Ўзбекистон | 12:15 / 03.03.2025
702
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Малайзия махсус саноат зонаси ташкил этилади

Малайзиянинг Berita RTM давлат телерадиокомпанияси сайтида Ўзбекистон ва Малайзия икки томонлама муносабатларига бағишланган мақола эълон қилинди.

Фото: berita.rtm.gov.my

Унда Малайзия билан дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали шерикликни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг Осиё йўналишидаги устувор йўналишларидан бири экани таъкидланган.

"Жорий йилда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 33 йиллиги нишонланмоқда. Ўтган даврда Ўзбекистон-Малайзия муносабатлари дўстлик, тенглик, ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ҳолда изчил ва самарали ривожланди", – дейилган нашрда.

Қайд этилишича, олий даражадаги ташрифлар ва давлатлараро мулоқотнинг йўлга қўйилган механизмлари икки томонлама ҳамкорликни илгари суриш ва чуқурлаштиришда муҳим рол ўйнади.

Мақолада сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2020 йилдан буён 2,5 баробарга ошганлиги қайд этилган. Ўзбекистон ҳудудида Малайзия капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони 37 тага етгани хабар қилинган.

"Бундан ташқари, томонлар юқори технологик лойиҳаларни илгари суриш учун махсус Ўзбекистон-Малайзия саноат зонасини ташкил этишга келишиб олдилар. Албатта, унинг ташкил этилиши мамлакатлар ўртасидаги саноат кооперациясини сезиларли даражада чуқурлаштиришга ва юқори қўшилган қийматга эга қўшма лойиҳаларни шакллантиришга замин яратади", – деб ёзган Berita RTM.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид