Германия канцлери Молдовани ЕИга қўшилиш йўлида қўллаб-қувватлашини билдирди
Олаф Шолцнинг сўзларига кўра, Германия Молдованинг «мавжуд барча масалаларини ҳал этиш ва қўшилиш жараёнини жадаллаштириш йўлида» фаол кўмак кўрсатмоқда.
Германия канцлери Олаф Шолц Молдова ҳукуматига республиканинг Европа Иттифоқига қўшилиш йўлида уни қўллаб-қувватлашга ваъда берди.
«Биз Молдова Республикасини Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлида қўллаб-қувватлаймиз. Бу қарор қабул қилиниши биз учун жуда муҳим ва биз ушбу имконият амалга ошиши учун кўп машаққат чекдик. Биз Европа Иттифоқининг кенгайишига ижобий қараймиз. Айрим давлатлар учун анча олдин бошланган қўшилиш жараёнини якунлаш вақти келди деб ҳисоблаймиз», — дея таъкидлайди Шолц.
Канцлернинг қайд этишича, Германия Молдованинг «мавжуд барча масалаларини ҳал этиш ва қўшилиш жараёнини жадаллаштириш йўлида» фаол кўмак кўрсатмоқда.
Ўз навбатида президент Майя Санду Молдова ўзининг Европа оиласига қўшилишини жуда узоқ вақтдан бери суриб келаётгани, аммо энди ЕИдаги шериклари қўллаб-қувватлови остида қатъий қадамлар ташланаётганини таъкидлади.
«Германия ушбу йўлда Молдовага кўмак кўрсатишда муҳим рол ўйнамоқда ва биз уни юқори баҳолаймиз», — дейди президент.
Шолцнинг Кишинёвга ташрифи мамлакатда президентлик сайлови кампанияси бошлангани фонида амалга оширилди. Санду 2023 йилнинг охирида иккинчи муддатга сайланиш нияти борлигини маълум қилиб, сайлов куни ЕИга қўшилиш бўйича референдум ўтказиш таклифини илгари сурган эди.
ЕИга номзод мақоми
Молдова 2022 йилда Европа Иттифоқига номзод мақомини олган. 2023 йил декабрь ойида Европа кенгаши ушбу мамлакатнинг ЕИга кириши бўйича музокараларни 13 мартда бошлашга қарор қилган, Европа комиссияси Европа кенгашига Молдова билан музокаралар учун асос сифатида хизмат қилувчи лойиҳани кўриб чиқиш учун юборган эди.
Июнь ойи бошида Еврокомиссия Молдова ва Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокараларни бошлашни тавсия қилди. Бундан ташқари, 5 июнь куни Европа Иттифоқининг 27 давлатидан 11 таси ҳозирда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Бельгияга ҳукуматлараро йиғилишни ўтказиш мақсадида шу ойда Молдова ва Украинанинг ЕИга қўшилиши бўйича музокаралар учун асос яратишни сўраб мурожаат қилганди.
Мавзуга оид
23:38 / 10.11.2024
Россия томонидан учирилган иккита дрон Молдова ҳудудига қулаб тушди
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:13 / 05.11.2024
Кремл россияпараст номзод мағлубиятидан кейин Молдовадги президентлик сайловларини «адолатсиз» деб атади
22:39 / 04.11.2024