Спорт | 16:00 / 25.10.2017
22667
12 дақиқада ўқилади

Фергюсоннинг энг катта хатоси: голландиялик қоя

Яп Стам ўйнаган илк клуб маҳаллий «ДОС Кампен» бўлган эди. 1992 йилда эса, унинг профессионал дебюти амалга ошди – «Зволле» таркибида «Ҳераклес»га қарши ўйинда майдонга тушди. Кейин икки йил «Камбюр», бир мавсум «Виллем» таркибида тўп сурди. 1996 йилнинг апрелида у терма жамоа сафида илк ўйинни ўтказди ва ҳатто Евро-96 заявкасига киритилди.

«Виллем» таркибидаги охирги ўйинларидан бирида Стам жамоадошлари билан кимсан «Аякс» устидан ғалаба қозонганди, ўша ўйиндаги новча, бақувват марказий ҳимоячининг ўйини Нидерландиянинг бошқа бир катта клуби ПСВ «Эйндховен»нинг эътиборини жалб қилади. Стам тезда ПСВда муҳим ўйинчиларидан бирига айланди – икки йилда мамлакат кубоги ва чемпионлиги, икки суперкубок. 76 ўйинда 12 гол муаллифи бўлган Яп 1997 йилда Нидерландиянинг энг яхши ўйинчиси деб топилди.

«Мен Стам қандай қилиб жамоа етакчиси бўлиб қолганини сезмай ҳам қолдим. У жисмонан жуда бақувват, ўйинни жуда яхши ҳис қиларди ва мураббий кўрсатмасини қойилмақом уддаларди. Мана шу хислатлари унга аввалроқ фаолиятини бошлаган жамоадошларига етиб олишда ёрдам берди», – дейди ўша даврларда ПСВнинг етакчи ўйинчиларидан бири Филип Коку.

ЖЧ-98да Яп Стам Нидерландия терма жамоасининг асосий ўйинчиларидан бири бўлди ва табиийки, Европа грандлари унга эътибор қарата бошлади.

«МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД»

«Агентим уйимга келди ва шаҳарда қурилаётган улкан савдо марказининг қийматича пулни «Манчестер Юнайтед» мен учун тўламоқчи бўлаётганини айтди. Ишонмадим, рости, дунёдаги ҳеч қайси футболчи бу қадар қиммат бўлиши мумкин эмас деб ўйлардим», – дея эслайди Яп Стам.

1998 йилнинг ёзида узоқ йиллар «МЮ» марказий ҳимоясининг қўрғони бўлган Гари Паллистерни сотган Алекс Фергюсон ўринбосарга эҳтиёж сезаётганди. Шунинг учун, жаҳон чемпионати тугаши билан Францияда ўзини кўрсатган нидерландиялик марказий ҳимоячи ҳақидаги барча маълумотлар мураббийнинг столи устида турганди. «Юнайтед» Стам учун ўша давр учун ақл бовар қилмас суммани – 16 миллион еврони тўлади ва қаҳрамонимиз энг қимматбаҳо голландиялик футболчи сифатида тарихга кирди.  

Ўша мавсум «Манчестер Юнайтед» учун қандай якунланганини биламиз – Англия кубоги финалида «Тоттенҳэм» устидан ишончли ғалаба, АПЛ чемпионлиги ва Барселонадаги унутилмас оқшом. Бундай ёрқин дебютдан кейин, ҳаммаси аниқ, Яп Стам кейинги йилларда Европанинг энг яхши жамоасида энг муҳим ҳимоячи бўлиши керак. 

1999/2000 йилги мавсумда Стамга шерик сифатида франциялик Микаел Силвестр сотиб олинди. Фергюсон ҳимоя марказини Стам, Силвестр ва Фил Невилл ўртасида ротация қила бошлади. Бу қарор ҳимоя марказида ўзига яраша боғламларга сабаб бўлиши керак эди, аммо ундай бўлиб чиқмади. Силвестр жуда кўп ўйинларда позицион хатоларга йўл қўяр, шунингдек, бақувват британиялик ҳужумчиларга яккакурашларда бой берарди. Фил Невилл ҳам ҳеч қачон топ ҳимоячи бўлмаган, унинг жисмоний кўрсаткичлари ҳам бу позиция кичик Невилл учун бегона эканини кўрсатиб турарди. Натижада, жамоа бир йилда барча мусобақаларда 66та гол ўтказиб юборди. Тўғри, «МЮ» ўша мавсумда яқин таъқибчиси «Арсенал»ни 18 очкога ортда қолдириб, чемпион бўлди, лекин бошқа барча фронтларда муваффақиятсиз қатнашди.

