Вашингтон Гуржистон ҳукуматини сиёсий курсни ўзгартиришга чақирди
Қўшма Штатлар «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун қабул қилиниши туфайли Гуржистон билан муносабатларни қайта кўриб чиқиши мумкин, дея маълум қилди Оқ уй. Тбилисидаги намойишларда европалик парламентарийлар сўзга чиқди.
Оқ уй Гуржистон раҳбариятини «Хорижий таъсирни чеклаш тўғрисида»ги мунозарали қонун қабул қилиниши билан бирга ўтилган фуқаролик жамиятини чеклаш бўйича сиёсий курсдан воз кечишга чақирди. Бу ҳақда 14 май, сешанба куни АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Ведант Пател маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, жамоатчилик сўровлари шуни кўрсатадики, Гуржистон фуқароларининг 80 фоизи ўз мамлакатининг Европа Иттифоқига қўшилишини хоҳлайди, Гуржистон ҳукумати ҳам Европа Иттифоқига қўшилиш ва Шимолий Атлантика алянси билан муносабатларни яхшилаш истагини билдирган. «Ушбу қонун каби нарсалар бу мақсадларга мос келмайди», деди Пател.
Ўз навбатида, Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пер, агар баҳсли «Кремл услубидаги» қонун қабул қилинса, Вашингтон Гуржистон билан муносабатларини тубдан қайта кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
«Гуржистон демократияси учун қора кун»
Гуржистон парламенти томонидан «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши «Гуржистон демократияси учун қора кун», дейилади Демократик ва Республикачилар партиясидан 11 нафар АҚШ сенатори, шу жумладан, Сенат ташқи қўмитаси аъзолари томонидан берилган баёнотда. Уларга кўра, «юз минглаб гуржистонликлар иродасини бузган ҳолда» қабул қилинган қонун сўз эркинлигини чеклаш учун қўлланади ва Гуржистонда демократия ривожланишига тўсқинлик қилади.
Натижада, АҚШ Конгресси Гуржистонга нисбатан сиёсатини ўзгартиришни кўриб чиқиши, бу «демократияга путур етказганларга қарши санкциялар» ҳамда «АҚШнинг тўғридан тўғри ёрдамини қайта кўриб чиқиш»ни ўз ичига олиши мумкин, дейилади сенаторлар баёнотида.
ЕИ парламентарийлари Гуржистон ҳукумати вакиллари билан учраша олмади
Шу куни эрталаб Тбилисига ташриф буюрган Европа Иттифоқининг бир қанча мамлакатлари парламент қўмиталарининг ташқи ишлар бўйича раҳбарлари «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун қабул қилинишига қарши норозилик намойишига келди. Германия бундестаги депутати Михаэл Рот намойишчиларга мурожаат қилиб, европалик парламентарийлар Гуржистон ҳукумати вакиллари билан учраша олмаётганини айтди. «Бугун кечқурун биз ҳаммамиз гуржистонликмиз!» – деб ёзди немис сиёсатчиси ижтимоий тармоқда.
Ротнинг Чехия парламентидаги ҳамкасби Павел Фишер ҳам намойишчиларга мурожаат қилиб, «агар бизни парламентга киритмасалар, бу ерга келамиз», деди. «Бугун биз парламентга ташриф буюришни хоҳладик, лекин бизни ёпиқ эшиклар билан кутиб олишди, сизнинг вакилларингиз бизни қабул қилишмади ва тингламади», - дейди Фишер.
«Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун қабул қилинишига қарши норозилик намойишлари
Шу куни эрталаб Гуржистон парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Танқидчиларнинг фикрича, Россиянинг худди шундай қонунидан кўчирилган ҳужжатга қарши намойишлар апрел ойида ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси уни парламентга қайта киритганидан сўнг бошланган.
Newsgeorgia интернет нашри Гуржистон омбудсмани Леван Иоселианига таяниб ёзганидек, бир ойлик намойишлар давомида 160 га яқин намойишчи ҳибсга олинган, ўнлаб намойишчилар полиция томонидан калтакланган, аммо «бирорта ҳам полициячининг жавобгарлиги масаласи кўтарилмаган».
Шу билан бирга, Гуржистон Махсус тергов хизмати Тбилисидаги намойишлар чоғида ҳибсга олинганидан сўнг кўплаб жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган, «Босқинчиликка қарши ҳаракат» етакчиси Давид Кацаравага нисбатан полиция куч ишлатгани бўйича тергов бошланганини эълон қилди. Гуржистон матбуотига кўра, фаолнинг бурни ва юз суяклари синган ва операция қилинган.
Мавзуга оид
07:50
ЕИ Гуржистон ҳукуматига ажратилган 121 млн еврони қайтариб олди
22:49 / 18.11.2024
Гуржистон президенти парламент сайловларидаги қонунбузарликлар сабаб Конституциявий судга даъво киритади
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
21:08 / 18.11.2024