Жаҳон | 08:20 / 16.09.2024
12492
3 дақиқада ўқилади

Эронда Маҳса Аминий вафотининг икки йиллиги муносабати билан намойишлар ўтказилди

Марҳум Маҳса Аминийнинг оиласига унинг қабрида мотам маросимини ўтказишга рухсат берилмаган, қабристонга яқинлашиш полиция ходимлари томонидан назорат қилинган. Эрон пойтахти ва қизнинг она шаҳрида хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Фото: AFP

Эронда 15 сентябр, якшанба куни курд қиз Маҳса Аминий ўлимининг икки йиллиги муносабати билан оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бир кун аввал мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилганига қарамай, одамлар қизнинг хотирасини ёд этиш учун кўчаларга чиқди. Эрон пойтахти ва Аминийнинг она шаҳри, Курдистон вилоятидаги Саққез полиция ва хавфсизлик ходимлари томонидан қаттиқ назоратга олинган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ёш намойишчилар эронлик қўшиқчи Шервин Ҳажипурнинг икки йил аввал Маҳса Аминий вафотидан кейин аёллар ҳуқуқлари ҳаракати мадҳиясига айланган «Аёл, ҳаёт, озодлик» қўшиғини куйлаган. Марҳум қизнинг оила аъзоларига унинг қабрида мотам маросимини ўтказишга рухсат берилмаган, қабристонга яқинлашиш полиция ходимлари томонидан назорат қилинган. Аминийнинг ота-онаси уй қамоғига олинди.

Эроннинг Эвин қамоқхонасидаги аёл маҳбуслар норозилик намойишларига бирдамлик сифатида очлик эълон қилди. «Бугун Эвин қамоқхонасидаги 34 нафар сиёсий маҳбус аёл «Аёл, ҳаёт, озодлик» ҳаракати ва Маҳса Аминий ўлдирилишининг икки йиллиги муносабати билан очлик эълон қилишди», деди эронлик инсон ҳуқуқлари фаоли, тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори Наргиз Муҳаммадий ташкилоти.

Парижда юзлаб одамлар аёллар ҳаракати ва Эрон мухолифатини қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳар бўйлаб юриш қилиб, Аминийга ҳурмат бажо келтирди. Маршда Эронда жосуслик учун ноҳақ ҳибсга олинган Франция фуқароси Бенжамин Бриер ҳам иштирок этди. Бриер 2023 йилнинг май ойида Эрон қамоқхонасидан озод қилинган. Париж Эрон ҳукуматини халқаро майдонда ўз манфаатлари йўлида музокаралар олиб бориш учун хорижлик гаровга олинганлардан фойдаланганликда айблайди.

Маҳса Аминийнинг қўлга олиниши ва ўлими

22 ёшли курд қиз Маҳса Аминий 2022 йил 16 сентябрда бош кийимни нотўғри ўрашда айбланиб, ахлоқ полицияси томонидан қўлга олинганидан сўнг вафот этди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, қизда юрак хуружи кузатилган. Қариндошлари, ўз навбатида, Маҳсанинг юраги билан боғлиқ муаммо йўқлигини таъкидлаб, унинг ўлими сабабини ҳибсда калтаклангани деб атаган.

Аминийнинг дафн маросимидан сўнг Эрон ғарбида «Аёл, ҳаёт, озодлик» шиори остида оммавий норозилик намойишлари бошланди. Кўп ойлар давомида тартибсизликлар давом этди. Ноҳукумат ташкилотларга кўра, намойишлар чоғида 550 дан ортиқ намойишчи ҳалок бўлган, етти киши қатл этилган.

Мавзуга оид