«Реал» дарвозабони қовун туширди, Мбаппеда жароҳат. Евронинг тўртинчи куни қандай ўтди?
Бир кунда икки сенсация.
17 июн куни 2024 йилги Европа чемпионатида E ва D гуруҳларида жами учта ўйин бўлиб ўтди. Лукаку вазиятларни кўкка совурган ва икки голи инобатга олинмаган ўйинда Белгия муваффақиятсизликка учради, Украина дарвозабоннинг қўпол хатолари туфайли йирик ҳисобда мағлубиятга учради, французлар автогол эвазига минимал ҳисобда ғалаба қозонган ўйинда Килиан қулай вазиятларни йўққа чиқарди, бурнини синдириб олди ва аҳмоқона тарзда огоҳлантирилди.
Е гуруҳи, 1-тур
Руминлар сюрприз тайёрлаган – Украина йирик ҳисобда мағлуб этди
Руминия – Украина 3:0
Голлар: 1:0 – 29 Станчу, 2:0 – 53 Марин, 3:0 – 57 Дрэгуш.
Руминия – Ницэ, Рациу, Буркэ, Дрэгушин, Банку, Станчу, Марин, Марин (Рус, 75), Ман (Ҳаджи, 62), Дрэгуш (Пушкаш, 75), Коман (Михэилэ, 62).
Украина – Лунин, Конопля (Тимчик, 72), Матвиенко, Забарний, Зинченко, Степаненко (Бражко, 62), Шапаренко (Яремчук, 63), Мудрик, Судаков, Циганков (Ярмоленко, 63), Довбик.
Огоҳлантиришлар: Конопля (67), Марин (79).
Украинлар Европа чемпионатига ўз тарихидаги энг яхши таркиблардан бири билан ташриф буюрганди. АПЛ ва ла лига юлдузлари Европа чемпионатларида бунга қадар фақат бир марта ғалаба қозонган (2000 йил гуруҳ босқичи сўнгги турида Англия 3:2 ҳисобида мағлуб этилган) Руминияга қарши фаворит эди. Аммо ўйин Сергей Ребров шогирдлари режаси бўйича кетмади.
Руминлар ўйиннинг атиги 35 фоиз қисмида тўпга эгалик қилиб ҳам йирик ғалабага эришди. «Реал» дарвозабони Андрей Лунин қўпол хатоларга йўл қўйди, «Челси» ҳавбеки Михайло Мудрик вазиятларни йўққа чиқарди. «Жирона» форварди Артём Довбик умуман дарвозага таҳдид сололмади. «Арсенал»нинг универсал футболчиси Олександр Зинченко жамоадошлари учун вазиятлар яратмади. Руминия эса муваффақиятли қарши ҳужумлар уюштирди ва жазолади.
Sensational from Stanciu 😮💨#EUROGOTT | @AlipayPlus pic.twitter.com/HjAgKLxYO2
— UEFA EURO 2024 (@EURO2024) June 17, 2024
Николае Станчу 29-дақиқада узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан ҳисобни очди. Руминлар сардори Микола Матвиенко ва Андрей Лунин бир-бирини тушунмай қолганидан фойдаланди — ҳимоячи босим остида тўпни дарвозабонга узатди, у эса тўпни тўғри рақиб оёғига ташлаб берди. Иккинчи бўлим бошларида Руминия яна бир бор узоқ масофадан йўлланган зарба билан ҳисобдаги фарқни оширди — ва яна дарвозабон хатоси туфайли гол бўлди: Лунин ўз қўлига келган тўпни ўтказиб юборди. Бир неча дақиқа ўтиб Руминия учинчи гол билан ўйин масаласини узил-кесил ҳал қилди.
Энди украинлар «-3» кўрсаткичи туфайли гуруҳдан чиқиши жуда қийин бўлади.
Лукакунинг даҳшатли туши давом этади
Белгия – Словакия 0:1
Гол: 0:1 – 7 Шранц.
Белгия – Кастелс, Кастан, Фас, Дебаст, Карраско (Лукебакио, 84), де Брюйне, Мангаля (Бакайоко, 57), Онана, Троссард (Тилеманс, 74), Доку (Опенда, 84), Лукаку.
