Жаҳон | 20:58 / 03.08.2024
6424
2 дақиқада ўқилади

Британия сувости кемаларида фойдаланилган кодларни беларус дастурчилари ёзгани маълум бўлди

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги мазкур ҳолатни мамлакат хавфсизлигига таҳдид дея баҳолаган ва терговни бошлаган.

Фото: Getty images

Британия атом сувости кемалари муҳандислари хавфсизлик қоидаларига зид равишда рус ва беларус дастурий таъминотларидан фойдаланмоқда. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.

Гап интранет — сувости кемалари муҳандислари учун худди интернет каби ишлайдиган, бироқ ундан изоляцияланган ички тармоқ ҳақида кетмоқда. Дастурлар махфий маълумотлар билан ишлаш бўйича рухсатга эга британиялик ходимлар томонидан яратилиши керак. Шартнома тузган WM Reply фирмаси буюртмаларни қисман Минск компанияси дастурчиларига топширган.

Газетанинг ёзишича, дастурий коддан сувости кемалари жойлашган ҳудудларни аниқлашда фойдаланилиши хавфи мавжуд. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги мазкур ҳолатни мамлакат хавфсизлигига таҳдид дея баҳолаган ва терговни бошлаган. Тергов давомида дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ишониб топширилган фирма ишни хорижлик мутахассисларга бергани ва бу фактни яширишга урингани аниқланган.

 

Бундан ташқари, WM Reply топ-менежерлари беларусларнинг иштирокини яшириш мақсадида британиялик дастурчиларга кодни Буюк Британияда ёзилгандек ўзгартиришни топширган.

Таъкидланишича, бу биргина сувости кемаларига таҳдид туғдирмайди, чунки фирма жавобгар бўлган олдинги буюртма ҳам минсклик дастурчилар билан ҳамкорликда бажарилган.

WM Reply вакиллари ўз ҳаракатлари миллий хавфсизликни таҳдид остида қолдиргани айтилаётган тахминларни рад этди. Фирма мунтазам равишда ўз иш жараёнларини кузатиб бориши ва хавфсизлик соҳасидаги мижозлари талабини ҳурмат қилишини билдирди.

 

Британия, сувости кемалари, дастурчилар

Мавзуга оид