Спорт | 17:10 / 19.09.2017
13953
14 дақиқада ўқилади

Кун мунозараси. Манчестер қизилми ёки кўк? 

Фото: Reuters

Англия Премьер Лигаси 5-туридан кейин Манчестернинг икки жамоаси тенг очко ва тенг тўплар нисбати билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Аслида, аввалги икки йилда «шаҳарликлар» жамоаси илк 5 турни юз фоизлик натижа билан ўтказган бўлишса-да, кейин кучли учликка зўрға илинганди. Яъни, келажакка қараб, чемпионлик учун кураш айнан шу икки клуб ўртасида кечишини айтишга ҳали эртадек. Аммо бу жамоаларнинг тенг очко тўплашлари доим драматик воқеаларга сабаб бўлишини эсласак, нимадир бизни кутиб тургандек бўлаверади. 

Масалан, 2011/12 йилги мавсумни ҳар икки жамоа 89 очкодан тўплаб якунлаган. Фақат тўплар нисбати «Манчестер Сити»га узоқ танаффусдан сўнг, чемпионликни нишонлашга замин яратган. 2015/16 йилги мавсумда ҳам Манчестер клублари тенг очко тўплашди – энди тўплар нисбати «Манчестер Сити»га Европа Чемпионлар Лигасида тўп суриш ҳуқуқини берди. «Юнайтед» эса, ўша нисбат туфайли, Англия кубогини ютганига қарамасдан, Луи ван Гаални истеъфога чиқариб юборди. 

Ҳозир эса, ҳатто тўплар нисбати бўйича ҳам жамоалар тенг боришмоқда. Бу қачонгача давом этади? Яқин турларда ёки якунда қайси жамоа ўз устунлигини рақамларда ҳам акс эттира олади? Аслида қайси жамоа кучли?

Бу саволларга таҳририятимизда икки хил жавоб берилди. Марҳамат. 

Қаҳрамон АСЛАНОВ: «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» КУЧЛИ, ЧУНКИ:

БИРИНЧИДАН, мураббий омили.

Фото: «Манчестер Юнайтед»

Жуда эскириб кетган фикр бўлса ҳам, айтиш жоиз, Жозе Моуриньонинг иккинчи мавсумлари доим жуда кучли бўлади. «Челси», «Реал», «Интер»даги фаолияти давомида мураббий айнан шу даврда жамоасини чўққига олиб чиқа олган. Гап фақат тасодифларда эмас, Жозе қисқа муддат ичида рақобатбардош жамоа қуришга, таркибда муаммоларни аниқ ҳис қилган ҳолда трансферларни амалга оширишга жуда уста. 

Моуриньо ўтган йили амалга оширган 4 трансфернинг барчаси жамоа етакчи футболчиларига айланишди. Бу йил таркибга қўшилган Лукаку 7 ўйинда 7 гол уришга муваффақ бўлди, Матич эса, майдон маркази эгасига айланиб бўлди. Умуман олганда, Жозе Моуриньо уч марта Англия чемпионатини ютган, яна икки мавсумда чемпионлик учун курашганини эътиборга олсак, айнан инглиз футболини ҳис қилиш бўйича португалиялик мураббий устунроқ.

ИККИНЧИДАН, План-Б учун шароит. «Юнайтед»нинг позицион ҳужумдаги камчиликлари, айниқса, «автобус» ҳимоялар билан ўйинлардаги муваффақиятсизликлари кўп бор тилга олинади. Аммо бу мавсумдан муаммо ечилгандек – жамоа беш ўйинда 16 гол урди, ўтган йили бу кўрсаткичга 11-турдан сўнг келинганди. 

Ромелу Лукакунинг келиши, Златан Ибраҳимовичнинг қайтиши, шунингдек, таркибда Погба, Матич, Феллайни каби баланд бўйли футболчиларнинг мавжудлиги «МЮ»га турли усулларда самарали ўйнай олиш имкониятини беради. Мата, Мхитарян, Погба, Лингард каби футболчилар билан қисқа масофаларда ҳужум ташкил қилиш, Рэшфорд, Марсияллар ёрдамида қарши ҳужумда ўйнаш, пайти келганда эса, юқорида тилга олинган футболчилар ёрдамида узун пасларга мурожаат қилиш имконияти мавжуд. 