Словакия – Дубравка, Пекарик, Шкриньяр, Вавро, Ганцко, Куцка, Лоботка, Дуда, Гараслин (Суслов, 70), Шранц (Дюриш, 81), Боженик (Стрелец, 70).
Огоҳлантиришлар: Мангаля (29), Шранц (41), Тилеманс (76), Лукебакио (85).
Е гуруҳида кураш қизғин тус олди, чунки квартетни андердог жамоалар: Руминия ва Словакия бошқармоқда. Доменико Тедеско бошқарувидаги 14 ўйинда бирор марта ютқазмаган белгияликлар еттинчи дақиқадаёқ ўтказиб юборилган гол туфайли мағлубиятга учрашди. «Лочинлар» Жереми Докунинг хатосидан фойдаланишди — айнан у ўз жарима майдонида пас беришда эҳтиётсизликка йўл қўйганди, бир неча сония ўтиб Иван Шранц қайтган тўпни Куна Кастелс қўриқлаётган дарвозага йўллади.
Ўйиннинг катта қисми «қизил иблислар» босими остида ўтди, аммо ҳужум вакиллари қатор вазиятларни йўққа чиқарди. Ромелу Лукаку — яна антиқаҳрамонга айланди. 85 гол билан Белгия тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиб турган ушбу футболчи биринчи бўлимда иккита жуда қулай вазиятни кўкка совурди, бошқа ҳолатларда эса шериклари ҳам у қулай вазиятда турганида тўп узатишмади.
Танаффусдан кейин эса ниҳоят гол урди — аммо унинг икки голи ҳам бекор қилинди. Биринчисида Ромелу кичик офсайдда туриб тўпга тегинганди.
Иккинчисида унга ассистентлик қилган Луа Опенда ҳужум давомида қўл билан ўйнагани маълум бўлди.
Словаклар вақти-вақти билан қарши ҳужумларга чиқишди, аммо белгияликлар вазиятлардан фойдаланишда ҳалокатли даражада ноаниқлик қилишмаганида, бу жамоа дурангга эришиши ҳам даргумон эди. «Олтин авлод» қаторасига иккинчи йирик турнирда вазиятларни кўкка совуриш билан банд: 2022 йилги жаҳон чемпионатида жамоа футболчилари учта ўйинда 51 зарба берган, xG бўйича 6,7 кўрсаткичини қайд этишган, аммо атиги битта гол уриб, гуруҳда қолиб кетишганди.
Фойдаланилмаган вазиятлар:
3-дақиқа: Жереми Доку қанотдан ҳужум қилди, Де Брюйнега пас берди, у эса – Ромелуга, аммо унинг бир неча метрдан берган зарбаси Дубравкага борди.
6-дақиқа: Лукаку яккама-якка вазиятга чиқиб кетди – аммо тўпни йўқотди.
Тўпни Троссар эгаллаб олди, аммо уни сардорга қайтармади ва вазиятни йўққа чиқарди. Ромелу ғазабланганини ошкора намойиш этди. Кўп ўтмай Словакия ҳисобни очди.
20-дақиқа: кучли прессинг остида Дубравка тўпни Троссарга топшириб қўйди – у қулай нуқтада турган Лукакуни кўрмасдан дарҳол зарба берди.
41-дақиқа: Ромелу яна дарвозабон қаршисида ёлғиз қолди – шунчаки тўпни ўнглай олмади ва ўзидан узоқлаштириб юборди.
45-дақиқа: Доку жарима майдонига ёриб кирди, аммо тўпни Лукакуга узатмади.
Кейинги турда белгияликлар ўйин услуби Словакияникига ўхшаш бўлган Руминия билан беллашади. Бу гуруҳда интрига сўнгги тургача сақланиб қоладиган кўринади.
Е гуруҳида 2-тур ўйинлари:
Словакия — Украина, 21 июн, 18:00;
Белгия — Руминия, 22 июн, 00:00.
D гуруҳи, 1-тур
«Учранглилар»нинг қийин ғалабаси
Австрия — Франция 0:1
Гол: Вебер (38, автогол).
Австрия – Пентц, Пош, Дансо, Вебер (Траунер, 59), Мвене (Прасс, 88), Забитцер, Лаймер (Шмид, 90+2), Гриллич (Виммер, 60), Баумгартнер, Зайвалд, Грегорич (Арнаутович, 59).
