Ўзбекистон | 23:53 / 30.09.2024
398
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжонда ўзбекистонлик ҳарбийлар иштирокида «Маҳорат-2024» қўмондонлик-штаб ўқувлари бошланди

Ҳарбий бошқарув институти Ҳарбий ўйинлар маркази базасида бошланган ўқувларда ҳар икки давлатнинг 100 дан ортиқ ҳарбий хизматчиси иштирок этмоқда.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасида 2024 йилга мўлжалланган икки томонлама ҳамкорлик режаси доирасида «Маҳорат-2024» номли компютер кўмагида қўшма тактик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари бошланди.

Қайд этилишича, ушбу ўқувлар икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг муҳим босқичи бўлиб, қўшинларнинг тезкор имкониятларини оширишга қаратилган.

Озарбойжон Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, ўқувлар 30 сентябр куни Ҳарбий бошқарув институти Ҳарбий ўйинлар маркази базасида бошланган. Унда Озарбойжон ва Ўзбекистоннинг 100 дан ортиқ ҳарбий хизматчиси иштирок этмоқда. Компютер кўмагида ўтказилаётган ўқувлар икки мамлакат тезкор гуруҳлари ўртасидаги мувофиқлаштирув жараёнларини яхшилашга, жанговар шайликни, шунингдек, командирларнинг стратегик ва тактик кўникмаларини оширишга хизмат қилади. 

Ушбу манёврларнинг асосий мақсади икки давлат армияларининг турли сценарийлар бўйича ўзаро ҳамкорлигини амалиётга татбиқ этишдан иборат бўлиб, бу тезкор бўлинмалар қўмондонлигига тез ва самарали ҳарбий қарорлар қабул қилиш, қийин жанговар вазиятларда ташаббус кўрсатиш ва қўшинларни моҳирона бошқариш қобилиятини ривожлантириш имконини беради. Ўқувларнинг муҳим элементи — бу компютер технологиялари ёрдамида реал жанговар ҳаракатларни моделлаштиришдир. 

Ҳарбий ўқувлар бир неча босқичда ўтказилади ва 6 октябрга қадар давом этади. «Маҳорат-2024» нафақат Озарбойжон ва Ўзбекистон армиясининг тайёргарлик даражасини ошириши, балки икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Мавзуга оид