Ўзбекистон | 21:15 / 25.06.2024
7232
5 дақиқада ўқилади

25 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

Номақбул чет эл фуқаролари тўғрисидаги қонун, Деновдаги савдо мажмуасида ёнғин, Қамчиқдаги даҳшатли автоҳалокат ва укалари билан катта йўлга «сайрга» чиққан самарқандлик қизалоқ. 

Номақбул чет эл фуқаролари тўғрисидаги қонун

Қонунчилик палатаси депутатлари чет эл фуқароларининг Ўзбекистонда бўлишини номақбул деб топиш тўғрисидаги ўзгартиришларни учинчи ўқишда қабул қилишди.

Қонун билан Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи мазмундаги оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш шахсни Ўзбекистон Республикасида бўлишини номақбул деб топиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.

Шунингдек, мазкур тоифадаги чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга беш йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришишни тақиқлаш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасида мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби ҳам назарда тутилган. 

Мис саноатида 10 минг янги иш ўрни

Вазирлар Маҳкамасининг «Хом ашёдан тайёр маҳсулотгача» бўлган кўп поғонали қўшилган қиймат занжирларини яратишга қаратилган мис саноати кластерини ривожлантириш концепцияси тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон мис саноатида янги қувватлар ташкил этиш ҳисобига 10 мингдан зиёд иш ўрни яратмоқчи. Бу Ўзбекистоннинг 2030 йилгача мис саноати кластерини ривожлантириш концепциясида ўз аксини топган.

2030 йилга бориб миснинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 400 минг тоннага етказилади ва унинг 300 минг тоннадан ортиғини саноатда қайта ишланади;

Жумладан, электротехника ва маиший техника ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга 1,5 млрд доллар миқдорида инвестициялар жалб қилиш ҳисобига, умумий ишлаб чиқариш ҳажми 8 млрд долларга етказилади. 

5 ойда 162 минг 608 та автомобил

Ўзбекистонда жорий йилнинг январ-май ойларида 162 минг 608 дона автомобил ишлаб чиқарилган. 2024 йилнинг 5 ойида UzAuto Motorsʼнинг Ўзбекистон бозоридаги улуши қарийб 90 фоизни ташкил қилди

2024 йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг 89 фоизи UzAuto Motors, 7,2 фоизи ADM Jizzakh, 3,5 фоизи BYD ҳиссасига тўғри келган. 

Деновдаги савдо мажмуасида ёнғин

Сурхондарё вилояти Денов тумани Бобур маҳалласида жойлашган «Бек» МЧЖга қарашли савдо мажмуаси ҳудудидаги 4 та асосий ва 8 та кичик савдо дўконларида ёнғин содир бўлган.

90 квадрат метр майдондаги буюм ҳамда кийим-кечаклар ёнғиндан зарарланган.

Воқеа жойига Денов, Шўрчи, Олтинсой, Сариосиё ва Қумқўрғон туманлари ФВБнинг 9 та ёнғин-қутқарув экипажлари соат 02:20 да етиб бориб, ёнғин соат 02:30 да қуршаб олинган ва соат 03:50 да батамом ўчирилган.

Ўт ўчирувчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида мажмуа бошқа ҳудудларига ёнғин тарқалишининг олди олинган ва 48 та савдо дўкони ҳамда 500 квадрат метр майдони сақлаб қолинган.

Ёнғин оқибатида ҳеч ким жабрланмагани хабар қилинмоқда. 

Қамчиқдаги даҳшатли автоҳалокат

Қамчиқ довонида юк машинаси ЙТҲга учраб, мажақланиб кетди. Юк машина Туркманистонники экани ва ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлгани айтилмоқда. Ҳодиса юзасидан ҳозирча расмий маълумот берилгани йўқ. 

Ижтимоий тармоқларда А-373 — «Тошкент–Ўш» халқаро автомобил йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида тез ҳаракатланган юк машинаси бошқарувни йўқотиб, йўл четига чиқиб ағнаб кетгани акс этган видеолар тарқалди. Оқибатда юк машинаси мажақланиб кетган.

Гувоҳларга кўра, ҳодиса 2024 йил 23 июн куни кундузи Наманган вилояти ҳудудида содир бўлган. Туркманистонга тегишли юк машинаси довондаги йўлдан пастга тушаётганда ҳайдовчи бошқарувни йўқотган. Оқибатда, катта тезликда ҳаракатланган юк машинаси йўл четига чиқиб кетиб, ағдарилган. Ҳайдовчи ҳодиса жойида ҳалок бўлгани айтилмоқда. 

Самарқандда болакайлар скутерда «сайр»га чиқишди

Самарқанд вилоятида скутерда катта йўл ёқасида ҳаракатланиб кетаётган 7 ёшли қизалоқ ва унинг икки нафар укаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ота-онасига соғ-омон топширилди.

2024 йил 23 июн куни Самарқанд тумани ҳудудида 7 ёшлик қизча скутерга 5 ва 2 ёшли укаларини миндириб, М-37А халқаро автомобил йўли четида ҳаракатланган.

Йўл патрул хизмати ходимлари болаларнинг манзилини аниқлаб, уларни ота-онасига олиб бориб топширишган.

Мавзуга оид