг ягона сабабини аниқлаш қийин. Коррупциялашган ҳукуматлар жуда бой мамлакатни камбағал давлатга айлантириши мумкин. Худди шу нарсани мустамлакачилик тарихи, қонун устуворлигининг заифлиги, уруш ва ижтимоий тартибсизликлар, оғир иқлим шароити, душманона ёки тажовузкор қўшни давлатларга эга бўлиш ҳақида ҳам айтиш мумкин. Шу билан бирга, давлатнинг қарзга ботганлиги ҳам заифлик сифатида кўрсатилган: бунда мамлакат яхши мактабларни қура олмайди, саводсизлик даражасининг юқорилиги эса ишчи кучи имкониятларни чеклайди.

Мавзуга оид