Илон Маск «дронлар тўдаси» ўртасида жанглар содир бўлишидан огоҳлантирди
Tesla ва Space X асосчисининг сўзларига кўра, учувчисиз учиш аппаратлари тўдаларининг ҳайратланарли даражадаги жанглари яқинлашмоқда.
Келажакда инсониятни тасаввурни ҳайратга соладиган даражада «учувчисиз учиш аппаратлари тўдалари» билан жанговар ҳаракатлар кутмоқда, бу ҳақда Tesla ва Space X асосчиси Илон Маск ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига ёзиб қолдирди.
«Тасаввурни ҳайратга соладиган даражада учувчисиз учиш аппаратлари тўдаларининг жанглари яқинлашмоқда», — деб ёзади у.
Маск бу орқали америкалик ёзувчи ва журналист Эшли Венснинг АҚШ бугунги кунда йилига 20 мингга яқин фуқаролик дронларини ишлаб чиқара олиши мумкинлиги, Хитой эса бир кунда шунча дрон ишлаб чиқаришга қодир экани ҳақида ёзганига муносабат билдирди.
Дронлар тўдаси — бу учувчисиз учиш аппаратларини бошқаришнинг истиқболли технологияси. Ушбу концепция доирасида дронлар якка эмас, балки гуруҳ — тўда бўлиб ҳаракатланади. Тўданинг ҳаракати эса сунъий интеллект ёки бир нечта оператор ёрдамида бошқарилади. АҚШ Ҳарбий академияси Замонавий уруш институти 2024 йилда мазкур технологияни яратиш устида 11 та давлат иш олиб бораётгани, Исроил эса ҲАМАСга қарши жангларда буни амалиётда қўллаганини маълум қилганди.
АҚШда ҳозирда ҳарбий мақсадларга мўлжалланган дронларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи фақат битта дастур рўйхатдан ўтган Short Range Reconnaissance ёки SRR. Ушбу дастур бўйича шартномани олишга иккита компания — Skydio ва Teal рақобат қилиб келади. Уларнинг биринчиси ойига 2 мингтагача дрон ишлаб чиқара олишини таъкидлаган бўлса, иккинчисида бу кўрсаткич мингтани ташкил этади.
2023 йилнинг августида Пентагон раҳбарининг ўринбосари Кетлин Хикс Replicator ташаббуси доирасида ҳарбийлар Хитойга қарши туриш учун яқин икки йилда мингта дрон ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режаси ҳақида гапирганди. Мазкур дастур натижасида дронлар арзонлашиши ва уларни ишлаб чиқариш тезлашиши керак.
Мавзуга оид
20:47 / 18.11.2024
Германия Украинага сунъий интеллектга эга Helsing дронларини етказиб беради
16:59 / 18.11.2024
АҚШдан Хитойгача 40 дақиқада: Илон Маск самолётларни ракеталарга алмаштирмоқчи
19:12 / 15.11.2024
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
17:11 / 15.11.2024