Жамият | 21:18 / 08.06.2024
34903
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқда бош шифокор ўринбосари тиббиёт ходимларини ҳақорат қилди

Чирчиқ шаҳри кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокорининг ўринбосари йиғилиш вақтида ўз қўл остидаги тиббиёт ходимларини ҳақорат қилди. Хотин-қизлар ҳам иштирок этаётган йиғилишда унинг оғзидан куракда турмайдиган уятли сўзлар чиққан. 

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳри кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтказилган йиғилиш видеоси тарқалди. Унда йиғилишни олиб бораётган, бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Низом Абдуллаев экани айтилаётган шахс тиббиёт ходимларини ҳақорат қилганини кўриш мумкин.

Лавҳада кўринишича, ушбу йиғилиш 2024 йилнинг 6 июн куни эрталаб ўтказилган. Унда кўплаб тиббиёт ходимлари, жумладан, хотин-қизлар, ҳамширалар иштирок этган.

“Мен гапирганимда унга қараш керак эмас, оғайни. Гапирганда ёзиб олиш керак-да, кейин ана ерга олиб кириб, ... керак. Мен гапирдимми, унга қараманг, бўлди. Сиз қараб бўлдингиз. Энди менга қаранг-да, битталаб ёзиб олинг. Кейин хонангизга олиб киринг-да, ..... қўйинг”, деган Низом Абдуллаев тиббиёт ходимларидан икки нафарини ўрнидан турғизиб қўйиб.

Бош шифокор ўринбосари йиғилишда хотин-қизлар ҳам иштирок этаётганига қарамай, тиббиёт ходимларига қарата ҳақоратли сўзларни ишлатган. Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Унга кўра, воқеа жорий йилнинг 7 июн куни Чирчиқ шаҳрида жойлашган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг эрталабки ҳисобот йиғилиши вақтида кузатилган. Қайд этилишича, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан бошқарма томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат атрофлича ўрганилмоқда. Ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид