Ғазода музокараларнинг янги босқичи, Сребреница геноциди куни ва ҳибсга олинаётган ҳарбийлар
Ўтган кун мобайнида дунёда содир бўлган воқеалар, ҳодисалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништириб ўтамиз.
Ғазодаги вазиятга доир
Исроил ва ҲАМАС музокараларнинг янги босқичини бошлашга уринмоқда
Аввалроқ АҚШ, Қатар ва Миср воситачилигида олиб борилган музокараларнинг сўнгги босқичи ҳеч қандай натижа бермай якунланган эди.
Энди Исроил ва ҲАМАС музокараларни боши берк кўчадан чиқариш йўлини изламоқда. 23 май куни Исроил ҳукумати ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни қайта бошлашга рози бўлди. Бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг идораси музокарачиларга янги кўрсатмалар берган. Янги режанинг тафсилотлари оммага ошкор этилмаган, бироқ телеканал қайд этишича, Исроил бир қатор масалалар бўйича ўз позициясини кескинлаштирган.
18 май куни яҳудий давлати разведка хизматлари раҳбарлари бош вазир Бинямин Нетаняҳуга ҲАМАС билан билвосита музокараларни қайта бошлаш таклифи билан мурожаат қилган, бироқ бош вазир бу илтимосни рад этган.
Разведка хизматлари вакиллари Исроил ён бериши кераклигини таъкидлаган. Бош вазир ўз жамоаси аллақачон қўлидан келганини қилгани, аммо ҲАМАС ҳаммасини рад этганини айтгани таъкидланмоқда. Нетаняҳу эса «урушни тугатадиган ҳеч қандай таклифга рози бўлмаслигини» айтган.
Бу ҲАМАС ва Исроил позицияларидаги асосий зиддиятдир. Фаластин радикаллари жангларни бутунлай тўхтатмоқчи. Бироқ исроилликлар бунга қарши.
Бош вазир Нетаняҳунинг таъкидлашича, сулҳ тугаганидан кейин Исроил мудофаа кучлари ҲАМАС «бутунлай йўқ қилинмагунча» Ғазодаги кампанияни давом эттиради.
Гаровга олинганлар оилаларининг мурожаати Нетаняҳуни музокараларни қайта бошлашга ишонтиришга ёрдам берган. Ҳукумат йиғилишидан олдин улар Кирят Шмонада митинг уюштиришди. Бундан ташқари, музокараларни қайта бошлашни Мудофаа вазирлиги раҳбари Йоав Галант ва ҳарбий вазирлар маҳкамаси аъзоси Бенни Ганц талаб қилган.
Бироқ, Исроил ўз делегациясини музокараларга юборишга рози бўлса-да, ҳозирча воситачилар - Қатар ва Мисрдан ижобий сигналлар бўлмаган.
Музокаралар бўйича мунозаралар бўлиб ётган экан, Исроил оккупацион армияси Ғазода одамларни ўлдиришда давом этмоқда. Биргина ўтган сутка давомида Исроил Ғазода 9 та оммавий қирғин уюштирган. 91 киши қурбон бўлган ва 210 киши яраланган.
7 октябрдан буён Ғазода ўлдирилганлар сони 35 минг 800 кишига етган. Ярадор бўлганлар сони 80 минг 200 дан ошган.
Украинага ёрдам
АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини тайёрламоқда.
Жума куни Америка Қўшма Штатлари Украинага 275 млн долларлик қўшимча ҳарбий ёрдамни эълон қилади, деб ёзмоқда Associated Press.
Нашрга кўра, ушбу ёрдам Россия қўшинларининг Харкив областидаги юришини тийиб туриш учун зарур.
Америка мулозимларининг журналистларга маълум қилишларича, ҳарбий ёрдам пакетидан HIMARS артиллерия ракета тизимлари, шунингдек 105 ва 155 мм.ли артиллерия снарядлари ўрин олади.
Руминия ўз иттифоқчиларидан эвазига нимадир олса, Украинага ўзида мавжуд Американинг Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини топшириши мумкинлигини маълум қилди.
Бу ҳолда мамлакат президенти Клаус Йоҳаннис Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини топшириш масаласини очиқ муҳокама қилишни истамаслигини таъкидлаган. Президент бу масала ҳарбий мутахассислари ва Миллий мудофаа олий кенгаши томонидан ҳал қилинишини истаётганини айтган.
Россияда ҳарбийлар ҳибсга олинмоқда
Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов ҳибсга олингач ва собиқ мудофаа вазир Сергей Шойгу бошқа ишга ўтказилгач, Мудофаа вазирлиги тизимида тозалаш ишлари бошлаб юборилди.
Россияда яна бир юқори мартабали ҳарбий зобит коррупция иши бўйича қўлга олинди. Россия Тергов қўмитаси Россия Федерацияси Қуролли кучлари алоқа бош бошқармаси бошлиғи, Бош штаб бошлиғи ўринбосари, генерал-лейтенант Вадим Шамаринни қўлга олган. Маълумотларга кўра, Шамарин эҳтимолий фирибгарлик юзасидан жиноят иши бўйича қўлга олинган. Генералнинг уйи тинтув қилиниб, сўнгра у Тергов қўмитасининг Ҳарбий тергов бош бошқармасига сўроқ қилиш учун олиб кетилган.
Генерал икки ойга ҳибсга олингани айтилди. Шамарин жуда катта миқдорда пора олганликда айбланган. Унга 15 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.
Мудофаа вазирлигининг давлат мудофаа харидлари департаменти раҳбари Владимир Вертелецкий ҳам мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланмоқда. У тергов изоляторига жойлаштирилди.
Вертелецкий тадбиркорлардан биридан уй ва автомашина шаклида пора олгани учун ҳибсга олингани даъво қилинмоқда.
Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлигининг кадрлар бўлими бошлиғи Юрий Кузнецов ушланган ва у ҳам пора олганликда айбланаётган эди. Бундан ташқари, Россия Мудофаа вазирлигини танқид қилган 58-армиянинг собиқ қўмондони Иван Попов ҳибсга олинган эди.
Дарвоқе, кеча тунда Россиянинг 20-армияси қўмондони генерал-лейтенант Суҳроб Аҳмедов вазифасидан озод қилингани хабар қилинди.
Z-телеграм каналлар хабарларига кўра, Аҳмедов мажбурий таътилга чиқарилган ва армия қўмондонлигидан вақтинча четлатилган. Уни қандай тақдир кутаётгани ҳозирча маълум эмас.
Футбол клубининг 18 ёшли президенти
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 18 ёшли тўнғич ўғли Аҳмат Қодиров Грознийнинг «Ахмат» футбол клуби президенти этиб сайланди. Бу ҳақда клубнинг Телеграм каналида эълон қилинган.
«Ишончимиз комилки, Аҳмат Рамзанович қўл остида жамоамизни янги муваффақиятлар, ғалабалар ва яхши натижалар кутмоқда», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Рамзан Қодировнинг худди шу тўнғич ўғли Чеченистон Республикасининг жисмоний тарбия, спорт ва туризм вазири лавозимига тайинланган эди.
2024 йилнинг феврал ойида мактаб ўқувчиси бўлган Аҳмат Қодиров ёшлар ишлари бўйича вазир лавозимига тайинланган эди. Унгача, 2023 йилнинг ноябрида унинг туғилган кунида Чеченистон спорт ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари лавозими совға қилинган эди.
Сребреница геноциди куни
БМТ Сребреницадаги 1995 йилги қирғинни геноцид деб тан олди. Сербиянинг қарши бўлишига қарамай, БМТ Сребреница геноциди ҳақида Халқаро фикрлаш ва хотирлаш кунини жорий қилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 1995 йилда Босниянинг Сребреница шаҳридаги воқеаларни геноцид деб тан олган резолюцияни маъқуллади.
Резолюцияни 84 давлат қўллаб-қувватлади, 68 давлат бетараф қолди ва 19 давлат қарши чиқди. Улар орасида Россия ва Хитой бор. Ўзбекистон овоз бериш жараёнларида иштирок этмади.
1995 йилдаги Сребреница геноциди ҳақида Халқаро фикрлаш ва хотирлаш кунини белгилаш тўғрисидаги резолюция Босния ва Ҳерцеговина, Германия ва бошқа бир қанча давлатлар томонидан таклиф қилинган эди. Сербия бунга кескин қарши чиқди. Серблар Сребреница воқеаларини қирғин деб тан олади, аммо геноцид эмас.
Мазкур резолюция бўйича овоз бериш жараёни авваллари «батафсилроқ кўриб чиқиш ва таклифлар киритиш учун», деган иборалар билан бир неча бор қолдирилган эди.
Босния томонининг расмий маълумотларига кўра, 1995 йил июл ойида Сребреницани БМТ тинчликпарвар кучлари тарк этгандан сўнг, бир неча кун ичида 8 мингдан ортиқ мусулмон ўлдирилган. Бу жиноятларда Босния серблари айбланган. Кейинчалик Ҳаагадаги Халқаро суд Сребреницадаги воқеаларни геноцид сифатида баҳолаган эди.
Мавзуга оид
13:35 / 12.11.2024
Ғазода ўлдирилган журналистлар, терговдаги Нетаняҳу ва сайловдан ютган Илон Маск — кун дайжести
13:47 / 11.11.2024
Ғазо шимолидаги сўнгги шифохона, Яманга авиаҳужум ва жиноятини тан олган Нетаняҳу — кун дайжести
14:13 / 09.11.2024
Ғазодаги ҳарбий жиноятлар, НАТОдан Украинага янги ёрдам ва Ғарбни очкўзликда айблаган Путин — кун дайжести
15:34 / 08.11.2024