Жаҳон | 09:01
2399
3 дақиқада ўқилади

«Газпром» Австрияга газ етказиб беришни тўхтатди

16 ноябрдан бошлаб Австрияга газ етказиб бериш тўхтатилади. Бир кун олдин OMV «Газпром экспорт» билан арбитраж ишида ғалаба қозонганини эълон қилди.

Фото: AP

Россиянинг «Газпром» давлат концерни Австрияга газ етказиб беришни тўхтатмоқда. Австриянинг OMV нефт-газ компанияси «Газпром»дан 16 ноябрдан бошлаб газ етказиб бериш бутунлай тўхтатилиши ҳақида билдиришнома олди, дейилади OMV 15 ноябр, жума куни эълон қилган баёнотда. Таъминот Марказий Европа вақти билан соат 06.00 дан (Тошкент вақти билан 10.00) дан нолга камаяди, дея аниқлик киритди компания.

Бир кун олдин OMV «Газпром экспорт» билан арбитраж ишида ғалаба қозонганини эълон қилди. Компания суд қароридан сўнг Россия томонидан фоизлар ва суд харажатларини қўшимча равишда 230 миллион евро миқдорида ундириш ниятида эканлигини маълум қилди. OMV 2022 йил кузида газ етказиб бериш тўхтатилгани сабабли 2023 йил бошида «Газпром экспорт»га қарши даъво аризаси билан чиқди.

Суд қароридан кейин OMV «Газпром экспорт» билан шартнома муносабатларининг ёмонлашиши, жумладан, газ таъминоти тўхтатилишини истисно этмади. Ушбу баёнот фонида Европада газ нархи ўтган йил давомида энг юқори даражага етди.

ГФР СТГ терминаллари операторига РФдан газ қабул қилишни тақиқлади

Германия Иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш вазирлиги суюлтирилган табиий газ (СТГ) терминаллари давлат оператори Deutsche Energy Terminal (DET)га Россия хомашёсини «умуман қабул қилмаслик»ни буюрди. Бу ҳақда 14 ноябр куни вазирликнинг 6 ноябрдаги хатига таяниб, Financial Times нашри хабар берди.

FT маълумотларига кўра, мактуб мамлакатдаги тўртта СТГ терминалини бошқарадиган DET'га, компания ҳукуматни Брунсбюттеле шаҳрида Россия СТГ юки ҳақида хабардор қилганидан кейин юборилган. Вазирлик DET'га «муҳим давлат манфаатлари» йўлида «кейинги огоҳлантирувга қадар Россиядан СТГ олишдан бош тортишни» буюрди.

Таъкидланишича, агар бундай юклар қабул қилинса, Германия ва бутун Европа Иттифоқи учун «Россия газидан мустақилликни» таъминлаш мақсадида яратилган терминалларнинг «бутун маъноси» йўқолади.

Мавзуга оид