«Манчестер Сити» ҳужумчилари Агуэро ва Жезус, шунингдек, Стерлинг, Сане, Силва, Де Брюйне каби футболчилар ҳам, асосан бир-бирларига яқин услубда ўйнашади. Жеко, Йоветич, Негредо, Бони каби захира вариантларида эга бўлган «Сити» бу мавсумда айнан шу йўналишда қийинчиликка учрашини тахмин қилса бўлади. Инглиз клублари кўпчилик бўлиб ҳимояланганда ва айниқса, жисмоний куч «козир» сифатида ўртага ташланганда, Пеп Гвардиола керакли «қурол»ни топа олмай қолиши эҳтимоли бор. 

УЧИНЧИДАН, таркибдаги рақобат.

Фото: «Манчестер Юнайтед»

Албатта. ҳар икки жамоа ҳам лигада энг кучли таркибга эга ҳисобланадилар. Аммо вазиятга чуқурроқ қарасак, «Манчестер Сити»да биринчилар ва иккинчилар аниқ ажралиб қолгандек туюлади. «Юнайтед»да эса, Лукаку ва Погбадан бошқа ҳеч бир футболчи ўзини тўлақонли асосий таркиб ўйинчиси деб ҳис қила олмайди. Сўнгги дақиқаларда киритилаётган голларнинг ҳам сабаби шу – захирадан майдонга тушаётган футболчилар шунчаки, ўйинни якунлаш эмас, ўзига берилган вақтда имкон қадар ўзини кўрсатишга уринмоқда ва шу туфайли, жамоа сўнгги дақиқаларда янаям кучайиб кетмоқда. Захирадан тушган футболчилар аллақачон 5 гол уриб, 4 голли узатмани амалга оширишди.

ТЎРТИНЧИДАН, майдон маркази. Англия Премьер Лигасида асосан майдон маркази жуда кўп ўйинларда ҳал қилувчи бўлади. Погба, Матич, Феллайни, Эррера ва Каррик каби футболчилардан ташкил топган «Манчестер Юнайтед» маркази «қўшнилари»дан кучлироқ кўринмоқда.

Пеп Гвардиола ихтиёрида Фернандиньо, юлдузли онлари ортда қолган Яҳё Туре ва захирадан қайтаётган ва ҳали Англия чемпионатининг ҳавосини олмаган Илкай Гундўған бор. Жисмонан кучли АПЛ жамоаларига қарши бу футболчилар етарлича қаршилик кўрсата олмасликлари мумкин. Ҳозирда «Манчестер Сити» нисбатан кучсизроқ жамоаларга қарши, ҳужум чизиғидаги футболчиларнинг сони ҳисобига керакли натижаларни қўлга киритаётгандир, аммо қаттиқроқ қаршиликка дуч келинганда, марказни тўлдириш ҳисобида кимдандир воз кечилиши табиий. У ҳолда ҳужумдаги ажойиб комбинацияларнинг сонига ҳам путур етади. 

 

Азамат МУРОДОВ: «СИТИ» КУЧЛИ, ЧУНКИ:
Янги мавсумнинг биринчи турларидан кўриниб қолдики, Гвардиола уни биринчи мавсумда қийнаган энг асосий учта муаммоли жиҳатларнинг деярли барчасини ёпа олган.

Фото: «Манчестер Сити»

БИРИНЧИДАН. Орқа чизиқдаги барқарорлик. Ўтган йили «Манчестер Сити»ни қийнаган энг асосий муаммолардан бири айнан ҳимоя чизиғидаги қўпол хатолар, орқа чизиқнинг ўзаро боғламларидаги узилишларда кўринди. Гвардиола талаб қиладиган энг асосий хусусиятлардан бири ҳаттоки у дарвозабон бўлса ҳам, биринчи навбатда оёқда яхши ўйнай олиши керак бўлади. Шу мақсадда узоқ йиллик асосий дарвозабон Жо Ҳартдан воз кечилди ва унинг ўрнига Клаудио Браво харид қилинди. Тўп билан яхши муомала қилиши биринчи планга чиққан Жон Стоунз асосий марказий ҳимоячи сифатида жамоага олиб келинди. Орқа чизиқдаги мазкур икки ўзгариш ва эски футболчилар бутунлай янгича ўйин услубига мослашгунига қадар мавсумнинг катта қисми ўтиб кетганди. Браво катта босим остида қолди. Унинг қўпол хатолари, Стоунзнинг нафақат ҳимоядан туриб ҳужумни бошлашдаги хатолари, балки ҳимояланаётганда ҳам оддий позицион жойлашувдаги нўноқликлари оқибатида «Сити» нисбатан кучсиз (кучли) рақибларга қарши, ютиши шарт бўлган ўйинларда ҳам очко йўқотишига тўғри келди. «Челси», «Мидлсбро», «Эвертон» ва «Тоттенҳэм»га қарши ўз уйида кечган ўйинларни эслаш кифоя. Шу учта учрашувнинг ўзида жамоа аниқ қўлга киритиши лозим бўлган 9 очкони бой берди. Бундай учрашувлар мавсум давомида кўп кузатилди.

Бу мавсумга келиб эса айнан мана шу муаммо бартараф этилганини кўрмоқдамиз. Жамоага қўшилган янги дарвозабон Эдерсон ҳам оёқда, ҳам дарвозабон сифатида яхши ўйнай олишини исботлаб бўлди. Жамоанинг узоқ йиллик етакчиси Венсан Компани ниҳоят жароҳатлардан фориғ бўлиб (ҳозирги жароҳатни Компани учун жароҳат деб бўлмайди), барқарор ўйнай бошлади. Энг асосийси эса ўтган йилги мавсум антиқаҳрамони Жон Стоунз янги мавсумда бутунлай ўзгарганини кўрсатиб турибди. Футболчининг позиция танлашда, ҳужум бошлашда ҳам яхшигина ўсишга эришганини кўришимиз мумкин. «Сити»нинг энг муаммоли жиҳатларидан бири стандарт вазиятларда ҳам унинг ёрдами тегишни бошлаган. Стоунз нафақат яхши ҳимоячи салкам тўпурар етакчига ҳам айланиб бормоқда.

Орқа чизиқнинг ўсишга эришганига биргина оддий мисол: шу кунгача дуч келинган энг жиддий рақиб — «Ливерпуль»га қарши учрашувда Компанисиз марказий ҳимоя биргина позицион хатога йўл қўйди. Салоҳ дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борганида Отаменди сунъий офсайдни юзага келтира олмаганди, аммо бу вазиятда энди Эдерсон ёрдамга келди. Ўтган йили бундай хатолар шу қадар кўп эдики, уларни камайтириш уёқда турсин, ўрнини ёпиш учун «страховка» ҳам йўқ эди.

ИККИНЧИДАН. Гвардиола орзусидаги фулбэк. Англияга ўз ўйин услубини олиб киришда катта муаммога дуч келган Пеп, шундай вазиятда ҳам ўз фикридан воз кечмади. Янги мавсум олдидан АПЛнинг энг қария қанот ҳимоячилари билан қолган «Сити» бир «қоп пул» сарфлаб бўлсада, шу муаммони бартараф этишга асосий эътиборни қаратди. Мавсум бошиданоқ бу натижа беришни бошлади. Биринчи навбатда Пеп янги қанот фулбэклари орқали ҳужумдаги ранг-барангликни кескин оширди. Буни рақамлар ҳам айтиб турибди. «Сити» шу кунгача яратган хавфли вазиятларнинг 57 фоизи айнан қанот фулбэклари ёрдамида бошланган ёки давом эттирилган. Ҳозирга қадар айнан фулбэклар олтита расмий учрашувда 5та голли узатма амалга оширишга улгурган.

Бу ҳаммаси эмас. Иккала қанот фулбэклари вақти келганда ҳимояланишда ҳам ўтган йилги футболчилар билан солиштирганда икки баравар устунликка эга эканини кўришимиз мумкин. Биргина Кайл Уокернинг ўзи 3тадан сал кўпроқ ортиқ учрашувда иштирок этиб, 9та хавфли тус олиши аниқ бўлган ҳужумларни бартараф этишга улгурган. Янги фулбэклар бундан ташқари Гвардиоланинг янги тактикадан фойдаланиши учун ҳам вариантларни кўпайтиришга хизмат қилган. Буниси эса энди...