ЎЙИН УСЛУБИ

Стам классик стопперлар тоифасига кирарди. Баланд бўй (1.91 см) стандарт вазиятларда уни енгилмас рақибга айлантирарди. Тактик томондан ўйинни уқий олиш қобилияти ёрдамида тўпни эгаллаб олиш борасида беназир бўлган. Характер жиҳатидан уни Рой Кин, Денис Ирвин, Ники Батт ва Петер Шмайхелнинг ёнига, яъни «ёмон йигитлар» қаторига киритиш мумкин.

Яп Стамнинг профессионаллиги ва жасорати ҳақида ҳам алоҳида таъкидлаш мумкин. Айниқса, Евро-2000даги бир воқеа ҳамманинг эсида бўлса керак. Яп тўп учун курашда чехиялик гигант Ян Коллер билан тўқнашади ва қоши ёрилиб кетади. Врачлар Стамнинг қошини майдон четида, камеринг кўз ўнгида тикишган, футболчининг юзида бирор оғриқ аломатини сезиш жуда қийин эди.

ЖАРОҲАТ

Икки ажойиб мавсумдан сўнг, учинчиси жуда ёмон бошланди – сентябрь ойида Стам оғир жароҳат олди ва мавсум охиригача майдонга тушмасликка тўғри келди. Айнан ўша танаффус туфайли Яп Стамга «Манчестер Юнайтед»даги ички муҳит ҳақида китоб ёзиш ғояси келганди. Баҳорда босиб чиқарилган «Юзма-юз» китоби балки футболчининг Манчестердаги фаолиятининг тугашида муҳим аҳамият касб этган.  

Китобнинг бир неча бўлимини кузатган ҳар қандай ўқувчи муаллифнинг бу соҳадан анча узоқ бўлганини пайқайди – асар «Индзаги - симулянт», «Виейра – аблаҳ» каби нохолис баҳолар билан тўлиб кетган. У ҳатто ака-ука Невилларни ҳам аяб ўтирмаган, гўёки уларни ошиқ-маъшуққа чиқариб юборганди. Китобда Стамнинг клубда бирорта ҳам дўсти йўқлиги ҳақида ҳам сўз боради, энг даҳшатлиси Алекс Фергюсон Стам билан ПСВдан хабарсиз музокаралар олиб боргани ҳақида ёзилган. Қоидага зид бўлган бу ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлар дарров суриштирувни бошлашган ва бу Алекс Фергюсонга етарли даражада бош оғриғи олиб келганди. 

СУҲБАТ

Кўпчилик учун кутилмаганда, Фергюсон ушбу китоб ҳақида ҳеч қандай фикр билдирмади ва Стам билан ҳам бу ҳақида гаплашмади. Аммо барибир мураббий ва футболчи ўртасидаги девор айнан ўша китобнинг оммага тақдим этилиши билан боғлиқ. Кулминация эса, 2001/02 мавсум стартида «Фулҳэм»га қарши ўйиндан кейин содир бўлди. Ўшанда Яп Стам жуда ишончсиз ҳаракат қилганди.

Улар жуда баланд овозда тортишдилар. Фергюсон футболчига ёмон ўйнаганини айтди, Стам эса, бутун жамоа қониқарсиз бўлгани билан жавоб қайтариб, ўзини ҳимоя қилди. Узоқ тортишувдан кейин Стам уйига кетди, Фергюсоннинг муҳим гапи «оғзида қолди».

«Уйга қайтишда менга Сэр Алекснинг котибаси телефон қилди ва мураббий мен билан гаплашмоқчи эканини айтди. «Қаердасан?» деб сўради Ферги. Мен ёқилғи қуйиш шохобчасида эканимни айтдим. «Ўша ерда кут» деди Ферги. Шохобча олдида у машинасини қўйиб, менинг машинамга, олдимга келиб ўтирди. «Сени «Лацио»га ўтиш варианти қониқтирадими?», – деб сўради у мендан. Мен рози бўлдим. Дарров. Қисқагина суҳбат катта клубни тарк этишимга кифоя бўлди. Ўша пайтда балки бу ҳақида ўйлаб кўрмагандирман, лекин ҳозир эсласам, менимча, рози бўлмаслигим керак эди», – деб ҳикоя қилади Яп.

