Жаҳон | 08:48 / 24.06.2024
6322
4 дақиқада ўқилади

Эронда рэпер Тумаж Солиҳийга нисбатан чиқарилган ўлим жазоси ҳукми бекор қилинди

Эрон Олий суди ҳукуматни қаттиқ танқид қилган машҳур хип-хоп ижрочисига нисбатан ўлим жазосини бекор этишга қарор қилди.

Фото: Le Parisien/Arnaud Journois/MAXPPP/dpa/picture alliance

Эрон Олий суди мамлакатнинг машҳур хип-хоп артисти Тумаж Солиҳийга нисбатан чиқарилган ўлим жазоси ҳукмини бекор қилди. У 2022 йилда полиция бўлимида вафот этган Маҳса Аминийнинг хотирасига бағишлаб матнлар ёзган. Бу ҳақда 22 июн куни унинг адвокати Амир Райсан Х ижтимоий тармоғида хабар берди.

«Кутилганидек, Олий суд тузатиб бўлмайдиган суд хатосидан қочди. Тумаж Солиҳийга ўлим ҳукми бекор қилинди», деб ёзган Райсан ва суд Солиҳийнинг олти йиллик қамоқ муддатини ҳам «ортиқча» деб топгани, чунки жазо қонуний рухсат этилган чорадан ошиб кетганини, апелляция қарори асосида иш кўриб чиқиш учун тегишли органга юборилишини билдирди. 

АР агентлигининг аниқлик киритишича, видеолардан бирида Солиҳий Аминий ҳақида: «Шамолда сочлар билан рақсга тушиш кимнингдир жинояти бўлди», деб айтган. Бошқа бир сатрда у Эрон теократиясининг қулашини башорат қилади. 

Рэпер 6 йилга қамалган ва ноябр ойида гаров эвазига озод қилинган 

Солиҳий 2022 йил октябр ойида Эронда курд қиз Маҳса Аминий ўлими ортидан бошланган намойишларни омма олдида қўллаб-қувватлагани учун қўлга олинган эди. Биринчи марта озодликка чиққанидан кўп ўтмай, у ушланганидан кейин қийноққа солинганини айтган видеомурожаатини эълон қилганидан кейин яна қамоқхонага жўнатилди. 

2023 йил июн ойида рэпер «ер юзидаги коррупция» учун 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди - бу Эрондаги энг оғир жиноятлардан бири бўлиб, у бўйича ўлим жазоси ҳам чиқарилиши мумкин. Мусиқачи «Интернетда ёлғон» ва «давлатга қарши ташвиқот» тарқатиш, шунингдек, одамларни зўравонликка ундашда айбдор деб топилди. 

Coldplay гуруҳи аъзолари ва қўшиқчи Стинг эронлик рэперни ҳимоя қилиб чиқишди. Эрон давлат матбуоти кўзи боғланган ижрочининг сўзлари учун кечирим сўрагани акс этган видеони эълон қилди – бу, эҳтимол, босим остида берилган баёнот бўлган бўлиши мумкин. 

Эрон ҳукумати Олий суд қарори билан 2023 йилнинг 19 ноябрида 32 ёшли мусиқачини гаров эвазига яна қамоқдан озод қилди. Унинг адвокати Амир Райсаннинг сўзларига кўра, суд «дастлабки қарорда хатоликларни» аниқлаган. 

Эронда Маҳса Аминий ўлимидан сўнг оммавий норозилик намойишлари 

Эронда оммавий норозилик намойишлари ўтган йилнинг кузида ахлоқ полицияси томонидан ушланган 22 ёшли Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланган. У 2022 йил 16 сентябрда бош кийимни нотўғри ўрашда айбланиб қўлга олинганидан сўнг вафот этди. Унинг оиласи Маҳса полиция зўравонлиги туфайли вафот этганини даъво қилмоқда. Аминийнинг ўлими Эронда «Аёл, ҳаёт, озодлик!» шиори остида кўп ойлар давом этган оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлди. Ноҳукумат ташкилотларга кўра, намойишлар чоғида 22 мингдан ортиқ намойишчи қўлга олинган, 550 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 7 киши қатл этилган. 

2023 йилда Маҳса Аминий ўлимидан сўнг Европарламентнинг «Фикр эркинлиги учун» мукофоти билан тақдирланди. Эронда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича норозилик ҳаракати Сахаров мукофоти лауреати деб эълон қилинди. Бундан ташқари, 2023 йилги тинчлик учун Нобел мукофоти аёллар ҳуқуқлари учун курашаётган эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси Наргис Муҳаммадийга берилди. 

Мавзуга оид