УЧИНЧИДАН. Агуэро-Жезус тандеми. Юқорида эслаб ўтганим фулбэкларнинг кўп функционаллиги Гвардиолага 3-5-2 тактик чизмасидан ўта самарали фойдаланиш имкониятини бермоқда. Гап бу ерда айнан фақатгина 3-5-2 чизмасидан ҳам эмас, гап айнан икки ҳужумчи билан ҳам жамоанинг натижага эриша олаётганида. Гвардиола Уокер ва Менди тимсолида камида икки нафар бўш ўрин яратмоқда ва бу ўриннинг бири қўшимча марказий ҳимоячи ва иккинчи ҳужумчи билан тўлдирилмоқда ва энг асосийси бу жуда яхши самара бермоқда. Январдан буён кўпчиликни қийнаб келган Агуэроми, Жезусми, деган савол бугун кун тартибидан олиб ташланган. Иккала футболчи биргаликда тўп суриб 6 учрашувда 11та гол киритишга улгурди. Асосан 3 марказий ҳимоячи билан ўйнаётган жамоа атиги 2та тўп ўтказиб юборди. Сўнгги учта учрашувдаги статистиканинг ўзи эса кўп нарсани айтиб турибди — 15:0.

ТЎРТИНЧИДАН. Кевин де Брюйне — «малла жавоҳир».

Ҳа бугун «Сити»да айнан шу исм-фамилияга жуда кўп нарса боғлиқ. У жамоа учун совринсиз ўтган мавсумда ҳам 24 голли вазият ярата олганди. Уларнинг 18таси голли узатма эканини ҳисобга олсак, «Сити» Де Брюйне тимсолида плеймейкерлар авлодининг янги бир эталонига эга бўлганини кўришимиз мумкин.

Агар «Сити» шу тариқа ўйнашда давом этса ва Де Брюйне ҳам жароҳатларни четлаб ўта олса, менимча, Англияда мавсумнинг энг яхши футболчиси айнан бельгиялик футболчи бўлади. Нега? Биринчидан, биз юқорида эслатганимиз Гвардиоланинг учта муаммосидан бири бу айнан жамоанинг вазиятлардан фойдаланиш бўйича кўрсаткичнинг пастлигида эди. Кевин ўтган мавсумда 24 голда қатнашган бўлса, у пас берган яна камида 24 вазиятда гол бўлиши керак бўлган ҳолатда бу амалга ошмай қолганди. Сўнгги вақтларда бу муаммо ҳам ижобий ҳал бўлаётганини ҳисобга олсак, Де Брюйненинг самарадорлиги ҳам ошиши табиий. Иккинчидан, сўнгги йилларда АПЛнинг энг яхшилари бўлаётган футболчиларга эътибор қаратадиган бўлсак, Эден Азар, Риёз Маҳрез (асосан) дриблинг, Нголо Канте эса кўпроқ тўп олиб қўйишлари билан бу номга муносиб кўрилган бўлса, Кевин Гвардиола қўл остида кўп функционалли футболчи сифатида кўриниш бермоқда ва бу ишни ҳам ҳозирча яхши уддаламоқда. Пепга орқароқда тўпни назорат қилиш керакми, Кевин ортга қайтади. Пепга қанотлардан босимни ошириш керакми КДБ қанотга ўтади. Рақибга ўз майдонида босим уюштириб прессинг қилиш керакми, марҳамат — Кевин учинчи  марказий ҳужумчи сифатида рақибни сиқувга олиши мумкин. Яъни, Кевин ўта универсал футболчи сифатида АПЛда йил футболчиси бўлишга асосий даъвогардир.

«Де Брюйне – фаолиятим давомида кўрган энг яхши футболчилардан бири. Бу барча хусусиятларни ҳисобга олиб айтилганида ҳам шундай. Кевин – энг юқори савияли футболчилар сирасига киради. У тезкор ва ақлли қарорлари билан ҳайратлантира олади. Кевин айнан бизнинг жамоада тўп сураётганидан фахрланамиз ва бундан жуда ҳам хурсандмиз», деганди Гвардиола. Шунинг ўзи ҳам кўп нарсадан далолат беради...

Мавзуга оид