Жаҳон | 20:50 / 26.09.2024
2240
2 дақиқада ўқилади

Рус тилини билмайдиган мигрантларга фуқаролик берилмайди – Россия ИИВ

Россия ИИВ рус тилини билмайдиган, лекин айни пайтда тегишли сертификатларга эга бўлган хорижликларга миграция мақоми ва Россия фуқаролиги берилмаслигини маълум қилди.

Фото: РБК

Охирги уч йил ичида Россия Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) рус тилини билмайдиган, лекин тегишли сертификатга эга бўлган 14 минг нафар чет эл фуқаросининг фуқаролик ёки миграция мақоми бўйича аризаларини қабул қилишдан бош тортди.

Россия ИИВ расмий вакили Ирина Волк айтганидек, бундай фуқаролар Россия фуқаролигини ололмайди.

«Рус тилини билмайдиган, лекин айни пайтда тегишли сертификатларга эга бўлган хорижликлар миграция мақоми ва Россия фуқаролигини ололмайди», деб таъкидлади Волк.

Қайд қилинишича, Россия Ички ишлар вазирлиги уюшган гуруҳларнинг, шунингдек, уйдирма имтиҳонларни ўтказишга ихтисослашган шахсларнинг ноқонуний фаолиятини аниқлаш ва уларга чек қўйиш устида ишламоқда.

Таъкидланишича, тил билиш ҳақидаги сохта сертификатга эга бўлган чет эл фуқаролари ҳақидаги маълумотлар «Рособрнадзор»га юборилади, у 2024 йил июн ойидан буён бундай ҳолатларнинг ҳисобини юритиб келади. Россияга миграция мақоми ёки фуқаролигини олиш учун келган чет элликлар рус тили, қонунчилик асослари ва мамлакат тарихидан имтиҳон топшириши ва сертификат олиши керак.

Мавзуга оид