Ўзбекистон | 15:10 / 13.11.2024
7030
1 дақиқада ўқилади

Биржага чиқарилаётган АИ-80 бензинининг бошланғич нархига нисбатан чеклов ўрнатилди

Рақобат қўмитаси биржада АИ-80 маркали бензиннинг бошланғич нархи учун 5 фоиз миқдорида чеклов ўрнатди. Шунингдек, битта харидорга 4 тонна бензин сотиш чеклови ҳам сақлаб қолинади.

Фото: Kun.uz

Рақобат қўмитаси товар-хомашё биржасида АИ-80 автомобил бензини нархининг юқори чегарасини белгилади. Бу ҳақда Spot хабар берди.

Қайд этилишича, қўмитанинг 12 ноябрдаги топшириғига кўра, чоршанба кунидан бошлаб АИ-80 бензини бошланғич нархига нисбатан 5 фоиз миқдорида чеклов (спред) жорий этилган.

Ушбу қарор нархларга сезиларли таъсир қила бошлаган. Хусусан, 13 ноябр кунги савдоларда АИ-80 бензинининг ўртача нархи тоннасига 1,2 млн сўмдан кўпроққа пасайиб, 9,3-9,4 млн сўмгача арзонлашган.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишлаб чиқарган бензиннинг дастлабки нархи бир тоннаси учун 8 млн 931 минг сўмни ташкил этса, жорий этилган чекловни ҳисобга олган ҳолда бир тонна бензиннинг энг юқори нархи 9 млн 377 минг сўмга тенг бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрдан бошлаб суюлтирилган газ нархларининг бошланғич нархига нисбатан ҳам 20 фоиз миқдорида чеклов жорий этилганди.

Мавзуга оид