Ўзбекистон | 11:50 / 13.06.2024
12220
5 дақиқада ўқилади

Нодавлат олийгоҳларга юриспруденция йўналишига лицензия берилмаяпти. Бунга сабаб нима?

Нодавлат олийгоҳларнинг юриспруденция йўналишига лицензия берилмаяпти. Олий таълим вазирлиги олийгоҳлар лицензия талабларини тўлиқ бажармаётганини маълум қилса, нодавлат ОТМ вазирлик арзимаган сабаблар билан лицензия беришни рад қилаётганини айтяпти. Ҳатто айрим ОТМларга шу йўналишда берилган лицензиялар бекор қилинган ҳолатлар бор.

Фото: Kun.uz

Олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш бошланди. Абитуриентлар юридик йўналишга давлат олийгоҳларининг бир нечтасига ҳужжат топшириши мумкин, бироқ деярли бирорта нодавлат олийгоҳда бу йўналиш йўқ. Хўш, нодавлат ОТМ юридик йўналишда ўқитишни хоҳламайдими ёки уларга рухсат берилмаяптими?

Нодавлат олий таълим муассасаларининг аризаси рад этиляпти

Kun.uz’га маълум бўлишича, Profi ва Central Asian университетлари юридик йўналишда факултет очиш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига лицензияга ариза топширган. Бироқ ҳар сафар маълум бир камчиликлар кўрсатилиб, уларнинг аризаси рад этиляпти. Profi университети ректори Бектош Ҳотамов ҳам шундай муаммога дуч келаётганини маълум қилди.

Улар қўядиган талабларнинг ҳаммасини пул билан ҳал қилса бўлади. Айнан юридик йўналиш учун алоҳида талаб мавжуд эмас, барчаси Вазирлар Маҳкамасининг 80-сонли қарорида кўрсатилган”, – деди Ҳотамов. 

Ректор тиббиёт йўналишида нодавлат олийгоҳларга лицензия берилаётган бир пайтда, ҳуқуқшунослик йўналишида лицензия берилмаётгани маъносиз эканини ҳам қўшимча қилди.

Тиббиёт йўналишлари учун лаборатория жиҳозлари ва яна бир қанча мураккаб талаблар қўйилади. Лекин юридик йўналиш бу гуманитар фан. Унга кўп нарса керак эмас, битта суд залини қуриш муаммо эмас”, – деди у.

Қонунчилик қандай?

Нодавлат ОТМни лицензиялаш 2023 йил январигача Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилар эди. Лекин 2022 йил декабр ойидаги маъмурий ўзгаришлар сабаб бу инспекция тугатилиб, унинг вазифалари иккита вазирликка ўтказилди. Олий ўқув юртларига Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги лицензия берадиган бўлди. Шундан бери нодавлат ОТМлар билан вазирлик шуғулланиб келяпти.

Лицензиялаш ҳукумат қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги ягона низом асосида амалга оширилади.

Юридик йўналиш қайси ОТМларда бор?

Маълумотга кўра, юридик йўналишда нодавлат ОТМ сифатида Касаба уюшмалари академиясига ҳужжат топшириш мумкин.

Давлат ОТМлари сифатида юридик кадрлар бир нечта олийгоҳларда тайёрланади. Жумладан, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Самарқанд, Термиз, Фарғона, Урганч ва Наманган давлат университетлари, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, Тошкент давлат транспорт университети, Қорақалпоғистон давлат университети, Жамоат хавфсизлиги университети, Ички ишлар вазирлиги академияси, Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Судялар олий мактаби, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси кабиларга ҳужжат топшириш мумкин.

Вазирлик нима дейди?

Kun.uz мухбири олдинроқ ОТФИВ Қўнғиротбой Шарипов билан интервюда нега нодавлат ОТМларнинг юриспруденция йўналишига лицензия берилмаётгани, бунда қандайдир сунъий тўсиқ бор ёки йўқлиги бўйича савол билан мурожаат қилган эди. Шарипов сунъий тўсиқ бор деган гап асоссиз эканини билдириб, бунга Адлия вазирлиги масъул деган эди.

Юриспруденция йўналиши учун юқори талаб қўйилган. Бунга жавоб берадиган ОТМга Адлия вазирлиги томонидан рухсат берилади.

Ҳозир таълим сифати жуда пасайиб кетди деяпмиз-да, нега ҳаммага рухсат берилмаяпти ҳам деяпмиз. Юрист тайёрлаш – жуда мураккаб жараён. Шунинг учун талабни иш берувчи ташкилот беради. Ҳозирги пайтда ишонч йўқми, демак шунга чекланган.

Ҳозир – ўтиш даври. Шу таълим муассасасига ишонч бўлса, Адлия вазирлиги томонидан бунга рухсат берилади деб ўйлайман”, – деган Қўнғиротбой Шарипов.

ОТФИВнинг Таълим ташкилотларини лицензиялаш ва фаолияти мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Дилшод Муйдиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, юриспруденция йўналишида ўқитиш учун лицензияга ҳужжат топширган нодавлат ОТМлар қонунчиликдаги лицензия талабларини тўлиқ бажара олмаяпти.

Биз белгиланган тартиб бўйича кўриб чиқамиз. Агар тўғри келса берамиз”, – деди масъул.

Kun.uz вазир маълумотини тасдиқлаш учун Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева билан боғланди. Унга кўра, Адлия вазирлиги ҳолат бўйича [лицензия учун ариза топширган нодавлат ОТМ аризаси – таҳр.] фикр бериши мумкинлигини, лицензия бериш бермасликни олий таълим вазирлиги ҳал қилишини маълум қилди.

Маълумот учун, нодавлат ОТМлар орасида юриспруденция йўналиши учун Тошкент технологиялар университетига лицензия берилган эди. Бироқ 2023 йил бошқа нодавлат ОТМлар қаторида ТТУда ҳам камчиликлар аниқланиб, университет ОТФИВ томонидан лицензияни бекор қилиш бўйича судга берилган.

Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz

Мавзуга оид