Фан-техника | 15:33 / 04.10.2024
7413
2 дақиқада ўқилади

АҚШда “яшил” бетондан дунёдаги биринчи осмонўпар бинони қуриш бошланди

Ню-Йоркда осмонўпар бинони қуриш пайтида илк бор углероддан холи бетон қўлланилди. Материал таркибида иссиқхона газларини чиқарадиган анъанавий оҳактошли цемент ўрнига гранитдан фойдаланилган.

Фото: C-Crete Technologies

Калифорниядаги C-Crete Technologies компанияси ғайриоддий «C-Crete» бетонини ишлаб чиқди. Унда боғловчи модда сифатида гранитдан фойдаланилган. Ню-Йоркда қурилаётган 423 метр баландликдаги осмонўпар бинонинг юқори лоббисига 9,2 куб метр ҳажмдаги янги бетон қопламаси ётқизилди. Асосий бетон қоплама устига ётқизилган бу қатлам бинонинг эстетик кўриниши ва амалий хусусиятларини яхшилайди, деб хабар бермоқда New Atlas.

Янги осмонўпар бино ноёб материалдан қуриладиган дунёдаги биринчи иншоот бўлди.

Цементга муқобил ушбу материал ишлов берилмаган гранитни майда янчиб, сўнгра патентланган технология асосида қайта ишлаш орқали олинди. Бунда у сув билан ўзаро таъсирлашиб, боғловчи компонент вазифасини бажаради. Жараённинг ҳеч бир босқичи қиздиришни талаб этмайди.

Анъанавий цементда ишлатиладиган оҳактошдан фарқли ўлароқ, гранит таркибида карбонатлар мавжуд эмас. Яъни унга ишлов беришда карбонат ангидрид гази чиқмайди. Гранит бутун сайёра бўйлаб тарқалгани сабабли уни қазиб олиш муаммо туғдирмайди. Нархи жиҳатдан «C-Crete»ни анъанавий бетон билан таққосласа бўлади.

Фото: C-Crete Technologies 

Янги материал сифатидан тортиб, механик хоссаларигача анъанавий бетоннинг барча хусусиятларига эга. Бу мустақил мутахассислар томонидан тасдиқланган.

Анъанавий бетон учта асосий ингредиентдан иборат: цемент, тўлдирувчи (масалан, қум/шағал) ва сув. Цемент сув билан аралаштирилганда кимёвий реакцияга киришиб, аралашмани бир-бирига боғловчи қаттиқ модда ҳосил қилади. Портландцемент оҳактош ва бошқа хомашёларни майдалаш, сўнгра олинган кукунни 1450 градусгача қиздириш йўли билан тайёрланади. Қиздириш жараёнида кўп миқдорда карбонат ангидрид гази ҳосил бўлади.

Бундан ташқари, оҳактош куйдирилганда, ундаги карбонат ангидрид гази ҳавога ажралиб чиқади. Цемент ишлаб чиқариш билан боғлиқ карбонат чиқиндилари, инсон омили туфайли юзага келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларининг 5-8 фоизини ташкил этади.

Мавзуга оид