Жаҳон | 11:10 / 14.06.2024
2213
3 дақиқада ўқилади

WSJ журналисти Эван Гершковичнинг иши судга тақдим этилди

Тергов маълумотларига кўра, 2023 йил март ойида америкалик журналист Эван Гершкович «МРБ кўрсатмаси билан» Свердловск вилоятидаги «Уралвагонзавод» фаолияти ҳақида махфий маълумотларни тўплаган.

Фото: AP

Россия Федерацияси Бош прокуратураси Американинг The Wall Street Journal нашри мухбири, жосусликда айбланаётган Эван Гершковичнинг жиноий иши бўйича айблов хулосасини тасдиқлади. Бу ҳақда 13 июн, пайшанба куни назорат идораси матбуот хизмати Telegram-каналида маълум қилди

«Тергов The Wall Street Journal газетасининг америкалик журналисти Гершкович Марказий разведка бошқармаси кўрсатмаси билан 2023 йил март ойида Свердловск вилоятида «Уралвагонзавод» мудофаа корхонаси ишлаб чиқариш ва таъмирлаш бўйича фаолияти тўғрисида махфий маълумотларни тўплаганини аниқлади ва ҳужжатлаштирди», - дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида. Таъкидланишича, Гершкович «махфийлик чораларига» ҳам амал қилган.

Дастлабки терговни Россия «ФСБ»нинг Тергов бошқармаси олиб борди. Жиноий иш мазмунан кўриб чиқиш учун Свердловск вилоят судига юборилган. 

WSJ мухбири Гершковичнинг Россияда таъқиб қилиниши

The Wall Street Journal мухбири Эван Гершкович 2023 йилнинг 29 мартида Екатеринбургда қўлга олинган ва кейинчалик жосусликда айбланган. Россия Федерал хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, журналист «Америка томонининг кўрсатмаларига биноан Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бири фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган». Гершковичнинг ўзи ҳам, нашр ҳам айбловларни рад этади. Оқ уй уларни «бемаъни» деб атади. 

АҚШ президенти Жо Байден журналистнинг ота-онасига умидини узмаслигига ваъда берди. «Биз Россиянинг америкаликлардан савдо воситаси сифатида фойдаланишга бўлган даҳшатли уринишларини қоралашда ва жазолашда давом этамиз. Эркин жамият устуни бўлган матбуотга ҳужум қилиш ёки журналистларни таъқиб қилишга интилаётган ҳар қандай шахсга кескин қаршилик кўрсатишда давом этамиз». 

Гершковични Вадим Красиковга алмаштириш муҳокамаси 
 
Жорий йилнинг феврал ойида Россия президенти Владимир Путин билан интервюда америкалик журналист Такер Карлсон унга Гершковични «яхши ният белгиси сифатида» озод қилишни таклиф этди, шунда Карлсон уни Қўшма Штатларга олиб кетиши мумкин бўларди. Бунга жавобан Путиннинг айтишича, Россия шунчалик кўп хайрихоҳлик кўрсатганки, у «барча лимитни тугатганга ўхшайди». Шунга қарамай, Путин Гершковични алмашиш вариантини рад этмади. 

The Wall Street Journal 2023 йил сентябрида Путин Россия махсус хизматлари ходими экани айтилаётган Вадим Красиковни озод қилишга шахсан буйруқ берганини ёзган эди. Красиков Германияда чечен бўлгинчиларининг собиқ дала қўмондони Зелимхон Ханқошвилини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. WSJ маълумотларига кўра, Красиковнинг исми Россияда жосусликда айбланиб судланган АҚШ фуқаролари Пол Уилан ва журналист Эван Гершковични алмашиш бўйича музокаралар чоғида тилга олинган.

Мавзуга оид