Франция – Менян, Кунде, Упамекано, Салиба, Эрнандес, Канте, Рабио (Камавинга, 71), Дембеле (Коло-Муани, 71), Гризманн (Фофана, 90), Тюрам, Мбаппе.
Огоҳлантиришлар: Вебер (16), Мвене (34), Дембеле (56), Баумгартнер (80), Лаймер (84), Мбаппе (90), Дансо (90+3).
Французларни биринчи турдаёқ жиддий синов кутаётганди: Ралф Рангник бошқарувидаги Австрия яхши ўйнамоқда ва аввалроқ «учранглилар» билан ўйинда очко олишганди. 2022 йил июнида ушбу жамоаларнинг Миллатлар лигасидаги баҳсида дуранг қайд этилган (1:1). Диде Дешам шогирдлари Еврога асосий фаворитлардан бири сифатида ташриф буюрганди, шу туфайли жамоанинг биринчи турдаёқ хато қилишига ҳаққи йўқ эди.
«Учранглилар» биринчи бўлимда австрияликлар ҳимоясини кучли босим остида ушлаб туришди, аммо кўп вазиятлар ярата олишмади. Австрияликлар ҳам Майк Менян дарвозасига кўп таҳдид солишмади, аммо курашувчанлик билан ажралиб туришди — жамоа ҳозирда дастлабки 45 дақиқаликда тўпни олиб қўйишлар сони бўйича (19) турнирда тенгсиз бўлиб турибди. Франциянинг голи ҳам тасодифий урилди: французлар жарима майдонидаги босим эвазига тўпни олиб қўйишди, кейин Килиан Мбаппе қанотдан дарвозабон ҳудудига пас берди, австрияликлар ҳимоячиси Максимилиан Вёбер тўпни ўз жамоаси дарвозасига киритиб юборди.
Иккинчи бўлимнинг катта қисми австрияликлар назоратида кечди, аммо тўпга эгалик қилишнинг ўзи хавфли вазиятларга олиб келмади. Французлар эса қарши ҳужумларга таянишди — шундай вазиятлардан бирида Мбаппе дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борди, аммо тўпни тўғри йўналтира олмади.
Килиан ҳамон қитъа турнирларида голлари ҳисобини очолмаяпти: Евро-2020 ўйинлари билан қўшиб ҳисоблаганда Мбаппе аллақачон бешинчи ўйинини ўтказиб, 18 зарба йўллаган ва кутилган голлар бўйича тахминан 3 xG қайд этган. Таққослаш учун: жаҳон чемпионатларида Мбаппе 14 ўйинда майдонга тушиб, 39 зарба йўллаган ва 12 гол урган.
Аммо Мбаппе учун даҳшатли кун шу билан чекланмади. 85-дақиқада у Гризманнинг жарима нуқтасидан узатмасига бош билан зарба беришга уринди, аммо юз қисми билан Дансонинг елкасига урилди.
Мбаппе икки дақиқага яқин газонда ётди, унинг бурни қонга беланганди.
Тиббий бригада майдон четида ишлаб, уни майдонга қайтаришга ҳаракат қилди ва Мбаппе ҳам майдонга қайтишга ошиқди: шунчаликки, бош ҳакам рухсатисиз газонга чиққани учун сариқ карточка олди.
Шу билан бирга, Килиан яна бурнини ушлаб майдонга ўтириб олди. Шундан кейин Мбаппе алмаштирилди ва дарҳол кийим алмаштириш хонасига йўл олди.
Турнир тўпурари бўлиши кутилган форвард кейинги ўйинда — жума куни Нидерландияга қарши кечадиган баҳсда майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Катта эҳтимол билан, Мбаппе майдонда бўлиши учун махсус ҳимоя ниқоби тақиши талаб этилади.
«Ҳа, Килиан бурнини синдириб олган бўлиши мумкин», — деган французлар бош мураббийи Диде Дешам TF1 учун интервюда.
L'Equipe маълумотига кўра, Мбаппе ўйиндан кейин дарҳол тез ёрдам машинасида Дюсселдорф университети клиникасига жарроҳлик амалиёти учун олиб кетилган.
D гуруҳида 2-тур ўйинлари:
Полша — Австрия, 21 июн, 21:00;
Нидерландия — Франция, 21 июн, 00:00.