КЕТИШ

Бир неча кун ўтиб, Стам расман «Лацио» футболчиси сифатида таништирилди. «Бланни сотиб олишим мумкинлигини билганимдан сўнг, Стамни сотиш шарт эди», – деб ўша вазиятга баҳо берди Фергюсон. Журналистнинг Стам ҳақидаги саволига мураббий, аслида трансфернинг ғирт спорт принципларидан келиб чиқилганини, китоб ва бошқа масалаларнинг таъсири буткул йўқлигини айтди. Фергюсоннинг ўйлашича, Стамнинг энг зўр даврлари ортда қолганди, Невиллар ёки Браун каби футболчиларнинг ривожланиши учун эса, майдон ташқарисида ҳам «ўзники» бўла оладиган футболчи керак бўларди.  

«Мен кетишга мажбур бўлдим» – дейди Стам, - «мен қолишим мумкин эди: шартнома муддати тугамаган. Аммо барибир мени ўйнатишмасди. Майли, бундан фалокат ясаш шарт эмас, клуб ўз қарорини берди. Мен бу қарорни тўғри деб билмайман, лекин тушунаман».

Аслида ҳозир ҳам тушуниш қийин, «Юнайтед»дек клуб, ўша даврнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири сифатида эътироф этилган 29 ёшли ҳимоячини осонгина қўйиб юборганди. «Олд Траффорд»даги барча мавсумларида чемпион бўлган, Чемпион Лигаси ғолиби бўлган ҳимоячини.

Яп Стамнинг кейинги тақдири унчалик ёрқин кечмаган бўлса-да, вақт ўтиб, Фергюсон ўшанда хатога йўл қўйганини тан олганди. «Стамнинг сотилиши менинг «Манчестер Юнайтед»даги бутун давримда йўл қўйилган энг катта хатодир» – деб ёзади мураббий автобиографик китобида.

Ким билади, бу воқеа содир бўлмаганда, Япнинг Манчестердаги тақдири, умуман «МЮ»нинг тақдири бошқача бўлиши мумкин эди, зеро айнан Стамнинг кетишидан сўнг, 2003-2006 йилларда клуб оғир йилларни бошдан кечирди, айниқса ҳимоя марказида то Видич- Фердинанд жуфтлиги пайдо бўлгунча муаммолар гирдобида қолди. 

Стам эса аввал «Лацио»да тўп сурди. У 2001-2004 йилларда Рим жамоасида қолди.

Кейинги 2 мавсумни Италиянинг бошқа бир гранди «Милан» сафида ўтказди.

Унинг футболчилик фаолиятидаги охирги жамоа «Аякс» бўлди. У футболчилик фаолиятини якунлагач ҳам Амстердамда ёрдамчи мураббий бўлиб ишлашда давом этди (2007-2011). Стам 2011-13 йилларда «Зволле»да мураббийга ёрдамчилик қилди. 2013 йилдан 2016 йилгача яна «Аякс» мураббийи бўлди.

Ҳозир Стам «Рединг» бош мураббийи ҳисобланади. Шу билан бирга, доим, Стам Фергюсон ҳақида илиқ гаплар айтади, унинг фаолиятида «Юнайтед»га бўлган трансфер, ўйинчи сифатида ўзига бўлган ишонч ҳам мураббийнинг хизмати эканини айтишдан чарчамайди.

«Унинг қўл остида тўп суриш фаолиятимдаги энг катта воқеа эди ва мен бундан фахрланаман. Фақат кетишим билан боғлиқ ҳолатларни эмас, мана шу фикрларимни ҳам билишларини истайман», – дейди нидерландиялик собиқ футболчи.

Мураббий ва футболчи бугунги кунда ўзаро низони унутишган ва тез-тез бир-бирлари ҳақида яхши гаплар айтиб туришади. Ҳатто фаолиятини якунлагач, Фергюсон Стамни «Манчестер Юнайтед»нинг фахрий элчиси бўлишга таклиф қилди, уни Жанубий Америка бўйича скаут қилиб тайинлади.

Яп Стам аслида «МЮ» либосида бир неча юзлаб ўйинларда майдонга тушмаган бўлса-да, жамоа мухлислари ёдида ишончли, буюк ва афсонавий футболчи сифатида қолаверади.

ManUnitedOne материали асосида

Мавзуга оид